1-жадвал. Мулкчилик муносабатлари ва ҳуқуқий ваколатларнинг тақсимланиши.
Бунда мулкчилик муносабатларидан келиб чиқувчи ҳуқуқий ваколатларни муайян ер майдонига мулкчилик шароитидаги 4 та ҳолат орқали кўриб чиқамиз.
Биринчи ҳолат. Ернинг мулкий эгаси заминдор бўлиб, ерда унинг ўзи меҳнат қилади ва табиийки, ишлаб чиқариш натижасини ҳам ўзи ўзлаштиради.
Иккинчи ҳолат. Заминдорнинг ерда ишлаш учун вақти етарли бўлмаганидан ёлланма ишчи меҳнатини қўллай бошлади. Натижада ердан фойдаланиш, яъни унинг истеъмол хусусиятларидан бевосита фойдаланиш ҳуқуқи ишчига ўтди. Бунда заминдор ишчининг меҳнати учун маълум иш ҳақи тўлайди, бироқ, ишлаб чиқариш натижасини ўзлаштиришни ўз ихтиёрида сақлаб қолади.
Учинчи ҳолат. Заминдор ернинг ҳолатини ва ёлланма ишчи устидан назорат учун ҳам вақт топа олмай, ерни узоқ муддатга ижарачига топширди. Ижарачи ерга эгалик қилувчи ва, унда шахсан ўзи ишлагани учун, ернинг фойдаланувчисига айланди. Ишлаб чиқариш натижасини заминдор (ижара ҳақи кўринишида) ва ижарачи биргаликда ўзлаштиради.
Тўртинчи ҳолат. Энди ижарачининг ўзи ҳам ерда меҳнат қилмай, ёлланма ишчидан фойдалана бошлади. Натижада ер бўйича мулкий ҳуқуқларнинг янада табақаланиши рўй берди: ердан фойдаланувчи – ишчи, унинг эгаси – ижарачи (ижара шартномаси муддати давомида), тасарруф этувчиси – заминдор. Ишлаб чиқариш натижаси ижарачи ва заминдор ўртасида тақсимланиб, ишчи учун иш ҳақи тўланади.
Мулкчилик муносабатлари унинг объектлари ва субъектлари бўлишини шарт қилиб қўяди. Мулкка айланган барча бойлик турлари мулкчилик объектларидир. Мулк объекти бўлиб, инсон яратган моддий ва маънавий бойликлар, табиий бойликлар, ақлий меҳнат маҳсули, инсоннинг меҳнат қилиши қобилияти - ишчи кучи ва бошқалар ҳисобланади. Мулк объектида асосий бўғин - бу ишлаб чиқариш воситаларига эгалик қилиш ҳисобланади. Ишлаб чиқариш воситалари кимники бўлса, ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳам унга тегишли бўлади.
Реал ҳаётда ишлаб чиқариш воситаларининг умумлашиш даражаси турли хил, яъни ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш воситалари билан қўшилиши турли даражада ва турли шаклларда амалга оширилади. Шунга мос равишда мулк субъектлари вужудга келади. Мулк субъекти жамиятда маълум ижтимоий-иқтисодий мавқеига эга бўлган, мулк объектини ўзлаштиришда қатнашувчилар, мулкий муносабатлар иштирокчилари бўлиб, улар жамоа, синф, табақа ёки бошқа ижтимоий гуруҳларга бирлашган бўлади. Айрим кишилар, оилалар ва давлат ҳам мулкчилик субъекти бўлиб чиқади.
Мулк объектлари ва субъектлари ёрдамида мулкчилик муносабатлари ва ҳуқуқларини янада яққолроқ тушуниш мумкин. Мулкчилик муносабатлари – бу мулк объектини ўзлаштириш бўйича мулк субъектлари ўртасидаги иқтисодий муносабатдир. Бу қоидани қуйидаги тасвир орқали ифодалаш мумкин:
СУБЪЕКТ
СУБЪЕКТ
Do'stlaringiz bilan baham: |