Эр ва хотин фарзанд тарбиясида тенг иштирок этишлари.
Фарзанд туғилганидан сўнг уни боқиш, соғлом шароит таъминлаш эр ва хотиннинг бурчи бўлиб ҳисобланади. Ота-она боланинг олдида тенг ҳуқуқли жавобгар шахс эканликларини доим билишлари шарт. Соғлом муносабатда тарбия олган, ўсган бола жамиятимизга унумли фойда келтиради.
Оилада ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашлари тўғрисидаги мажбуриятлар Республикамиз Конституциясининг 64-моддасида ўз ифодасини топган.
Никоҳ – эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли, эркин ва ихтиёрий иттифоқи бўлиб, у фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш органларида тузилади ва оила тузиш мақсадига ҳизмат қилади.
Қонунга биноан никоҳ тузиш шартларидан энг муҳимлари – никоҳга кирувчиларнинг ўзаро розилиги ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари. Бизда никоҳ ёши йигитлар учун – 18, қизлар учун – 17 ёш қилиб белгиланган.
Қуйидаги ҳолатларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:
1. Никоҳга кирувчиларнинг лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда бўлса;
2. Насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар (бобо, буви, ота-она, фарзандлар, невара ва чеваралар) ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
3. Никоҳга кирувчиларнинг лоақал биттаси руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги қўшхотинликни тақиқлайди. Республикамизнинг Жиноят Кодекси 126-моддасида кўп хотинлилик, яъни икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш жиноят ҳисобланади.
Оилавий мулк, фарзанд тарбияси ва оиланинг тарқалиши.Оиланинг яна бир жиҳати – унинг ўз мулкига эгалиги. Агар никоҳ оиланинг ботиний кўриниши бўлса, оилавий мулкни унинг ташқи кўриниши дейиш мумкин. Оиланинг мавжуд бўлиши учун ишлаб топиладиган маблағ ҳам зарур. Оила учун топиладиган ана шу маблағ, шубҳасиз ахлоқий табиатга эга: оила бошлиғи оила аъзоларини ҳалол едириб–ичириши, кийдириши лозим.
Оила тарқалиши ҳам мумкин. Бунинг турли сабаблари бор. Бири – оиланинг ахлоқийлик нуқтаи назаридан тарқалиши. Бунда болалар балоғатга етгач, эркин шахс сифатида янги оилага асос бўлишлари – ўғил болаларнинг уйлантирилиши, қизларнинг эрга берилиши назарда тутилади. Уйлантирилган ўғилларга ҳам, эрга берилган қизларга ҳам янги оила қуриш ва уни моддий жиҳатдан дастлабки пайтларда муҳтожликдан сақлаб туриш учун етарли бўлган уй–рўзғор ашёлари ажратилади.
Шунингдек, оиланинг табиий тарқалиши ҳам мавжуд. Унда ота–онанинг ёки отанинг вафоти туфайли оила мулкининг мерос тарзида бир ёки бир неча фарзандга ўтиши муносабати билан оила тарқалиши мумкин.
Бундан ташқари, никоҳ бекор қилиниши муносабати билан оила тарқалади.
Do'stlaringiz bilan baham: |