I. Курс ишини тайёрлаш ва бажариш
1.1. Умумий қоидалар
Курс иши эмпирик, назарий ёки рефератив хусусиятга эга бўлган, замонавий юриспруденциянинг муайян муаммо ҳақидаги тасаввурларини акс эттирадиган ва ҳуқуқнинг тегишли соҳасида талабанинг билимлари даражасидан далолат берадиган кичик илмий-тадқиқот иши ҳисобланади.
Эмпирик хусусиятга эга бўлган курс иши берилган мавзуга доир адабиётлар тавсифини ва хусусий амалий тадқиқот натижалари ҳамда уларнинг муқаррар муҳокамасини ўз ичига олади. Назарий иш адабиётлар тавсифини, шунингдек назарий тадқиқот ва олинган натижалар муҳокамасини ўз ичига олиши лозим. Рефератив иш конкрет илмий муаммога доир адабиётларнинг тўлиқ ва тизимга солинган танқидий тавсифидан иборат.
Курс ишини тайёрлаш талабалар ўқиш жараёнида олган билимларини мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш ва умумлаштиришга кўмаклашади ва уларни ушбу билимларини амалда қўллашга тайёрлайди.
1.2. Курс иши мавзусини танлаш
Талаба курс ишининг мавзусини тегишли кафедра томонидан тасдиқланган муайян ўқув фанидан курс ишлари мавзулари рўйхатидан танлайди.
Курс иши мавзуси аниқ ва илмий, долзарб бўлиши лозим. У талабада мустақил тадқиқот олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга, қонунни қўллаш амалиётидаги муаммоларга яқинлашишга хизмат қилиши керак.
Танланган курс ишининг мавзуси кафедра мудири номига ариза билан расмийлаштирилади (қаранг: 1-илова). Ариза кафедрада рўйхатдан ўтказилади. Курс иши мавзусининг бир ўқув гуруҳида такрорланиши мумкин эмас.
Талаба курс ишини бажариш учун унга кафедра мудири томонидан илмий раҳбар тайинланади. Одатда семинар машғулотларини олиб борувчи ўқитувчи талабанинг курс ишини ёзишига раҳбарлик қилади. Башарти, курс ишини лойиҳалашга раҳбарлик курсда кафедранинг бир нечта ўқитувчиларига юклатилган бўлса, талаба аризасида илмий раҳбарнинг номзодини кўрсатиши мумкин.
1.3. Курс ишининг тузилиши ва мазмуни
1.3.1. Курс ишининг тузилиши
Курс ишинингтузилиши:
Титул варағи.
Мундарижа.
Кириш.
Асосий қисм.
Хулоса.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.
Иловалар (зарур ҳолларда)дан иборат бўлади.
Титул варағи
Курс ишининг титул варағида қуйидагилар:
вазирлик номи (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги);
олий ўқув юрти номи (Тошкент давлат юридик институти);
факультет номи (м-н: “1-ҳуқуқ”, “2-ҳуқуқ”, “3-ҳуқуқ”);
кафедранинг номи (м-н: “Жиноят ҳуқуқи ва криминология” кафедраси);
ихтисослик номи (юриспруденция);
курс ишининг мавзуси;
иш тури (курс иши);
ишни бажарган талабанинг фамилияси, исми ва отасининг исми, курси, гуруҳи ва таълим шакли ҳақида маълумот;
илмий раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исмининг бош ҳарфлари, илмий даражаси ва илмий унвони;
курс иши ҳимоя қилингани ҳақида штамп. Унда ҳимоя санаси ва ушбу ишга қўйилган баҳо, кафедра мудирининг фамилияси, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, илмий даражаси ва илмий унвони;
иш бажарилган жой ва йил кўрсатилади.
Титул варағининг тузиш намунаси 2-иловада келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |