2. Касбий одоб ва этикет.
Ахлоқий маданият яққол кўзга ташланадиган муносабатлар кўринишидан бири, бу – этикет. У кўпроқ инсоннинг ташқи маданиятини, ўзаро муносабатлардаги ўзини тутиш қонун–қоидаларининг бажарилишини бошқаради. Агар муомала одобида инсон ўз муносабатларига ижодий ёндашса, яъни бир ҳолатда бир неча хил муомала қилиш имконига эга бўлса, этикет муайян ҳолат учун фақат бир хил қоидалаштириб қўйилган хатти–ҳаракатни тақозо этади.
Этикетнинг қамрови кенг, у, маълум маънода, халқаро миқёсда қабул қилинган муомала қонун–қоидаларини ўз ичига олади. Масалан, сиёсий арбоб этикети, меҳмондорчилик этикети ва ҳ.к. Этикетга риоя қилишнинг мумтоз намунасини биз тез–тез телевизор экрани орқали кўриб турамиз. Президентимиз Ислом Каримовга хорижий мамлакатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини топшириш маросимларини эсланг. Унда фақат бир хил ҳолат, халқаро миқёсда ўрнатилган қоида ҳукмрон. Уни президентнинг ҳам, элчиларнинг ҳам бузишга ҳаққи йўқ. Ёки жуда оддий, кичкина бир мисол: дастурхонда тановул пайти, пичоқни ўнг қўлда ушлаш замонавий меҳмондорчилик этикетининг қатъий қоидаларидан бири саналади – уни бузиш атрофдагиларда ҳайрат ва истеҳзо уйғотади. Шу боис этикетни одат тусига айлантирилган, қатъийлаштирилган муомала одоби дейиш ҳам мумкин.
Этикетнинг бундай замонавий кўринишлари билан бирга, шундай миллий–анъанавий шакллари ҳам борки, уларсиз миллат маданий ҳаётининг тасаввур қилиш қийин. Масалан, саломлашиш одобини олиб кўрайлик. Этикетнинг бу турига кўра, кўчадан ўтиб кетаётган одам, кўча бўйида ўтирганлар ёки турганларга салом бериши керак, салом берганда ўнг қўл чап кўкракда, юракнинг устида туриши, бош эса енгил таъзимга эгилиши лозим. Кўришиш этикетида эса қўлнинг учини бериб саломлашиш кўришаётган одамга нисбатан гинахонлик, хафагарчиликни билдиради – одобдан эмас. Кўришганда ёш ёки мартаба нуқтаи назаридан катта киши биринчи бўлиб қўл узатиши лозим; аёллар билан кўришганда ҳам эркак киши томондан шундай этикет қоидаси бажарилмоғи талаб қилинади.
Этикетнинг яна бир алоҳида жиҳати бор: унда одоб билан гўзалликнинг уйғунлигини кўришимиз мумкин, қатъий одоб қонун–қоидалари чиройли ҳатти–ҳаракатлар воситасида амалга оширилади. Демак, этикет эстетика билан ҳам боғлиқ, аниқроғи, ўзни тутиш эстетикаси талабларига жавоб беради.
Ахлоқий маданият касбий одобда ҳам яққол кўзга ташланади. Чунки инсон вояга етиб, бир касбнинг бошини тутгач, ўз касби доирасида одамлар билан мунтазам муносабатда бўлади. Бу муносабат, бир томондан, ҳамкасабалар даврасида рўй берса, иккинчи жиҳатдан, у касб талабига биноан учрашадиган турли тоифадаги одамлар билан юзага келади. Айни пайтда, касбий одоб ахлоқий маданиятнинг энг юксак шаклларидан бири; унинг жамият ахлоқий ҳаётидаги ўрни юксак.
Ҳар бир жамиятда муайян гуруҳлар борки, эгаллаган касблари уларни бошқа жамиятдошларига нисбатан имтиёзли даражага олиб чиқади. Кўпчилик жамият аъзоларининг ҳаёт–мамотлари, соғлиги, маънавий соғломлиги, ҳуқуқий ҳимояси, илмий салоҳиятининг намоён бўлиши каби омиллар ўшандай имтиёзли касб эгаларининг ўз касбий бурч масъулиятини қай даражада ҳис этишларига, ҳалоллик ва виждон юзасидан иш кўришларига боғлиқлиги ҳаммага маълум. Чунончи, табобат ходимини, жарроҳни олайлик. Дейлик, у ҳар бир операция кунида бир неча кишини ҳаётга қайтаради; юзлаб одамлар унинг ёрдамига муҳтож, унга умид ва ишонч, илинж билан қарайдилар. Борди–ю, шахсий манфаат йўлида жарроҳ ўз беморига хиёнат қилса–чи, яъни, уни қасддан ҳалок этса–чи? Ким уни шундай қилмаслигини кафолатлайди? Ёки журналистни олайлик. У шахсий манфаати йўлида, касбининг камёблигидан фойдаланиб, бегуноҳ кишиларни маънавий азобга қўйиши, атайин жамият олдида шарманда қилиши ва шунинг ҳисобига ўзининг баъзи бир муаммоларини ҳал қилиб олиши мумкин эмасми? Мумкин. Зеро, то ҳақиқат юзага чиққунча ноҳақ танқидга учраган шахснинг адои тамом бўлиши ҳеч гап эмас. Хўш, журналистнинг шундай қилмаслигини ким кафолатлайди?
Do'stlaringiz bilan baham: |