Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ижтимоий-меҳнат муносабатларининг назарий-услубий асослари масаласи дастлаб А.Смит, Д.Рикардо, В.Петти, Ф.Кене, М.Кейнс, Р.Дарендорф, Р.Кнаака, Г.Луи Лери, Д.Мандел ва бошқаларнинг илмий асарларида тадқиқ этилган. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ижтимоий-меҳнат муносабатларини ривожлантиришнинг айрим назарий ва амалий жиҳатлари МДҲ мамлакатлар иқтисодчи олимлари Л.И.Абалкин, А.Г.Аганбегян, Б.Д.Бреев, В.В.Басов, Н.А.Волгин, Б.М.Генкин, А.Ф.Зубков, Е.М.Капустин, М.Н.Кулапов, М.К.Мельдаханова, Н.К.Нурланова, Ю.Г.Одегов, Ю.Н.Попов, Г.Г.Руденко, А.И.Рофе, Б.Л.Татибеков ва бошқаларнинг илмий тадқиқотларида таҳлил қилинган.
Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ижтимоий-меҳнат муносабатларининг назарий ва амалий муаммолари республикамиз иқтисодчи олимлари А.А.Абдуғаниев, К.Х.Абдурахмонов, Х.П.Абулқосимов, А.В.Вахобов, С.С.Ғуломов, В.В.Ким, И.И.Искандаров, Ш.Н.Зайнутдинов, Л.П.Максакова, А.Ф.Расулев, Н.К.Зокирова, Д.Н.Рахимова, Н.Х.Рахимова, А.А.Сотволдиев, Г.К.Саидова, К.С.Саидов, М.Л.Турсунходжаев, Р.А.Убайдуллаева, Б.Х.Умурзоқов, З.Я.Худайбердиев, Н.Х.Хўжиев, Ш.Р.Холмўминов, Р.Х.Шодиев, М.Ш.Шарифходжаев, Ш.Г.Юлдошев ва бошқалар томонидан илмий изланишлар олиб борилган.
ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб иқтисодчи олимлар ва амалиётчи мутахассислар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти масалалари билан яқиндан шуғуллана бошладилар. Бироқ мазкур ишларда ижтимоий-меҳнат муносабатлари масалалари эътибордан четда қолган ёки иккиламчи муаммо сифатида қаралган.
Аммо ҳозирги давр иқтисодий адабиётларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда ижтимоий-меҳнат муносабатларининг замонавий усуллари тўғрисида кўпгина илмий изланишлар таҳлили мавжуддир. Барча ривожланган мамлакатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар иқтисодиётнинг ҳал қилувчи бўғини сифатида ўзгаришларнинг бир неча босқичини бошидан кечирди ва ана шу даврлар давомида анча катта тажриба ҳамда назарий материаллар тўпланди. Шу билан бир қаторда, чет эл адабиётларида меҳнат мунносабатлари, унинг мотивацияси, иш ҳақи, ҳамда унинг ижтимоий-меҳнат муносабатларини такомиллаштиришдаги ўрни масалалари, ривожланган бозор иқтисодий тизими нуқтаи назаридан қараб чиқилганини кўрсатиш лозим.
Замонавий бозор иқтисодиётини ривожлантириш жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятда ижтимоий-меҳнат муносабатлари тизими ижтимоий, психологик ва бошқа омиллар ичида муҳим аҳамиятга эгадир. Кичик ва хусусий тадбиркорлик ҳозирги вақтда ҳам, келажакда ҳам корхоналар персоналининг аксарят қисми учун асосий даромад манбаи бўлиб қолар экан, меҳнат самарадорлигини оширишнинг энг муҳим омили сифатидаги аҳамиятини йўқотмайди.
Мамлакат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда ижтимоий-меҳнат муносабатлар тизимини назарий ва амалий асосларини махсус тадқиқотлар ўтказиш орқали ишлаб чиқиш унинг самарадорлигини оширишнинг энг истиқболли йўли ва усулларини аниқлаш иқтисодиёт фанининг энг долзарб масалаларидан биридир. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси минтақаларида, жумладан Самарқанд вилоятидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда бу муаммонинг ечимига талаб даражасида эътибор берилмаётганлигига, соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини янада юксалтириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланмасликка сабаб бўлмоқда.
Мазкур тадқиқотда юқорида қайд этилган масалаларни Самарқанд вилояти миқёсида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар иш натижаларини ҳар тарафлама чуқур таҳлил этиш асосида бу корхоналар ўз фаолиятида фойдаланишлари мумкин бўлган илмий хулосалар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |