3. Фалсафанинг асосий функциялари. Фалсафий билимлар тизими.
Гуманистик дунёқарашга оид бўлган ғоялар биз ўзимиз нима учун яшаётганлигимизнинг маъноси тўғрисида ва бутун инсониятнинг вазифаси тўғрисида биз ўйлашимиз ва тахмин қилишимиз мумкин бўлган барча нарсаларни ўзида мужассам этган. Улар бизнинг турмушимизга йўналиш бериб туради ва унга қадр-қиммат бахш этади
Фалсафанинг функцияларидан бири - ижтимоий-аксиологик функцияси ҳисобланади. Ушбу функция: ижтимоий ҳаётни шарҳлаш ва танқид қилиш функцияларини бажарувчи сифатида кўринади. Бунга кўра Фалсафа Яхшилик, Адолат, Ҳақиқат, Гўзаллик сингари қадриятлар, ижтимоий-идеал тўғрисидаги тушунчаларни ишлаб чиқиш ташкил этади.
Фалсафанинг дунёқараш функцияларидан яна бири тарбиявий функциядир. Фалсафа илмининг, билишга нисбатан қўядиган талаблари инсондаги муҳим фазилатларни: ростгуйлик, ҳаққонийлик, саховат сингари маърифатли, маданиятли шахсга хос бўлган хусусиятларни шакллантиришга ёрдам беради. Фалсафа одамларни юзаки фикр юритишдан ва тор доирали тафаккурдан ҳимоя қилишга қодирдир. У доимо ўзгариб турадиган воқеа - ҳодисалар моҳиятини, улар ўртасидаги зиддиятларни мумкин қадар ўз ҳолича қандай бўлса, шундай акс эттириш мақсадида хусусий фанларнинг назарий ва эмпирик хулосаларидан фойдаланади.
Фалсафанинг яна баён этиш, ахборот бериш функцияси ҳам мавжуддир.
Фалсафанинг асосий вазифаларидан бири-бу фаннинг ҳозирги замон талабларига мувофиқ келадиган, тарихий амалиётга ҳамда инсоннинг интелектуал талабларига мос тушадиган дунёқарашни ишлаб чиқишдир. Ушбу функцияда фалсафа илмининг ўз объектини ўзига ўхшатиб инъикос этиш, унинг муҳим элементларини аниқлаш, тизимий алоқалари, қонуниятларини аниқлаб бериш, билимларни эгаллаш, янада чуқурроқ ишончли информация - ахборот олишнинг манбаи бўлиб хизмат қилиш каби вазифалари ўз ифодасини топган.
Фалсафа ўз усули жиҳатидан фанга нисбатан бир нечта функцияни: эвристик, координация килувчи, интеграцияловчи ҳамда мантиқий-гносеологик функцияларни бажаришга қодирдир.
Эвристик функциянинг моҳияти илмий билимларни янада ривожлантириш, илмий ихтиролар учун замин яратишда кўринади. Формал-мантиқий усул билан бир бутунликда тадбиқ этилган фалсафа усули фалсафа соҳасидаги билимларнинг ўсиб боришини таъминлайди.
Фалсафа усулларидан бирининг эвристик функциясини қараб чиқиш шуни кўрсатадики, хусусий фанларнинг ривожланишида, айниқса, гипотезалар ва назарияларни шакллантиришда фалсафанинг роли ғоят катта. Фалсафа илмий тадқиқотларда ҳар доим ҳам, кўзга яққол ташланиб туравермайди ва у ҳар доим ҳам методология сифатида олдинги қаторга қўйилавермайди. Аниқ илмий вазифа, албатта, аниқ усул орқали ёки шундай усулларнинг мажмуи орқали ҳал қилинади. Фалсафий усул эса кўпинча “орқа томондан” ҳаракат қилади: бунда у хусусий фан усуллари ҳамда умумилмий тушунчалар орқали иш кўради. Шу нарса аёнки, дунёқарашга хос бўлган тушунчалар ва тамойилларсиз фаннинг ривожланиши мумкин эмас.
Фалсафанинг интеграция килувчи функцияси. “Интеграция” атамаси (лотинча integration-тиклаш, тўлдириш демакдир) қандайдир қисмлар, бўлакларни бир бутун, яхлит ҳолга келтириб бирлаштириш деган маънони англатади. У кўпгина фанларда қўлланади ва амалда умумилмий тушунчалар мақомига эга.
Фалсафанинг мантиқий-гносеологик функциясининг вазифаси ушбу масалалар бўйича фалсафий усулнинг ўзини, унинг мавжуд тамойилларини ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, илмий билишнинг у ёки бу тушунчалари ва назарий структураларини мантиқий-гносеологик жиҳатдан асослаб бериш ҳам мана шу функция таркибига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |