Aim.uz
Ижтимоий-психологик тестлар
Тестлар психологиядан кириб келган усулдир, бу қиска синов усули бўлиб, улар ёрдамида у ёки бу ижтимоий психологик ҳодиса қиска муддат ичида бир техник усул — тестда текширилади. Тестларни қўллашнинг қулайлик томони— бир тест ёрдамида бир объектнинг у ёки бу хусусиятини бир неча марта, такрор-такрор синаб кўриш мумкин. Лекин уларни универсал деб бўлмайди, чунки у ёки бу тестни фақат қандай турдаги объектда синалган бўлса, шунга ўхшаш объектлардагина қўллаш мумкин, қолаверса, бунда олинган маълумотлар нисбий характерга эга бўлади. Лекин шундай бўлишига қарамай, тестлар, айниқса ҳозирги кунларда ҳаётимизга кенг кириб келди. Шахс хусусиятларини текширувчи тестлардан ташқари, шахснинг мулоқот системасидаги ўрнини, ундаги мулоқот малакаларининг бор-йўқлигини синовчи, шахс ақлий сифатларини текширувчи тестлар кенг қўлланилмоқда. Лекин шуни эсдан чиқармаслик керакки, тестни тузиш, уни объектларда синовдан ўтказиш, хаттоки, тайёр тестни мослаштириш юксак билимларни, малакани, олимлик одобини талаб қиладиган ишдир.
Тестлар хусусида яна шуни айтиш мумкинки, ҳар бир тестнинг ўз ''калити" бўлади ва бу калитнинг эгасида махсус лицензиялар, яъни келишувга кўра ишончли шахсларгагина сотиш, бериш ҳуқуқи бўлади. ''Калитсиз" эса махсус тестларни ҳеч ким ишлата олмайди.
Тест - сўров олдиндан қатъий тарзда қабул қилинган саволларга бериладиган жавобларни тақозо этади. Масалан, Айзенкнинг 57 та саволдан иборат тести шахсдаги интроверсия - экстроверсияни ўлчайди, саволларга «ҳа» ёки «йўқ» тарзида жавоб бериш сўралади.
Тест - топшириқ одам хулқи ва ҳолатини амалга оширган ишлари асосида баҳолашни назарда тутади. Масалан, шахс тафаккуридаги ижодийлиликни аниқлаш учун кўпинча бир қарашда оддийгина топшириқ берилади: берилган 20 та доира шаклидаги шакллардан ўзи хохлаганча расмлар чизиш имконияти берилади. Маълум вақт ва тезликда бажарилиш суръати, расмларнинг ўзига хос ва бетакрорлигига қараб шахс фикрлаши жараёнининг нақадар ностандарт, ижодий ва креактивлигига баҳо берилиб, миқдорий кўрсатгич аниқланади. Бу методларнинг умумий афзаллиги уларни турли ёш, жинс ва касб эгаларига нисбатан қўллашнинг қулайлиги, бир гуруҳда натижа бермаса, бошқа гуруҳда яна қайта текширув ўтказиш имкониятининг борлиги бўлса, камчилиги - баъзан текширилувчи агар тестнинг моҳиятини ёки калитини билиб қолса, сунъий тарзда унинг кечишига таъсир кўрсатиши, фактларни сохталаштириши мумкинлигидир.
Проектив тестлар. Бу усуллар тест усулларининг бир кўриниши бўлиб, унда текширилувчига аниқ тизим ёки кўринишга эга бўлмаган, ноаниқ нарсалар тавсия этилади ва уларни шархлаш топшириғи берилади. Яъни, текширилувчига турлича талқин қилиш мумкин бўлган расмлар, тугатилмаган ҳикоялар, бирор аниқ кўринишга эга бўлмаган буюмлар, ёғочлар берилиши мумкин, уларга қараб текширилувчи ўзининг ҳиссий дунёси, қизиқишлари, дунёқараши нуқтаи назаридан баҳо бериши мумкин.
Проектив усулларга машҳур "Роршахнинг сиёҳ доғлари" тестини киритиш мумкин (1921 й.). Бу доғлар икки томонлама симметрик шаклда берилган 10 хил доғлардан иборат бўлиб, ҳар бир доғ ҳар хил буёқли фонда кўрсатилади. Текширилувчидан ҳар бир "доғ" нинг нимани эслатаётганлигини айтиш сўралади. Унинг фикридан ва сўзларидан, ассоциацияларга қараб (уларни контент-анализ қилиб) шахс хусусиятлари ҳақида хулоса қилинади.
Яна бир проектив усул—бу С. Розенцвейгнинг расмли ассоциациялар усулидир. Бунда ҳаётда тез-тез учраб турадиган зиддиятли вазиятларни акс эттирган расмлар текширилувчига тавсия қилинади. Бу расмларда бир томонда турган персонажлар нималарнидир гапираётган ҳолда гавдалантирилади, унга қарши томондаги шахс эса ҳали жавоб қайтариб улгурмаган, текширувчи текширилувчидан тез, қиска муддат ичида бўш катакларга берилиши мумкин бўлган жавобни ёзишни сўрайди. Берилган жавобларга қараб шахснинг йўналишн, унинг зиддиятларга муносабати, агрессия-жаҳолат ҳиссининг хусусиятлари, бу ҳиснинг кимларга қаратилганлиги ва шунга ўхшаш муҳим фактлар тўпланади.
Aim.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |