Ижтимоий психологиянинг фан сифатида шаклланиши Реча: 1.Ижтимоий психологиянинг фан сифатида ривожланиш тарихи 2. Ижтимоий психологиянинг Русия ва собиқ иттифоқда ривожланиши 3. Ўзбекистонда ижтимоий психологик тадқиқотларнинг ўрни ва истиқболлари 4.Ижтимоий психологиянинг методологик муаммолари ва тадқиқот усуллари Ижтимоий психологиянинг фан сифатида ривожланиш тарихига назар ташлар эканмиз, унинг жамиятнинг тарихий ривожланиши билан боғлиқ ҳолда ривожланганлигининг, илмий жиҳатдан эса, фалсафий қарашлар таъсирида бўлиб, соф ижтимоий психологик назарияларнинг жуда оз сонли бўлганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. XX аср шу билан характерли эдики, у турли фанлар олдига конкрет топшириқлар қўя бошлади. Шунинг учун психология фани олдида тадқиқотлар асосида психологик қонуниятларни асослаш вазифаси турар эди. Иккинчидан эса, Америкада кўпгина психологлар ўз тадқиқот объектларини лабораторияларда айрим психик жараёнларни ўрганишдан кичик гуруҳларга кўчира бошладилар. Бу даврда психологияда шаклланиб бўлган уч асосий оқим (психоанализ, бихевиоризм ва гештальт психология) ичида ҳам ижтимоий хулқ-атворни кичик гуруҳлар доирасида ўрганиш тенденцияси пайдо бўлди. Бунда асосий диққат кичик гуруҳларга ва уларда турлича экспериментлар ўтказишга қаратилган эди. Бундай ҳолатнинг пайдо бўлганлиги ижтимоий психологиянинг фан сифатида шаклланишида ниҳоятда катта роль ўйнади. Гештальд психология йўналиши негизида махсус ижтимоий психологик йўналишларнинг — интеракционизм ва когнитивизмнинг пайдо бўлганлиги эса бу фаннинг экспериментал эканлигини яна бир бор исбот қилди. Бихевиоризм йўналишлари доирасида ўтказилган ижтимоий психологик тадқиқотлар аввало америкалик олимлар К.Халл ва В.Скиннерлар номи билан боғлиқ. Улар ва уларнинг издошлари ҳисобланган К.Миллер, Д.Доллард, Дж.Тибо, Г.Келли ва бошқалар диада — икки киши ўртасидаги муносабатларнинг хилма-хил экспериментал кўринишларини тадқиқ қилиб, уларда математик ўйин назарияси элементларини кузатдилар. Диада шароитида тажрибада ўтказилган тадқиқотларда асосан мустаҳкамлаш ғоясини исбот қилишга уринилди. Классик бихевиоризмдан фарқли ўлароқ ижтимоий психологик бихевиористлар ҳайвонлар ўрнига лабораторияга нақд пулга одамларни таклиф эта бошладилар, шунинг учун ҳам уларнинг ғоясида биологизм ва механизм тарзда илгариги ҳайвонларда тўпланган далиллар моделини инсонларда қўллаш ҳоллари кузатилди. Психоанализ доирасида эса ижтимоий психологик тадқиқотлар Э. Фромм ва Дж. Салливен ишлари билан боғлиқ бихевиористлардан фарқли ўлароқ бу ерда экспериментлар икки киши эмас, балки кўпчилик иштирокида ўтказила бошлади. Уларнинг издошлари (В.Байон, В.Беннис, Г.Шепарде, В.Шутк) ўтказган тадқиқотлар туфайли ҳозирги кунда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилаётган кичик Т—гуруҳлар психологияси яратилди. Унда гуруҳ шароитида бир одамнинг бошқаларга таъсири, гуруҳнинг айрим индивидлар фикрларига таъсири каби масалалар ишлаб чиқилди ва ижтимоий психологик тренинглар ўтказишга асос солинди. Когнитивизм К.Левин назарияси асосида пайдо бўлган психологик йўналиш бўлиб, ундаги ўрганиш обьекти муносабатлар тизимидаги кишилар, уларнинг билиш жараёнлари, онг тизимига тааллуқли бўлган когнетив ҳолатлар бўлди. Когнитизм доирасида шундай мукаммал, бошқаларга ўхшамас назариялар яратилдики, улар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Масалан, Ф.Хайдернинг баланслаштирилган тизимлар назарияси, Т.Ньюкомнинг коммуникатив актлар назарияси, Фестингернинг когнитив диссонанслар назарияси ва бошқалар шулар жумласига киради. Улардаги асосий ғоя шундан иборатки, шахс ўзига ўхшаш шахслар билан мулоқотга киришар экан, доимо муносабатларда руҳий мутаносиблик тенглик бўлишига, шу туфайли зиддиятлардан чиқишга ҳаракат қилади. Навбатдаги назария интеракционизм бўлиб, бу аслида социологик назария бўлиб ҳисобланади. Унинг асосчиси Гербарт Мид бўлиб, унинг қарашлари таъсирида Т.Сарбиннинг роллар назарияси, Г.Хаймен ва Р.Мертонларнинг референт гуруҳлар назарияси, Ф.Гофманнинг ижтимоий драматургия назариялари шаклланди. Улар турли ижтимоий шароитлардаги хулқ-атворларни тушунтириш орқали шахс ижтимоий психологик сифатларининг сабабларини топишга ҳаракат қилдилар. Ижтимоий психологиянинг Русия ва собиқ иттифоқда ривожланиши Ижтимоий психологиясининг асосчиси деб ҳақли равишда В.М.Бехтеревни кўрсатиш мумкин. У ўзининг рефлексология назарияси доирасидан шахс хулқ-атворининг мотивларини тушунтиришга уринганлардан биридир. Унинг фикрича, барча онгли ва онгсиз жараёнлар ташқи хулқ-атворда, ҳаракатларда ифодаланади, шунинг учун ҳам ташқи ҳаракатларни, қилиқларни, нутқни, товушни ўрганиш орқали шахснинг ўзини ва бу ҳаракатларнинг сабабларини ўрганиш мумкин. Бехтерев асосан социологияни биология билан, психологияни эса физиология билан аралаштириб юборди, шунинг учун шахс ва жамият тараққиётининг универсал қонунларини аниқлашда чалкашликка йўлиқди. Ўзбекистонда ижтимоий психологик тадқиқотларнинг ўрни ва истиқболлари Ижтимоий психологиянинг фан сифатида юртимизда ривожланиш тарихига эътибор берадиган бўлсак шуни таъкидлаш лозимки, у охирги ўн йилликлар мобайнида шаклланмоқда, холос. Айниқса бу борада психолог олимлар М.Г.Давлетшин, В.М.Каримова, Ғ.Б.Шоумаров, Э.Ғозиев, Н.А.Соғинов, Б.М.Умаров кабиларнинг бир қатор илмий-тадқиқот ишлари ва илмий мақолаларини келтириш мумкин. Ижтимоий психологиянинг методологик муаммолари ва тадқиқот усуллари Ижтимоий психология тўғрисида гапириладиган бўлса, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аввало жамиятнинг бу фан олдига қўяётган талаблари ўзига хос бўлиб, бу талаблар жавоб бериш учун унинг текшириш услублари у даражада мукаммал эмаслигидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |