АЙРИМ МАҲАЛЛИЙ АМАРАНТ НАВЛАРИ ТАРКИБИДАГИ БИОЛОГИК ФАОЛ БИРИКМАЛАР ВА УЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ
И.Р.Асқаров, Н.Т.Юлчиева, Н.Х.Тўхтабоев
Андижон давлат университети
Аннотация. Мақолада маҳаллий амарант навларидан бири бўлган “Марҳамат” навининг таркибига кирувчи каротиноидлар ва минерал моддалар тўғрисида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, мақолада амарант таркибидаги айрим минерал моддалар ва каратиноидларни анализ натижалари келтирилган.
Калит сўзлар: амарант, макроэлемент, каротиноид, биологик фаол бирикмалар, оптик анализ, микроэлемент.
Маълумки, бугунги кунда бутун дунёда таркиби жиҳатдан озуқавий қиймати юқори ва биологик фаол бирикмаларга бой бўлган маҳсулот манбаларига талаб ортиб бормоқда. Айниқса, бундай манбаларнинг табиий бўлиши истеъмолчилар томонидан юксак баҳоланади. Дориворлик хусусиятлари ва озуқавий қиймати юқори бўлган ўсимликларни маданийлаштириш ва мавжуд навларини интродукция қилиш озиқ-овқат ҳамда дори дармонга бўлган эҳтиёжларни қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Амарант (Amaranthus L) ўсимлиги ҳам таркибида юқори даражада оқсил, ёғ, углевод, минерал моддалар ва бошқа кўплаб биологик фаол бирикмалар сақловчи ўсимликлардан бири ҳисобланади.
Амарант ўсимлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларда етиштирилади. Ушбу ўсимликдан техник, декоратив, ем-хашак ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатида фойдаланилади.
Мамлактимизда ҳам ушбу ўсимликни ареалларини кенгайтириш ва навларини маҳаллийлаштириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан “Ўзбекистон”, ”Мархамат”, ”Андижон”, ”Улуғнор” каби навлари бу ўсимликнинг интродукция қилинган навлари сифатида етиштирилмоқда.
Амарантнинг гул, уруғ, поя ва барг қисмлари юқори озуқавий қийматга эга эканлиги ва микроэлементлар ҳамда органик моддаларга бойлиги билан бошқа турдош ўсимликлардан ажралиб туради.
Амарант баргларида пектинлар, аскорбин кислотаси, полифеноллар, флавоноидлар, витаминлар (А,С,Е), бетациан пигментлар, липидлар, K,B, Fe, Ba, Ni каби микроэлементлар мавжуд. Шунингдек, амарант баргларида оқсил миқдори 15% гача бўлиб, уларнинг аксарияти алмашинмайдиган оқсиллардир.
Амарант уруғида оқсилларнинг 28-35% алмашинмайдиган аминокислоталардан иборат бўлиб, уларнинг юқори миқдори таркибида фенилаланин, лизин, изолейцин ва тирозин каби аминокислоталар мавжуд. Амарант уруғидаги липидлар миқдори 6,7-7,9% гача, 77-83% гача триглицероллар, 2,7-4,3% гача фосфолипидлар, 3,1-6% гача стеролэфирлари мавжуд. Амарант уруғидаги триглицероллар ўзида миристин, пальмитин, стеарин, олеин ва линол кислоталари каби тўйинмаган ҳамда тўйинган эркин ёғ кислоталарини сақлайди [2].
Амарант ер устки қисми таркибида кверцетин, изорамнетин, дайдзеин, каротиноидлар, фенолкислоталар каби иккиламчи маҳсулотларнинг бўлиши унинг шифобахшлик хусусиятларини белгилайди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини озуқавий қийматини белгилашда улар таркибидаги макро ва микроэлементлар миқдори муҳим кўрсаткичлардан бир ҳисобланади. Ушбу, элементлар инсон организмида муҳим биокимёвий жараёнларда иштирок этади.
Биз ҳам тадқиқотларимиз давомида маҳаллий амарант навларидан бири “Марҳамат” нави таркибига кирувчимакро- ва микроэлементлар ҳамда каротиноидларни таҳлил этиш ишларини олиб бордик. Анализни бажариш оптик усулларда амалга оширилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |