25.3. Деталларга ишлов беришнинг электрофизик ва электрокимёвий усуллари
Электрофизик ишлов бериш жараёнининг моҳияти электрик разрядларни, магнетострикцион эффектни, электрон ёки оптик нурланишни қўллаб, заготовканинг шаклини, ўлчамларини ва (ёки) сирт ғадир-будирлигини ўзгартиришдан иборатдир.
Электрокимёвий ишлов бериш жараёнининг моҳияти электролитда электр токининг таъсирида заготовканинг материалини қориштириш натижасида заготовка шаклини, ўлчамини ва (ёки) сирт ғадир-будирлигини ўзгартиришдан иборатдир.
Электрод-асбобнинг шакли заготовкада акс этса, бундай электро-химиявий ишлов бериш электрохимиявий ҳажмий нусхалаш деб аталади. Агар электрод-асбоб ўзгармас кесимдаги тешик ҳосил қила бориб заготовкага кирса, бундай электрокимёвий ишлов бериш электрокимёвий тешиш деб аталади. Электрокимёвий йўниш ва электрохимиявий кесиш имкони ҳам бор. Электрокимёвий йўнишда заготовка айланади, электрод асбоб эса илгариланма ҳаракатланади.
Электроэррозияли ишлов беришда электрик разрядлар таъсирида электрик эррозия натижасида заготовканинг шакли, ўлчамлари ва заготовка сиртининг ғадир-будирлиги ва хоссалари ўзгаради. Электроэррозияли ишлов беришда ишлов бериладиган сирт электроэррозияли ишлов бериш вақтида электр разрядлар таъсир қиладиган электрод заготовканинг бир қисмидир.
Электроэррозияли ишлов бериш турларига электроэррозияли мустаҳкамлаш, ҳажмий нусха кўчириш, тешик очиш, маркалаш, қирқиш, кесиш, жилвирлаш ва бошқалар киради.
Электрофизик ва электрокимёвий ишлов бериш усуллари анъанавий усулда ишлов берилиши қийин бўлган, юқори мустаҳкамликдаги материалларни қўлланиши сабабли пайдо бўлди. Янги усуллар мураккаб шаклдаги деталларни (штамплар, пресс шакллар), бикирлиги паст бўлган ёки кичик ўлчамдаги деталларни (думалоқ тешикли, тирқишли) ишлов бериш самарали эканлиги ҳамда заготовкага механик таъсир қилиш чегараланган, ёки кесувчи асбоб (фреза, парма, кескич) ишлов бериладиган сиртга келтириб бўлмайдиган ҳолларда ҳам самарали эканлиги маълум.
Заготовкаларга электрофизик ва электрокимёвий ишлов бериш усуллари катта потенциал имкониятларга эга. Улар юкланишнинг ва темпратуранинг кенг диапозонларида ҳамда агрессив муҳитда ишлайдиган машина, жиҳоз ва ускуналарнинг деталларини анъанавий усулда тайёрлашни тўлдиради ва айрим ҳолларда алмаштиради. Электрофизик ва электрокимёвий ишлов бериш усули, айниқса, асбоб штамплаш ишлаб чиқаришида: қуйма шаклларни, пресс-шаклларни, кокилларни тайёрлашда самарали бўлади. Бу усул тўлиқ ёки кўплаб юқори малакали ишчиларнинг ўрнини босади.
Синов саволлари
Лазер нима?
Лазерли пайвандлашнинг қандай турларини биласиз?
Лазерли пайвандлаш қандай афзалликларга эга?
Лазер ёрдамида металлар қандай кесилади?
Анъанавий усулда термик ишлов беришга қараганда лазерли термик ишлов беришнинг қандай афзалликлари бор?
Лазер ёрдамида тешик ҳосил қилишни тушунтириб беринг.
Лазер нури қандай ҳосил қилинади?
Лазерли пайвандлашни атмосферада амалга ошириш мумкинми?
Деталларга ишлов беришнинг электрофизик усулининг моҳияти нимада?
Деталларга ишлов беришнинг электрокимёвий усулининг моҳияти нимадан иборат?
Do'stlaringiz bilan baham: |