2-боб. Махсус малака даражасини белгилаш мезонлари ва уни бериш тартиби
7. Ходимларнинг махсус малака даражаси ушбу Низомга 1 — 8-иловаларда кўрсатилган мезонлар асосида 100 балли баҳолаш тизими бўйича белгиланади.
Ушбу Низомга 1 — 4-иловаларда кўрсатилган мезонлар асосида умумий балл ижобий кўрсаткичлар йиғиндиси бўйича тўпланган балларни салбий кўрсаткичлар йиғиндиси бўйича тўпланган баллардан айириш орқали ҳисобланади
Ушбу Низомга 5-иловада кўрсатилган мезонлар асосида умумий балл салбий кўрсаткичлар йиғиндиси бўйича тўпланган жами баллни 100 дан айириб, қолдиқда қолган баллга ижобий кўрсаткичлар йиғиндиси бўйича тўпланган баллни қўшиш орқали ҳисобланади.
Ушбу Низомга 6 — 8-иловаларда кўрсатилган мезонлар асосида балларни ҳисоблашда тўпланган балларнинг йиғиндисидан келиб чиқилади.
8. Махсус малака даражаси қуйидаги тўпланган баллар асосида берилади:
3-махсус малака даражаси — 56 баллдан 70 баллгача;
2-махсус малака даражаси — 71 баллдан 85 баллгача;
1-махсус малака даражаси — 86 баллдан 100 баллгача.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг махсус малака даражаси Тергов департаментининг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари бошлиқларининг тўплаган баллари йиғиндисини ушбу бошқармалар бошлиқларининг умумий сонига бўлиш орқали белгиланади.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари, суриштирув ишларини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлими (бўлинмалари, гуруҳлари), тергов фаолиятини ташкиллаштириш бошқармаси (бўлимлари) ва уларнинг бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқларининг махсус малака даражаси тегишли равишда уларнинг қўл остидаги ходимлар томонидан тўпланган баллар йиғиндисини ушбу ходимларнинг умумий сонига бўлиш орқали белгиланади.
11. Махсус малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузурида тузиладиган Махсус малака даражасини бериш бўйича доимий комиссия (кейинги ўринларда доимий комиссия деб аталади) қарори асосида ушбу Низомга мувофиқ берилади.
12. Доимий комиссияларнинг таркиби, фаолият юритиш тартиби, раиси ва аъзоларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари тегишли доимий комиссияларнинг раиси ҳисобланади.
Доимий комиссия раиси ва аъзолари мазкур комиссия қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва холислиги учун масъул ҳисобланади.
13. Ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ходимларига махсус малака даражасини бериш ушбу Низомга 9-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
14. Тергов бўлинмаларига ишга қабул қилинган (лавозимга тайинланган) ходимларга махсус малака даражаси ишга қабул қилинган (лавозимга тайинланган) давридан қатъи назар, кейинги ҳисобот йилида тўплаган баллари асосида йил якуни бўйича берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |