I. n. ophtalmicus – кўз нерви бўлиб, сезувчи нерв ҳисобланади. Нерв олдинга йўналиб, ғоваксимон синус (sinus cavernosus) ён деворига киради. Бу ерда нерв узоқлаштирувчи нервдан латерал, ғалтак нервидан эса пастда жойлашади. Кейинчалик n.ophtalmicus fissura orbitalis superior (кўзнинг юқориги ёриғи) орқали кўз косасига киради ва з та тармоққа бўлинади:
а) n. nasociliaris - бурун-киприк нерви, медиал томонга йўналиб, дастлаб кўзнинг юқориги тўғри мускули ва кўрув нерви, ундан кейин эса юқориги қийшиқ мускул ва юқори тўғри мускуллар орасидан ўтиб бурун бўшлиғининг шиллиқ қаватини, галвирсимон суяк катакчаларини, понасимон ва пешона кавакларини, бурун учи терисини ва кўз олмасини фиброз пардаларини нерв билан таъминлайди.
б) n.frontalis – пешона нерви, кўз косасининг юқориги девори орқали йўналиб, fоramen supraorbitale (кўз усти тешиги)дан кўз усти соҳасига чиқиб, пешона терисини бошнинг учигача иннервациялайди.
в) n. lacrimalis – кўз ёши нерви, кўз косасининг ташқи, латерал деворидан йўналиб, кўз ёши безини, конъюнктивани ва қовоқ терисини нерв билан таъминлайди.
II. n. maxillaris - юқори жағ нерви, сезувчи нерв бўлиб, юмалоқ тешик (foramen rotundum) орқали калла ичидан қанотсимон танглай чуқурчаси (fossa pterygopalatina) га ўтиб қуйидаги тармоқларни беради:
1. n. infraorbitalis - кўз ости нерви, бу нерв n.maxillarisнинг бевосита давоми бўлиб, кўзнинг пастки ёриғи (fissura orbitalis inferior) орқали кўз косаси ичига киради ва унинг пастки деворидан кўз ости эгати ва канали (sulcus et canalis infraorbitalis) бўйлаб йўналади. Кўз ости нерви канал ичидан 2 та тармоқ беради:
а) nn. alveolares superiores anteriores – олдинги юқориги катакча нервлари, юқориги кесувчи тишларни иннервациялайди.
б) nn. alveolarеs superiores medius – ўрта юқориги катакча нервлари, юқориги қозиқ ва кичик озиқ тишларни нерв билан таъминлайди.
Бу иккита тармоқни бергандан кейин кўз ости нерви foramen infraorbitale (кўз ости тешиги) орқали юзнинг олд юзаси (ит чуқурчаси)га чиқиб, кичик ғоз панжаси (pes anserinus minor)ни ҳосил қилади. Кичик ғоз панжасининг ҳосил бўлишида қуйидаги тармоқлар қатнашади:
а) rami palpebrales inferiorеs - пастки қовоқ нервлари, пастки қовоқ терисини нерв билан таъминлайди.
б) rami nasalеs externi – ташқи бурун нервлари, буруннинг ён юзаси терисини иннервациялайди.
в) rami labialеs superiores – юқориги лаб нервлари, юқори лаб териси ва шиллиқ қаватини, милкларни нерв билан таъминлайди.
2. nn. alveolares superiores posteriоres – орқа юқориги катакча нервлари, бевосита қанотсимон-танглай чуқурчасидан чиқиб, tuber maxillae орқали юқори катта озиқ тишларни иннервациялайди.
3. n. zygomaticus – ёноқ нерви, fissura orbitalis inferior дан кўз косасига киради, унинг латерал девори орқали йўналиб, ёноқ – кўз тешиги (foramen zygomaticoorbitale) дан чиқади ва ёноқ суягида 2 та шохча беради:
а) ramus zygomaticotemporalis - ёноқ-чакка тармоғи, ёноқ суягидан шу номли тешик орқали чиқиб, пешона ён қисми терисини ва чакка соҳасини нерв билан таъминлайди.
б) ramus zygomaticofacialis - ёноқ-юз тармоғи, шу номли тешикдан ёноқ суягидан чиқиб, лунж терисини ва кўзнинг латерал бурчагини иннервациялайди.
4. nn. pterygopalatini – қанотсимон-танглай нервлари, бу нервлар сезувчи толалар сифатида қанотсимон-танглай тугунини таркибига киради. Ўз навбатида қанотсимон-танглай тугунидан қуйидаги тармоқлар чиқади:
а) rami nasales posteriores – орқа бурун шохлари, foramen sphenopalatinum орқали бурун бўшлиғига кириб, у ернинг орқа қисми шиллиқ қаватини нерв билан таъминлайди. Кейинчалик n.nasopalatinus (incisivus) номи билан кесувчи канал (canalis incisivus) дан оғиз бўшлиғига ўтади ва қаттиқ танглайни олдинги 1/3 қисмини, юқори кесувчи ва қозиқ тишлари билан иннервациялайди.
б) nervi palatini majores et minores – катта ва кичик танглай нервлари, шу номли каналлардан оғиз бўшлиғига чиқиб, танглай шиллиқ қаватини орқа 2/3 қисмини ва катта озиқ тишларни нерв билан таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |