Рене Декарт. Агар Ф.Бэкон Янги замоннинг хусусияти сифатида табиатни ўрганишининг тажрибага асосланган тажрибавий усулини ишлаб чиқишни бошлаб берганлиги билан, Гоббс эса тажрибага асосланганликни чуқурлаштирганлиги билан белгилаб берган бўлса, француз олими ва файласуфи Рене Декарт (1596-1650) аксинча, тажрибага ақл берган маълумотларнинг оддий амалий текшириш ўрнини ажратиб, афзалликни ақлга қаратди.
Янги замон рационализмининг асосчиси бўлган Декарт барча фанлар учун умумий бўлган усулни ишлаб чиқиш вазифасини қўйдики, у кўп ҳолларда билимлар натижасини белгилаб берувчи инсон ақлида борлиги тахмин қилинган «туғма ғоялар» ёки аксиомалар деб аталган нарсаларни тақозо этар эди. Декарт фикрича, юлдуз ва сайёраларнинг тизимлари модданинг қуюнсимон ҳаракати натижасида ташкил топадилар. Дунёвий модда чексиз, бир хил бўлиб, бўшлиққа эга эмас ва чексиз равишда бўлиниши мумкин.
Декарт моддий жавҳар билан бир қаторда (унинг томонидан узунлик сифатида тушуниладиган) Худонинг ва унинг томонидан яратилган руҳий, фикрловчи жавҳар жоннинг мавжудилигини тан олишга мажбур бўлди. Шундай қилиб, Декарт фалсафасининг алоҳида хусусияти дуализм эди.
Декарт рационализми жуда кўплаб ўз давомчиларига эга бўлдики, улар ичида энг йириги Нидерланд файласуфи Бенедикт Спиноза (1632-1667) эди. Алоҳида олинган махсус жавҳар (субстанция) сифатидаги фикр ҳақидаги тасаввурни рад этиб, Спиноза Худони ягона чексиз жавҳарга қўшди, яъни ғоявийлик ва моддийликни бирлаштирди. Ушбу жавҳар ўз ўзининг сабаби бўлиб, ҳеч қандай бошқа сабабларга муҳтож эмас. Шахс сифатида мутлақ маҳрум бўлган Спиноза талқинидаги Худо табиатга айниятдадир. Ягона жавҳар бўлган Худо -табиат икки сифатга - узунлик (масофа) ва онгга эга. Гарчи турли даражада бўлса ҳам, фикрлаш қоибилияти энг оддий ашёлардан тортиб инсон миясигача тарқалгандинр. Фикр Спиноза томонидан табиатни ўз-ўзини идрок этиши сифатида талқин қилинади. Бундан муҳим хулоса келиб чиқади: ғояларнинг тартиб ва алоқаси, ашёларнинг тартиб ва алоқаси кабидир.
Лейбниц (1646-1716) фалсафий тизимининг ўзаги ягоналик ҳақидаги таълимот - монадологиядир. Дунё монадалардан ёки руҳий унсурларнинг заррачаларидан ташкил топгандир. Монадалар фаолликга эга бўлиб, мустақилдирлар, улар узлуксиз равишда ўзгаришда бўлиб, азоб-уқубат чекишга, идрок этишга ва онгга қодирдирлар. Монадаларнинг бирлиги ва бир-бирига мувофиқлиги Худо томонидан «тайин этилган уйғунлик» натижасидир. Ривожланиш даражаларига қараб Лейбниц уч хил монадаларни фарқлайди. Куйи даражадаги монадаларга фақат ноаниқ тасаввурлар хосдир (жонли бўлмаган ва ўсимликлар дунёси ана шундай ҳолатдадир). Юқори даражадаги монадалар ҳис-туйғуга эга бўлиб, уларга таянган ҳолда ойдинроқ тасаввурлар соҳибидирлар (ҳайвонлар ва инсон). Ушбу икки монадани Лейбниц жон монадалари сифатида ифодалайди. Монадалар ўзларининг энг юқори ривожланиш босқичларида апперцепцияларга (онгга эга бўлиш) қодир бўладилар. Лейбниц уларни монада-руҳлар сифатида ифодалайди. Монадаларнинг ҳар бирида ривожланиш имконияти мавжуддир. Ҳар бир монада ўзида ўз келажагини ҳам, ўзининг ўтмишини ҳам олиб юради.
Джордж Беркли (1658-1753) субъектив идеализмнинг йирик вакилларидан бири эди. Берклига Локкнинг бирламачи ва иккиламчи сифатлар ҳақидаги ғоялари таъсир ўтказган эди. Аммо Беркли, Локкдан фарқли ўларок, барча сифатларни иккиламчи (яъни субъектив) ҳисоблайди. Оғирлик ва барча маконий хусусиятлар ва алоқалар бизнинг ҳиссий аъзоларимизнинг қобилиятлари билан ифода қилинадилар. Берклининг далилича, бирор ашёнинг ўзи бизга катта ҳам кўриниши (ундан кам масофадаги узоқликда) ва кичик ҳам бўлиб туйилиши (ундан катта масофадаги узоқликда) мумкин. Бундан шу нарса келиб чиқадики, катта-кичиклик ва узоқлашганлик турли ҳис - туйғу аъзолари воситасида ҳосил бўлган ҳис - туйғуга таянувчи индуктив хулоса асосида пайдо бўлади. Беркли назарича, мавжуд бўлишлик» - «идрок қилишда» демакдир. Ашёларнинг объектив мавжудлигини ва ташқи дунё ҳодисаларини, ва демакки, «модда» тушунчасини Беркли рад этади. Бу тушунча умумий бўлганлигидан қалбакидир, негаки унинг асосида шундай тахмин ётадики, гўё биз, бизнинг ҳис - туйғуларимиз мазмунини ташкил қилувчи ашёларнинг айрим хусусиятларидан четга чиқишимиз мумкин ва «умуман модда» асоси бўлган бизнинг барча ҳис - туйғуларимиз учун умумий бўлган абстракт ғоя ташкил топиши мумкин.
Инглиз файласуфи, рухшуноси, тарихчиси ва иқтисодчиси Давид Юм (1711-1776) Берклининг замондоши эди. Ташқи дунё мавжудми, деган саволга, Юм иккиланиброқ «билмайман» деб жавоб берар эди. Ахир бизнинг ақлимиз, улар келтириб чиқарган нарсалар билан эмас, балки бизнинг ҳис - туйғуларимизнинг мазмуни билангина иш юритади. Юмнинг нуқтаи назарича, тўғри билим фақат мантиқий бўлиши мумкин, аммо ўрганилаётган мавзулар далилларга таянганлиги туфайли ва мантиқий исбот қилиш мумкин бўлмаганлиги сабабли тажрибадан келтириб чиқарилади. Тажрибани ўзини Юм «таассуротлар» оқими сифатида ифодалаб, унинг сабаблари маълум эмаслиги ва билиб бўлмаслигини қайд этади. Тажрибани мантиқий асослаб бўлмаслиги омили шунинг далилидирки, тажрибавий билим ишончли бўла олмайди. Масалан, тажрибада биз бирор воқеа ҳақида аввал бир таассуротга, кейин эса бошқасига эга бўламиз. Аммо икки ҳодисанинг бирин-кетин келишини мантиқий жиҳатдан исбот қилиб бўлмайди, негаки, биринчи ҳодиса иккинчининг сабаби бўлиши мумкин, иккинчи эса - биринчининг оқибати бўла олади.
XVIII асрда Францияда фалсафий тараққиёт Маърифатчилик паноҳида амалга оширилди. Барча ижодий фикрловчи француз файласуфлари амалда маърифатпарварлар эдилар. Уларнинг машҳур вакиллари орасида Вольтер, Руссо, Дидро, Ламетри, Гельвеций ва Гольбах бор эди. Францияда маърифатпарварларга эътироз билдирувчи сифатида илоҳиётчилар чиқдилар. Маърифатпарвар-файласуфлар ўз қарашларида механистик шаклдаги моддиюнча дунёқарашни тарғиб қилдилар, гарчи уларнинг баъзиларининг асарларида, масалан, Дидронинг организмлар тараққиёти ҳақидаги қарашларида диалектик унсурлар ҳам мавжуд эди. Дидро нуқтаи назарича, табиат (материя) барча нарсаларнинг сабаби бўлиб, ўз ўзича яшайди, абадий мавжуд бўлади, негаки, у ўзининг сабабидир. Айрим олинган кишига нисбатан модда шундай нарсадирки, ҳис - туйғу аъзоларига қандайдир тарзда таъсир ўтказади; моддий жисмлар эса атомлардан ташкил топгандир. Маърифатпарварлар ўзларининг биринчи навбатдаги вазифаларидан бири сифатида давлат ҳокимиятини дунёвийлаштириш, яъни черковни давлатдан ажратишни мақсад қилиб қўйган эдилар..
Do'stlaringiz bilan baham: |