Замонавий санъат турлари. Техникавий ютуқлар асосида вужудга келган замонавий санъат турлари инсоннинг ҳар қандай қулай шароитдан янги санъат тури ёки асарларини яратиш учун фойдаланишини кўрсатади, инсондаги санъатга бўлган азалий ва абадий интилишидан далолат беради. Бир пайтлар, ўта рационал, санъат билан сиғишмайдиган, қўпол деб ҳисобланган техникадан ҳозирги пайтда инсон илдизи норационалликка бориб тақаладиган бадиий қиёфа яратиш учун фойдаланмоқда. Шунинг натижаси ўлароқ, кейинги бир ярим аср ичида бир неча замонавий (техникавий) санъат турлари пайдо бўлди ва ривожланди.
Фотосанъат.ХIХ асрнинг 20-30-йилларида французлар Ж.Ньенс, Л.Дагер, инглиз У.Толбот томонидан шаҳар манзаралари, меваларнинг рассомлик санъатидаги кўринишларини оптика ва кимё ёрдамида суратга кўчириш амалга оширилади. Уни дастлаб «фотогения», «фотогеник санъат» деб, кейинроқ эса, уни рассомлик санъатидаги рангтасвир ва графикага яқинлиги назарда тутиб, «фотография» деган ном билан аташди. Муҳими шундаки, суратга туширишни бадийлаштириш, фототехника асосида санъат асари яратиш бошланди. Айни пайтда, энди рангтасвирнинг куни битди, деган, шошиб айтилган фикрлар ҳам ўртага ташланди.
Бадиий сураткашликнинг, яъни нуртасвирнинг рангтасвирдан фарқи ва энг муҳим белгиси – бу унинг ҳужжатлилик хусусияти, ундаги ҳар бир суратга олинган ҳодиса реал асосга эга.
Кино.Энг миқёсли замонавий санъат тури ҳисобланади. Бугунги кунда у ҳамма ерда «ҳозиру нозир». Уни кинотеатрларда жамоавий, телевидение ва видеомагнитафон орқали эса оилавий ёки индивидуал томоша қилиш мумкин. Ҳозирги пайтда кино ўзининг дастлабки «ҳаракатдаги фотография» ҳолатидан шу қадар узоқлашиб кетганки, энди унинг овозсиз давридаги монтаж драматургиясига суяниб қолган санъат сифатида тасаввур ҳам қилиш қийин. Ҳозир актёрлар яратган, мураккаб психологизмга асосланган бадиий қиёфалар, адабий сценарий заминида экранлаштирилган реал ҳаётни бадиий акс эттирадиган давомли, кўпчизиқли сюжет биринчи ўринда туради. Кинода театрдагидек динамик драматизм ҳамда унинг асосини ташкил этган ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат (бунда фикрий ҳаракат ҳам назардан қочирилмаслиги лозим) асарнинг моясини ташкил этади. Бироқ кино, театрдан фарқли равишда, кадрлар орқали замондан-замонга «сакраб» ўтиш имконига эга, бироқ бу «сакраш», агар филм режиссураси пухта бўлса, томошабинга сезилмайди, у ҳозирги воқеаларнинг ибтидоси, сабабчиси – аввал бўлиб ўтган воқеалар эканини ҳис қилиб туради.
Телевидение.Агар эстрада «санъатдаги журналистика» бўлса, телевидениени «журналистикадаги санъат» дейишимиз мумкин. Ҳозир уни фақат оммавий ахборот воситаси ва санъат тарғиботини техниканинг энг янги ютуқлари асосида амалга оширувчи замонавий омил сифатида олиб қараш уни камсатишдан бошқа нарса эмас. Тўғри, тележурналистика мавжуд ва уни инкор этиш ақлга тўғри келмайди. Лекин айни пайтда ана шу реал ҳаёт реал воқеалар ва реал одамлар иштирокидаги «журналистик» сюжетларнинг санъат даражасига кўтарилганини, уларнинг эстетик аҳамият касб этганини яққол кўрамиз.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур боб мобайнида санъат хиллари, турлари ва жанрларини таснифлаштиришдек мураккаб масалаларни баҳоли қудрат кўриб ўтдик. Бизнинг баъзи мулоҳазаларимиз, илмий хулосаларимиз умумжаҳоний илдизга эга бўлган миллий эстетикамизда бу борадаги дастлабки назарий ёндашувлардир. Бироқ уларни мутлақлаштиришдан йироқмиз, асосий мақсад талабалар ва домлаларда мустақил фикрлаш малакасини юксалтиришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |