Иккинчидан, мулкчилик ҳуқуқлари назарияси асосчилари мулкчилик муносабатларини ресурсларнинг чекланганлиги, нисбатан камёблиги муаммосидан келтириб чиқарадилар: «Қандайдир камёблик, чекланганлик шарт-шароитисиз мулкчилик тўғрисида сўз юритиш маънога эга эмас».2
Тўғри, бундай ёндошув юқорида номлари тилга олинган иқтисодчиларнинг кашфиётлари ҳисобланмайди; бу ёндошув дастлаб 1871 йилда австриялик иқтисодчи К.Менгер томонидан «Сиёсий иқтисоднинг қарор топиши» китобида асослаб берилган эди. Мулкчилик, деб ёзган эди К.Менгер, эҳтиёжларга нисбатан миқдори кам бўлган неъматларнинг мавжудлиги шароитида вужудга келади. Шунинг учун мулкчилик муносабатлари «эҳтиёжлар ҳамда уларни қондириш имконияти доирасидаги неъматлар миқдори ўртасидаги номувофиқлик»3 муаммосини ҳал эта оладиган ягона муносабат ҳисобланади.
Бундай номувофиқлик шунга олиб келадики, мулкчилик муносабатларининг марказий ҳолати бўлиб уларнинг рад этувчи тавсифи майдонга тушади. Мулкчилик муносабатлари – бу моддий ва номоддий ресурсларга эришишни рад этиш тизимидир. Ресурсларга эришишда рад этиш ҳолатининг мавжуд эмаслиги, яъни, уларга эришишнинг эркинлиги, бу ресурслар ҳеч кимники эмаслиги ёки барчага баравар тегишли эканлигини англатади. Бундай ресурслар мулкчилик объекти бўла олмайди. Улардан фойдаланиш бўйича кишилар ўртасида иқтисодий, бозор муносабатлари пайдо бўлмайди.
Мулкчилик ҳуқуқлари назарияси муаллифларининг нуқтаи назарига кўра ресурсларга эркин эришишдан бошқаларнинг рад этилиши ресурсларга бўлган мулкчилик ҳуқуқларини таснифлашни англатади.
Таснифлашнинг маъно ва мақсади мулкчилик ҳуқуқини ҳақиқатан ҳам мулкни юқорироқ баҳоловчи, унинг қадрига етувчи, ундан нисбатан кўпроқ фойда олувчи кишилар томонидан эгалланиши учун шароит яратишдан иборат.
«Агар маълум ҳатти-ҳаракатларни содир этиш учун ҳуқуқларни сотиш ва сотиб олиш мумкин бўлганда эди, - деб ёзади Р.Коуз, - уларни пировардида энг юқори баҳоловчи кишилар томонидан сотиб олинган бўлар эди. Бу жараёнда ҳуқуқлар шундай тарзда сотиб олинган, тақсимланган ва уйғунлаштирилган бўладики, улар асосида йўлга қуйилган фаолият энг юқори бозор қийматига эга бўлган даромад келтиради».4
Шундай қилиб, таснифлаш, яъни мулкчилик ҳуқуқларини аниқ белгилашнинг асосий вазифаси хўжалик юритувчи субъектлар хулқ-атворини шундай ўзгартиришдан иборатки, натижада улар ўта самарали қарорлар қабул қиладилар. Чунки, мулк бўйича фаолиятнинг барча ижобий ва салбий натижалари пировардида мулкдор зиммасига бориб тақалади. Шунга кўра у мулк юзасидан қарорлар қабул қилиш чоғида бу натижаларнинг тўлиқ ҳисобга олинишидан манфаатдордир. Мулкчилик ҳуқуқлари қанчалик аниқ бўлса, хўжалик юритувчи субъектнинг қароридан бошқа бировларга тегиши мумкин бўлган фойда ёки зиённи ҳисобга олишга рағбат шу қадар кучли бўлади. Айнан шунинг учун мулкчилик ҳуқуқларини айирбошлаш жараёнида у ёки бу неъматлар уларнинг қадрини энг юқори тарзда баҳолаган иқтисодий агентларга берилади. Шу орқали ресурсларнинг самарали тақсимланишига эришилади, чунки айирбошлаш жараёнида ресурслар нисбатан унумсиз фойдаланишдан унумли фойдаланишга, кам қадрловчи шахслардан кўпроқ қадрловчи шахсларга ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |