101-модда. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиб одам ўлдириш
Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни қонунийлик шартларига риоя қилган ҳолда ушлаш вақтида уни ўлдириш жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайдиган ижтимоий фойдали ҳаракат сифатида баҳоланади. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиш ушланаётган шахснинг ўлимига олиб келса, шарҳланаётган моддада назарда тутилган жиноий жазоланадиган қилмишни вужудга келтиради.
2. Ҳар қандай шахсда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқи бўлгандагина, ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиш мумкин.
3. Жиноят содир этган шахсни ушлашда уни ўлдириш, шахсни ушлашнинг зарур чегараларидан четга чиқилмаган бўлсагина қонуний ҳисобланади. Ушлаш вақтида одам ўлдириш ушланувчи шахс томонидан оғир жиноят содир этилгандагина қонуний бўлади.
4. Жиноят содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари-нинг ушланаётган шахс содир этган қилмиш хусусияти ва ижти-моий хавфлилиги даражасига ҳамда шахсни ушлаш вазияти ўлим тарзида ҳаддан ташқари зарар етказишни юзага келтирмайдиган ушлаш ҳолатига ошкора мувофиқ келмаслиги шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиш деб топилади.
5. Ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиш фак-тини аниқлашда қуйидагиларни инобатга олиш зарур:
* ушланаётган шахс томонидан содир этилган жиноятнинг характери ва ижтимоий хавфлилик даражаси;
* ушлаш ҳолатлари;
* зарар етказишнинг зарурлиги ва етарлилиги.
Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини аниқлашда жиноят объектини, оқибатлар ҳажмини, айбнинг шак-лини, жиноят содир этиш усулларини, жиноятчининг шахсини ва ҳоказоларни ҳисобга олиш зарур. Ушлаш ҳолатларини баҳолашда қуйидаги омилларга эътиборни қаратиш лозим: ушланувчи шахс-нинг жисмоний жиҳатлари, жинси, ёши, жисмоний кучи, унда қу-рол бор-йўқлиги, ушлаш жойи ва ҳоказо.
Етказилган зарар ушланаётган шахсни ҳокимият органларига етказиш учун йўналтирилган ва ушбу вазифани таъминлаш учун етарли бўлиши лозим бўлгандагина зарурий деб тан олиниши лозим.
6. Шахсни ушлаш учун уни ўлдириш зарур бўлмаганда, яъни ушланаётган шахс содир этган жиноятнинг хусусияти ва ижтимо-ий хавфлилигига очиқ-ойдин мос бўлмаган равишда содир этилгандагина ЖК 101-моддаси бўйича жавобгарлик келиб чиқади.
7. Қонун жиноят содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини чегараламайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бир қатор ходимлари учун жиноятчиларни ушлаш уларнинг хизмат вазифаси ҳисобланади.
8. Қуйидаги ҳолатлар жиноят содир этган шахсни ушлаш учун асос бўлиши мумкин:
* шахс жиноят содир этилаётган жойда воқеа содир этилаётгани устидан чиқиб қолиши ёки бевосита содир этилгандан кейин келиши;
* гувоҳлар ёки жабрланувчи шахслар жиноят содир этган шахсни тўғридан-тўғри кўрсатиши;
* субъектнинг ўзида ё унинг эгнидаги кийимида ёки унинг турар жойидаги ёхуд унга тегишли бўлган буюмларда яққол жиноят изларининг ёки ашёвий далилларнинг топилиши;
* жиноятчини қидириш тўғрисидаги қарорнинг мавжудлиги;
* жиноятчининг қочиб юрганлиги бўлиши.
9. Шарҳланаётган жиноят объектив томондан фақат фаол ҳаракатлар билан тавсифланади ва ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашнинг зарур чоралари чегарасидан четга чиқиш натижасида одам ўлдириш билан тугалланади.
10. Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашнинг зарурий чоралари чегарасидан четга чиқиб, уни ўлдиришнинг субъектив томони қасдда ифодаланади.
11. (Шахсни ушлаш тўғрисида батафсилроқ ЖКнинг 39-моддаси шарҳига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |