Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги қўлланилган ёндашув, усуллар илмий-методик асосланганлиги, назарий маълумотларнинг расмий манбалардан олинганлиги, келтирилган таҳлиллар, тажриба-синов ишлари самарадорлиги математик-статистик методлар воситасида аниқланганлиги, хулоса, таклиф ва тавсияларнинг амалиётга жорий этилганлиги ҳамда ваколатли ташкилотлар томонидан тасдиқланганлиги билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқотнинг илмий аҳамияти “янги авлод дарсликлари”, “узвийлаштирилган дарслик”, “шахсга йўналтирилган дарслик”, “технологик дарслик”, “таълимий бенчмаркинг”, “бенчмаркинг воситасида янги авлод дарсликларини яратиш” тушунчаларининг мазмун-моҳиятининг муаллифлик ёндашуви асосида очиб берилганлиги, янги авлод дарсликларини яратишнинг назарий асосларини аниқлаштирилганлиги, дидактик функцияларининг тизимлаштирилганлиги, замонавий дарсликларни яратишда узвийлик ва узлуксизлик тамойилларининг амал қилиш механизмларининг такомиллаштирилганлиги билан изоҳланади.
Тадқиқотнинг амалий аҳамияти янги авлод дарсликларини яратишга қўйиладиган талабларнинг такомиллаштирилганлиги, бенчмаркинг воситасида тарих фанидан янги авлод дарсликларини яратишнинг методик шарт-шароитларининг ишлаб чиқилганлиги, дарсликлар сифатини баҳолаш методикасининг такомиллаштирилганлиги билан белгиланади. Тадқиқот натижаларидан умумтаълим фанларидан янги авлод дарсликларини яратишнинг эргономик талабларини аниқлаш, ўқув-услубий мажмуаларни ишлаб чиқишнинг меъёрий асосларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Умумтаълим фанларидан бенчмаркинг воситасида янги авлод дарсликларини яратиш технологиясини такомиллаштиришга доир тадқиқот натижалари асосида:
янги авлод дарсликларининг асосий матнга доир (назарий-когнитив, амалий-воситали), матндан ташқари (ўзлаштиришнинг қулайлиги, иллюстратив ва кўрсатмали материаллар) таркибий асосларини эмпирик баҳолаш орқали информацион, мотивацион ва фаолиятли компонентларнинг интегратив функцияларини аниқлаштиришга доир таклифлардан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 187-сон Қарори 5-иловаси билан тасдиқланган “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари учун умумтаълим фанларидан ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқишга қўйиладиган умумий талаблар”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 24 октябрдаги 06-02/1-3042-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар асосида умумтаълим фанларидан дарсликлар яратишнинг эргономик талабларини такомиллаштиришга эришилган;
таълимий бенчмаркингнинг стратегик, операцион, жараёнли, ички ва ташқи турлари, амалий иш тажрибасини эксперт баҳолаш, сифат кўрсаткичларига устуворлик бериш орқали бенчмаркинг-лойиҳа асосида янги авлод дарсликларини яратиш босқичларини такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2018 йил 3 январда ўтказилган йиғилиш баёнининг 1-, 6-, 11-бандларида кўрсатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш жараёнига татбиқ этилган. (Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 24 октябрдаги 06-02/1-3042-сон маълумотномаси). Натижада умумтаълим фанларидан яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалардаги камчиликларни бартараф этиш, дарсликнинг мотивацион ва ривожлантирувчи функцияларини такомиллаштиришга эришилган;
махсус ўқув қўлланмалар (“activity books”) яратиш амалиётини жорий этиш, етакчи модулларни (Study Unit) белгилаш, идентив мақсадни аниқлаш, хронологик жадваллар (timelines) тузиш, воқеликни “панорама” кўринишида тақдим этиш, аналитик ва изланишга доир топшириқларни “кундалик ҳаёт тарихи” тамойили бўйича тизимли структуралаш асосида тарих фанидан янги авлод дарсликларига қўйиладиган дидактик ва методик талабларни такомиллаштиришга доир амалий тавсиялардан А1-ҚХ-1-95207 рақамли “Замонавий дарсликларда концентризм тамойили асосида тақдим этиладиган ўқув материалларини танлаш ва лойиҳалаш” (2012-2014 йй.) амалий лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 24 октябрдаги 06-02/1-3042-сон маълумотномаси). Натижада янги авлод дарсликларида компетенцивий ёндашув асосида ўқув материалларини тизимлаштириш самарадорлигини оширишга эришилган;
янги авлод дарсликларини яратиш технологиясининг методик компонентини такомиллаштириш, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни яратишда рақобат муҳитини яратиш, шунингдек унинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни замон талабларига мос равишда яратишга доир таклифлардан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги “Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги 146-сон Қарори билан тасдиқланган техник талабларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 24 октябрдаги 06-02/1-3042-сон маълумотномаси). Натижада янги авлод дарсликларини яратиш бўйича янги талаблар ишлаб чиқилиб, дарсликлар сифатини ошириш, ўқувчиларнинг ўқиш ва тушуниш даражасини қулайлаштиришга эришилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |