Одамлар кўп йиғиладиган биноларнинг ёнғинга қарши сув таъминоти тизими /2; 4; 6/
Одамлар кўп йиғиладиган биноларнинг ёнғинга қарши сув таъминоти тизимининг ўзига хос томонлари. Захира резервуарли схемада қурилади. Ёнғин ўчириш жўмраклари жойлашишига қўйиладиган талаблар.
Театр бинолари ўта муҳим бинолар тоифасига киради, чунки томоша намойиш этилаётганда унда кўп одам (томошабин) йиғилади, а содир бўлган ёнғин – ёнғин майдони тез ортиши, юқори ҳарорати, тутун қоплаши билан характерланади. Саҳнадаги ёнғин айниқса тез тарқалади, чунки бу ерда кўп миқдорда енгил ёнувчи материаллар йиғилган. Шунинг учун одамларни театр биносидан хавфсиз эвакуация қилишни таъминлаш ва ёнғинни самарали бартараф этиш учун қисқа вақт ичида катта миқдорда ёнғин ўчириш моддасини беришга тўғри келади. Шу боис театр – томоша биноларида ички ёнғинга қарши водопровод, спринклер ва дренчер автоматик ёнғин ўчириш тизимлари қурилади.
Ички сув узатиш тармоғи одатда алоҳида хўжалик-ичимлик ва алоҳида ёнғинга қарши қурилади. Кўп ҳолларда театр биносининг ички водопровод тармоғи захира сув резервуарли схема асосида қурилади, чунки ёнғин пайтида шаҳар сув таъминоти тармоғидан керакли миқдордаги (юқорида айтилганидек бу миқдор анча катта бўлади) сувни олиш имкони бўлмаслиги мумкин. Бунда захира резервуари ҳажми ёнғин ўчириш жўмракларининг уч соатлик ва автоматик ёнғин ўчириш ускуналарининг бир соатлик ишини инобатга олган ҳолда аниқланади.
WЗ.Р. = (10,8*QИЧ. + 3,6*QУСК.)*103
Театрдаги ички водопровод тармоғининг магистрал қувури ҳалқаланган бўлиши лозим ва унда таъмир жўмраклари шундай ўрнатилиши керакки, фалокат пайтида иккитадан ортиқ ёнғин ўчириш стояги сувсиз қолмасин. Уч ва ундан ортиқ ёнғин ўчириш жўмрагига эга бўлган стояк тагида (асосида) таъмир жўмраги ўрнатилади.
Театр биносининг барча хоналарида, шунингдек ишлаб чиқариш, қўшимча хоналарида ва омборхоналарида ёнғин ўчириш жўмраклари хонанинг ҳар бир нуқтаси иккита яхлит оқим билан суғорилиш шарти асосида жойлаштирилади. Аммо саҳнанинг катта баландликка эга эканлигини инобатга олган ҳолда саҳна планшетида жойлашган жўмрак олдида ҳар бирининг сув сарфи 5 л/с дан кам бўлмаган, яхлит бўлаги баландлиги саҳна колоснигидан 2 метр баланд бўлган оқим олиш учун етарли бўлган босим ушлаш лозим. Бунда саҳнанинг майдони 500 м2 гача бўлса, саҳна планшетида энг камида 3 та, ундан катта майдонда 4 та ёнғин ўчириш жўмраги ўрнатиш жоиз. Ҳар бир ишчи галереяларда ва колосникда иккитадан жўмрак ўрнатилиши шарт (биттадан саҳнанинг ўнг ва чап томонларидан).
Томошабинлар ўтирадиган жойга сув бериш учун жўмраклар партерга кириш жойларида, амфитеатр, томошабинлар залининг ярусларида ҳамда чордоқ хоналарида ўрнатилиши лозим.
Ички ёнғин ўчириш жўмракларини жиҳозлашда қуйидагилар ишлатилади:
- жўмраклар саҳна планшетида ўрнатилганда резинасиз диаметри 66 мм ли енг (узунлиги 10 м) ва учида диаметри 19 мм ли насадка ўрнатилган дастак билан жиҳозланади;
- жўмраклар ишчи галерея ва колосникларда ўрнатилганда узунлиги 10 м, диаметри 51 мм ли резинасиз енг ва учида диаметри 16 мм бўлган насадка ўрнатилган дастак билан жиҳозланади;
- қолган барча хоналардаги ёнғин ўчириш жўмраклари узунлиги 20 м , диаметри 51 мм ли резинасиз енг ва учида диаметри 16 мм бўлган насадка ўрнатилган дастак билан жиҳозланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |