Рефлексив функция
Онгнинг асосий, муҳим функцияларидан бири одамнинг ўз-ўзини англашидир, яъни ўз борлиғини рефлексив тарзда англашидир. «Ўзингни ўзинг бил» - антик файласуфларнинг бу шиорини одамнинг тафаккури ўз-ўзини англаш ёрдамида амалга оширмоқда. Бу хусусда М.Хайдеггер одамнинг экзистенционал моҳияти одам нарсани қандай бўлса шундайлигича тасаввур қила олишига асосдир, деб айтган эди.
Шахснинг ўз-ўзини англаши қуйидаги уч жиҳатнинг узвий бирлигидир: одамнинг ўзининг бошқа одамларга ўхшашлиги ва улардан фарқ қилишини англаши; ўзининг бошқа моддий табиий ва ижтимоий объектлар билан ўхшашлиги ва улардан фарқ қилишини англаши ва, ниҳоят, шу англаш асосида ҳаётий фаолият субъекти сифатида ўз баҳосини англаши. Ўз-ўзини англашнинг асосий элементлари ўз-ўзини таҳлил қилиш, ўз-ўзини кузатиш, ўз-ўзини англаш ва ўз-ўзини баҳолашдир.
Герменевтик функция
Одам онгининг бошқа бир муҳим функцияси тушуниш функциясидир. Асосий тушуниш функцияси индивиднинг табиий ва ижтимоий муҳитда онгли равишда ҳаракат қилиши ва йўл тутишини таъминлаш билан боғлиқдир.
Ҳар қандай тушуниш - қандайдир тушунмовчиликни бартараф этиш жараёнидир, яъни тушуниш воқеликнинг бирон-бир ҳодисасини англаб олиш жараёнидир Шу англаб олиш асосида мазкур ҳодиса аҳамияти фаҳмлаб олинади ва у инсон томонидан ўзлаштирилади. Тушуниш бу – субъектнинг ўз дунёқараши, дунёни ҳис қилиши, ўз ҳаёт йўлини шахсан билиши асосида субъект ҳаётий тажрибасининг ҳақиқий актуаллашувидир.
Тушунишни ўрганиш герменевтика предметига айланди. Унинг асосчиси ХVIII асрнинг охири - XIX асрнинг бошида яшаб ўтган теолог ва филолог Ф.Шлейермахердир. Унинг фикрича, герменевтиканинг асосий вазифаси классик тарихий матнларни тушуниш ва уларни тўғри ўқиш асосида ўтган замонлардаги одамларнинг маънавий дунёсини билиб олишдир. Бундай билиб олиш алоҳида сезги - эмпатия ёрдамида, яъни билувчи субъектнинг қадимги кишилар яшаган шароитни чуқур ўрганиши, ҳис этиши ва англаши ёрдамида содир бўлади.
Ижодий функция
Онгнинг яна бир функцияси ижодий функция бўлиб, у мақсад қўйишда, прогнозлашда, киши ҳаракатларининг кутилаётган натижаларини олдиндан кўришда онгнинг фаоллигини назарда тутади. Онгнинг ижодий фаоллиги конструктив-ўзгартирувчи фаолият билан, янгини яратиш билан узвий боғлиқдир. Ижодиёт - инсониятнинг табиий ресурсларни онгли равишда ўзлаштириши, шунингдек инсон қобилиятининг ривожланиши натижасида янги моддий ва маънавий қадриятлар яратиш жараёнидир. Ижодий ўзлаштиришда субъект онгининг фаоллиги узоқ изланишларни, чекинишларни, топилмаларни, кўпинча эса хато ва янглишувларни, субъект ижодининг натижаси бўлган янгини кашф этишни назарда тутади.
Ижод ёрдамида одам ўз онгида сақланаётган режаларни, ниятларини, лойиҳаларини амалга оширади, уларни воқеликнинг реал предметлари ва ҳодисаларида моддийлаштиради. Ўз олдида турган вазифаларни ҳал қилишга ижодий ёндашиш - инсон руҳининг, интеллектининг олий кўринишидир. Ижодий фаоллик элементлари олий ҳайвонлар - маймунлар, дельфинлар ва итларда ҳам мавжуд, лекин фақат инсонгина ўзининг атрофдаги воқеликни ўзлаштириши, ўрганиши ва ўзгартиришида онгли равишда ижодиётга таянади. Прогнозлаш, фараз қилиш, мавжуд, аммо етарли бўлмаган ахборотни тўлароқ ўйлаб, фикрлаб кўриш ҳам инсон ақлининг ижодий фаоллиги намоён бўлишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |