Йиғиш жараёнида операция деганда, битта иш жойида бир ёки бир нечта ишчилар томонидан бирон бир қисм ёки машинада бажариладиган йиғиш жараёнининг бир қисмb тушунилади.
Операция ўтишлардан ташкил топган.
Ўтиш деганда, бир ёки бир неча ишчилар томонидан асбобни алмаштирмасдан бажариладиган ва бошқа ўтишларга бўлинмайдиган, тўлиқ тугалланган операциянинг бир қисми тушунилади.
Приём деганда, битта ишчи томонидан бажариладиган бир қатор оддий ишчи ҳаракатдан ташкил топган ўтишнинг бир қисми тушунилади.
Ўрнатиш деганда, йиғиладиган детал ва бирикмаларга маълум бир ҳолатни бериш тушунилади.
Оқим бўйича йиғиш технологиясини ишлаб чиқишда аввал йиғиш ишларининг тактини аниқлаб олиш зарур, чунки технологик жараёнларни алоҳида операцияларга тақсимлаш йиғиш тактига боғлиқ; алоҳида операцияларга вақт сарфи (иш ҳажми) тенг бўлиши ёки такт қийматига каррали бўлиши керак.
Ишлаб чиқариш характерига қараб механик ишлов беришдан ўтган деталларнинг керакли ўлчамларига келтириш ва шаклларига дастаки усулда йиғиш операциясигача бажарилиши керак.
Йиғишнинг технологик жараёнини бошқа қисмлари учун бир операция, ўтиш ва йиғиш жараёнининг бошқа қисмлари учун бажарилиши иши ва усули характерининг тўлиқ баёни берилиши зарур; зарур бўлган асбоб ва мосламалар кўрсатилиши, вақт миқдори, ишчилар сони ва уларнинг малакаси аниқланиши зарур. Шундай қилиб, йиғишнинг технологик жараёни маҳсулотни йиғиш учун зарур бўлган вақт сарфини, алоҳида операциялар ва барча ишлар учун зарур бўлган ишчилар сонини, барча ишчилар томонидан бажариладиган йиғиш ишлари учун вақт сарфини, деталларни, қисмларни ва агрегатларни (механизмларни) комплекс узатиш даврини аниқлайди.
28.2. Йиғиш операцияларининг кетма-кетлигини ва мазмунини танлаш, йиғиш схемасини тузиш
Кўпгина деталлар машинанинг йиғилиш жойига узатилишидан олдин бир-бири билан йиғма бирлик ҳосил қилиб бириктирилади. Қисмлар фақат алоҳида деталлардан ёки дастлаб (деталларни узелга ўрнатилгунга қадар) деталларни бир-бири билан бириктиришдан таркиб топади. Бундай дастлаб бириктирилган деталлар оддий бирикмани - "қисмча" ни ҳосил қилади. Бир неча йиғма бирликларни бириктириш натижасида агрегат ёки механизмларни ҳосил қилинади. Бундай бирикмалар ёки йиғма бирликка бевосита кирган деталларни ёки йиғма бирликни бириктириш учун хизмат қиладиган алоҳида деталларни бириктириш натижасида амалга оширилади.
Агрегатлардан (механизмлардан), қисмлардан ва алоҳида деталлардан бутун маҳсулот - машина йиғилади.
Кўриб ўтилган ҳар бир бирикма у ёки бу мураккаблик даражасидаги конструктив-йиғма бирликни ўзида намоён қилади. Юқорида баён қилинган қисмчани йиғиш кетма-кетлиги биринчи мураккаблик даражасидаги конструктив-йиғма бирликни ўзида намоён қилади; қисм - иккинчи мураккаблик даражасидаги конструктив йиғма бирликни ва агрегат (механизм) - учинчи мураккаблик даражасидаги конструктив-йиғма бирликни намоён қилади. Мураккаблигига қараб яхлит маҳсулот кўп ва оз сондаги конструктив-йиғма бирликларга бўлиб чиқилиши мумкин.
Шундай қилиб, йиғиш жараёни қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
а) қўлда бажариладиган чилангарлик ишлов бериш ва келтириш; бу кўпинча яккка тартибли ва майда серияли ишлаб чиқаришда қўлланилади; серияли ишлаб чиқаришда кичик ҳажмда қўлланилади; оммавий ишлаб чиқаришда бу босқич бўлмайди;
б) дастлабки йиғиш - деталларни агрегатларга, механизмларга бириктириш;
в) умумий (ёки якуний) йиғиш - машинани тўлиқ йиғиш;
г) созлаш - машина қисмларининг ўзаро ҳаракатланишининг тўғрилигини текшириш.
Машинани умумий йиғишга қуйидаги асосий опреациялар кириши мумкин:
а) деталларни маҳкамлаш; б) қўзғалмас деталларни йиғиш; в) ҳаракатланадиган деталларни йиғиш; г) айланадиган деталларни йиғиш; д) ҳаракатни узатадиган деталларни йиғиш; е) деталларни йиғиш учун белгилаш (якка тартибли ва майда серияли ишлаб чиқаришда); ж) қисмлар деталларининг оғирлигини ўлчаб кўриш ва мувозанатлаш; з) станина, рама, плита, корпусларни ўрнатиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |