2. Аналогия ва гипотетик усул
Аналогия (юн. anologiya – мослик, ўхшашлик) билвосита мулоҳаза юритиш ва хулоса чиқариш усулидир. Аналогия бўйича тадқиқ қилишда хосса, структура ва муносабатларда мавжуд бўлган ўхшашликка эътибор қаратилади.
Усулдан фойдаланиш қуйидагича содир бўлади: бир объект (А) хоссаларини ўрганишдан хосил бўлган билим ўша турдаги иккинчи объектни (В) билиш муаммоси доирасига ўтказилади ва шу билан объект (В) ўрганилган ҳисобланади. Масалан, Тянь-Шан тизмаси, унинг стратиграфияси, геоморфологияси ва геологик даврлари ҳақида ҳар жиҳатдан асосланган билимга эгамиз. Фан тоғ тизмаси эса етарли даражада ўрганилмаган объектдир. Бунда биз Тянь-Шан тоғ тизмасига доир билимларимизни аналогия бўйича фикрлашга асосланиб ва экспидиция учун катта харажат қилмасдан Фан тоғ тизмасини ўрганиш муаммоси доирасига киритамиз, шу тоғ тизими ҳақида билимга эга бўламиз.
Бундай аналогияни схемаси қуйидагича:
Тянь-Шан тоғ тизмаси, а, в, c, d, е, f хислатларга эга.
Фан тоғ тизмаси а, в, с, d хислатларга эга
Фан тоғ тизмаси е, f хислатларга эга бўлиши мумкин.
Аналогия бўйича тадқиқот ўтказишни 3 та тури мавжуд:
хоссалар бўйича аналогия;
структуралар бўйича аналогия
муносабатлар бўйича аналогия
Хоссалар бўйича аналогия ўтказилганда бир турдаги икки предмет ўхшаш ёки айнан белгиларга эга бўлиши керак деган ғоя, фараз олға сурилади.
Астрономлар бир турдаги сайёралар тизимига кирувчи осмон жисмларида ўхшаш унсурлар мавжуд деб, Қуёшда топилган янги элемент-гелий Ерда ҳам бўлса керак деган хулосага келишган. Кўп ўтмай бу хулосани чинлиги тасдиқланди. Ерда гелий элементи топилди.
Структуралар (С) ва муносабатлар (М) хусусида аналогия усулига таяниб тадқиқот ўтказишда объектларда мавжуд бўлган ўхшаш ёки айнан С ва Млар таққосланади, олинган натижа бўйича хулоса қилинади.
Аниқлик жиҳатдан қатъий, қатъий бўлмаган ва янглиш (ёлғон) аналогиялар фарқланади. Қатъий аналогия ишончли, қатъий бўлмаган аналогия эҳтимолли, янглиш аналогия ночин хулоса беради.
Қатъий аналогия моделлаштириш усулига асосланган тадқиқотларда, бир қатор математик, табиий ва техник илмий йўналишларда қўлланилади. Ижтимоий-гуманитар фанларда қўлланиладиган қатъий бўлмаган аналогия усули эҳтимолли хислатга эга бўлган билим беради.
Янглиш аналогиядан кўриб чиқилаётиган масала моҳиятини тушунмаган пайтда ёки мухолиф томонни адаштириш мақсадида фойдаланадилар. XIX асрни охирида вужудга келган социал-дарвинизм таълимотида биологик эволюция ва жамиятни ривожланиши ўртасида аналогия (ўхшаш томонлари қайд қилиш) ўтказилиб, ижтимоий тараққиётни харакатлантирувчи кучи ҳаёт учун кураш ва табиий танланишдир деган ночин ғоя олға сурилди.Ҳайвонот оламида бўлмаган,лекин жамият тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган омиллар ва қонуниятлар мавжудлиги инобатга олинмади.
Аналогияни ишлатганда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак:
таққосланаётган предметларнинг имкони борича кўпроқ ўхшаш хоссаларини аниқлаб олиш;
таққосланаётган предметларнинг муҳим бўлган ўхшаш белгиларини ажратиб олиш ва кўриб чиқиш;
таққосланаётган предметлардаги белгилар ўзаро узвий алоқада бўлиши лозим. Асл объект бўлган «И» предметни а белгиси б, в, г, д белгилари билан узвий боғланган. Асл объект билан таққосланаётган «К» предметдаги ўхшаш а белги ҳам шу предметдаги б, в, г, д белгилар билан алоқада бўлиши керак;
Ўзаро таққосланаётган предметларнинг фарқ қилувчи белгилари мумкин қадар оз бўлиши шарт. Агар таққосланаётган «И» ва «К» предметлардаги зарурий белгилар бир-биридан фарқ қилишса, «К» предметга нисбатан қилинган хулоса хато чиқади. Социал-дарвинизм таълимотида шундай хатолик йўл қуйилган.
Юқорида қайд этилган қоидаларга риоя қилиш аналогия бўйича мулоҳаза юритиш ва хулоса чиқаришни чинлик, ишончли бўлиш даражасини оширади.
Рус олими М.В.Ломоносов айтган эдики, аналогиялар исботламайди, балки аниқланган нарсани асослайди. Шу билан бирга, аналогия илмий фаразга туртки беради, янги фикрни пайдо бўлишига ёрдам беради, тўғри чиққан ҳолда кўп куч ва сарф-харакажатни тежайди.
Гипотетик усул. Бу усул ўрганилаётган объектнинг хоссалари хусусида фараз, тахмин қилишга асосланган. Гипотеза (юн.hupothesis-асос, фараз)-бирон-бир ходиса ёки унинг сабаби ҳақида тахминий фикр бўлиб, уни ҳозирги билим ва амалиёт даражасида текшириб, исботлаб бўлмайди, лекин маълум эҳтимоллик билан тушунтириб бериш қобилиятига эга.
Гипотезани ишлаб чиқишда аналогия, тўлиқсиз индукция, умумлаштириш, эҳтимолий силлогизм ва бошқа усуллардан фойдаланадилар.
Қандай ҳолларда гипотеза қуриш эҳтиёжи пайдо бўлади?
Ходиса сабабини аниқлаш учун фактлар етарли эмас, лекин уни тушунтириб бериш зарурияти бор. Бундай ҳолатда ишчи гипотеза олға сурилади.
Тадқиқот объекти ва унга доир билимда номуаянлик даражаси катта, гипотеза эса дастлабки ёндашув сифатида муаммо ва изланиш йўналишига маъно беради, фараз негизида ётган ғояни асослашга қаратилган ҳаракатни фаоллаштиради.
фактларга асос бўлган ходиса ёки хоссалар тажрибада бевосита намоён бўлмайди, лекин улардан келиб чиққан айрим белгиларни ўрганиб гипотеза ишлаб чиқиш имконияти мавжуд.
Фан ва амалиётда мунтазам равишда фактлар очилади, улар мавжуд тасаввурлар, назариялар доирасида тушунтирилади. Лекин, шундай янги ҳодисалар кузатиладики,уларни бирон-бир назария доирасида тушунтириб бўлмайди. Бундай вазиятда тадқиқотчи ходисани намоён этган сабаб хусусида илмий гипотезани ишлаб чиқади.
Тушунтиришни кўламига қараб гипотеза умумий, жузъий ва якка бўлиши мумкин. Умумий гипотеза ниҳоятда кенг миқёсда намоён бўладиган нарса ва ходисаларни тушунтириш учун ишлаб чиқилган фараздир. Масалан, Демокритнинг барча нарсалар энг кичик, бўлинмас атомлардан тузилганиги ҳақидаги фарази. Фақат XIX асрга келиб инглиз химиги ва физиги Джон Дальтон (1766-1844) айрим элементларнинг атом оғирлигини экспериментал тадқиқотда аниқлади, кимёвий атомизм таълимотини яратди.
Жузъий гипотеза маълум гуруҳга оид объектлар сабаби, қонуниятларини тушунтирадиган фараздир. Айтайлик, ирсият бирлиги бўлган генни келиб чиқишини тушунтирадиган назария ҳануз ишлаб чиқилгани йўқ. АҚШ олими Г.Кастлер генни вужудга келтирган бошланғич сабаб-ипсимон информацион макромолекулалар бўлиши керак деган гипотезани олға сурди. Социобиологлар (Э.Уилсон, И Ламсден ва бошқалар) инсонга хос хатти-ҳаракатларни томири хайвонларга бориб тақалиши ҳақидаги фаразни ишлаб чиқишган.
Якка гипотеза – бу алоҳида ҳодиса ёки фактларни тушунтирадиган илмий фараздир. Тахмин қилинишича 1908 йил 30 июнда Шарқий Сибирга тушган Тунгус метеорити катта бўлмаган кометанинг ядросидир. Урилишдан хосил бўлган зарба тўлқини 2000 км2 майдонни вайрон қилиб ташлаган, лекин биронта ҳам метеорит бўлаги топилмаган.
Фанда бир ходиса моҳиятини тушунтиришга даъво қиладиган, бир-бири билан рақобатда бўлган гипотезалар ҳам яратилиши мумкин. XVI асрда нурнинг физик табиатини тушунтиришга қаратилган иккита гипотеза – корпускуляр (И.Ньютон) ва тўлқинли (Гюйгенс) моҳияти ҳақидаги илмий фараз яратилди. Икки аср давомида у ёки бу гипотеза навбатма-навбат ғалаба қозониб турди. XX аср бошларида (1924) француз физиги Луи де-Бройл нур табиатини тушунтириш учун асос бўлган тқлқин-заррача дуализми таълимотини ишлаб чиқди, олдин ишлаб чиқилган икки ёндашув синтезини амалга оширди.
Гипотезани тасдиқлайдиган тадқиқот воситалари ва натижалари бевосита ва билвосита бўлади. Хусусан, сабаб бўлиб хизмат қилган ходисани кашф қилиш (масалан, Нептун планетасини кашф этилиши) илмий фаразни бевосита тасдиқлашга киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |