Мавзунинг долзарблиги. Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини шаклланиши ва ривожлана бошлаганига нисбатан кўп вақт бўлган бўлса ҳам, ушбу фаолият республикамизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишининг муҳим таркибий қисмига айланиб бормоқда. Тадбиркорлик фаолияти ҳозирги вақтда иқтисодий жараёнларнинг барча жабҳаларига тобора кучлироқ кириб бормоқда. Аммо унинг миллий иқтисодиётдаги самарадорлиги кўп жиҳатдан янгича ижтимоий меҳнат муносабатларини шакллантириш ва ривожлантиришга боғлиқ.
Ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат муносабатлари таҳлили шундан далолат бермоқдаки, ҳозирги вақтда инсонларни юқори унумли меҳнатга ва ижтимоий фаоликка ундашнинг анъанавий усуллари кўп ҳолларда самарасиз бўлиб, замонавий бозор муносабатлари шароитига яроқсиздир.
Бу ҳолат ижтимоий ва меҳнат соҳасини ислоҳ қилувчиларни янги, кўпроқ самарали ва муносабатлари шароитларига мос бўлган ижтимоий ривожланиш шакллари ва усулларини излашга йўналтирди. Маълум вақт давомида ижтимоий меҳнат муносабатларининг эски ва замонавий тизимлари бир вақтда ва ўзаро рақобатчилик шароитида амал қилди. Охир оқибатда рақобатчилик кураши ҳамда ижтимоий меҳнат муносабатларининг ўзгариб бориши жараёнида янги, бозор муносабатларига мос бўлган иқтисодий фаолият шакллари ва усуллари устунлик қила бошлади. Бунда хусусий бизнес ва тадбиркорлик фаолияти ҳал қилувчи рол ўйнай бошлади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти соҳасини ривожлантиришда ижтимоий-меҳнат муносабатлари самарадорлигини ошириш алоҳида ўрин эгаллашини тасдиқлаш керак. Миллий иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий корхоналарни жадал ривожлантириш, уларда ижтимоий-меҳнат муносабатлар тизимини янги кўринишларини шакллантириш ва такомиллаштириш билан бир қаторда уларни ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини ошириш масаласи ўта муҳимдир. У умумий кўринишда меҳнат жамоаси аъзоларининг тадбиркорлик соҳасида мақсадларига эришишга самарали ҳисса қўшиш орқали ўз шахсий манфаатларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ташқи ва ички таъсир кўрсатишни мужассамлаштиради.
Мамлакат иқтисодиётини жадал суръатлар билан ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка биринчи даражали аҳамият берилаётганлиги, ҳамда бу соҳани янада ривожлантириш бевосита ижтимоий-меҳнат муносабатлари билан боғлиқлиги мазкур диссертация иши мавзусининг долзарблигини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш назарияси ва амалиётининг таҳлили мамлакатимиз иқтисодиёт фани эътиборини тобора ўзига тортмоқда. Бу биринчидан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ижтимоий-меҳнат муносабатларини ривожлантириш мамлакатда бозор иқтисодиёти ислоҳотларининг асосий ва устувор йўналишларидан бири эканлиги; иккинчидан, давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида иқтисодиётни янада эркинлаштириш, одамларда мулкка эгалик, тадбиркорлик ва ташаббускорлик ҳиссини кучайтириш учун барча ҳуқуқий, ташкилий-иқтисодий шарт-шароитларни яратиб берилганлиги; учинчидан, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг чуқур илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш зарурати билан изоҳланади ва мавзунинг долзарблигини кўрсатади.