Тўлиқ индукция индуктив хулоса чиқаришнинг шундай турики, унда бирорта белгининг маълум бир синфга мансуб ҳар бир предметга хослигини аниқлаш асосида, шу белгининг берилган синф предметлари учун умумий белги эканлиги ҳақида хулоса чиқарилади.
Тўлиқ индукция предметларнинг кичик синфига, элементлари яққол кўзга ташланиб турадиган, миқдор жиҳатдан чекланган ёпиқ системаларга нисбатан хулоса чиқаришда ишлатилади. Масалан, Қуёш системасига кирувчи планеталар, НАТОга аъзо давлатлар, бирорта шаҳарда жойлашган корхоналар ва шу кабилар ҳақида хулосаларни тўла индукция йўли билан олиш мумкин. Хусусан, Қуёш системасига кирувчи планеталар ҳаракатининг йўналиши соат стрелкаси ҳаракати йўналишига тескари эканлиги ҳақидаги хулоса айнан ана шу усул ёрдамида ҳосил қилинади. Худди шунингдек, «Барча металлар электр токини ўтказади», «НАТОга аъзо давлатлар шу ташкилотнинг уставига риоя қиладилар», «Тошкент шаҳридаги барча корхоналар электр энергияси билан тўла таъминланган» каби умумий ҳукмлар орқали ифода қилинган хулосавий билимлар ҳам тўлиқ индукцияни қўллаш асосида шаклланади.
Тўлиқ индукцияда муҳокаманинг қурилиш схемаси қуйидаги кўринишга эга:
S1 предмети Р белгига эга
S2 предмети Р белгига эга
... ... ... ... ... ... ... ... ... ... ... ... ... ...
Sn предмети Р белгига эга
Фақат S1, S2,..., Sn ларгина С
синфини ташкил этади
С синфининг ҳар бир предмети Р
белгига эга
Символик ифодаси эса қуйидагича:
Р (х1)
Р (х2)
... ... ...
Р (хn)
<х1, х2,..., хn>С
х((хС)Р (х))
Предметларнинг ёпиқ тўпламини ўрганиш эмпирик тадқиқотнинг аниқ бир синфни билиш билан чегараланганлигини билдиради. Ана шунинг учун ҳам асослардаги ҳар бир предмет ҳақидаги маълумот қайд этилган белгини синф предметларининг барчасига ёйиш, уларга тегишли, деб айтиш учун мантиқий асос бўла олади.
Демак тўлиқ индукциянинг асосий хусусияти шундаки, унда берилган синфга мансуб барча предметлар бирма-бир ўрганилиб чиқилиши, улар ҳақида якка ҳукмлар ҳосил қилиниши ва асослар сифатида қабул қилиниши зарур.
Тўлиқ индукциянинг яна бир муҳим хусусияти бор: унинг асослари ҳам, хулосаси ҳам аниқ, текширилган, эҳтимолдан холи фикрларни акс этиргани учун, улар қаътий ҳукмлар орқали ифодаланади. Масалан, оддий қаътий силлогизмни ўрганишни унинг 1-фигурасидан бошлаб, унинг тўғри модусларга эгалигини аниқлаймиз. Шу йўл билан силлогизм II, III, IV –фигураларини кўриб чиқамиз; уларнинг ҳам ҳар бирининг тўғри модусларга эга эканлигининг гувоҳи бўламиз. Натижада силлогизм фигураларининг бу хусусиятини якка ҳукмларда ифода этамиз ва тўлиқ индукция бўйича хулоса чиқариш учун асос қилиб оламиз ҳамда хулоса чиқарамиз. Унда юритилаётган муҳокама жараёни қўйидаги шаклга киради:
Силлогизмнинг I - фигураси тўғри модусларга эга;
Силлогизмнинг II – фигураси тўғри модусларга эга;
Силлогизмнинг III – фигураси тўғри модусларга эга;
Силлогизмнинг IV – фигураси тўғри модусларга эга;
Юқоридаги фигуралар силлогизмнинг ҳамма фигураларидир
Демак, силлогизмнинг ҳамма фигуралари ўзининг тўғри модусларига эга.
Тўлиқ индукциянинг асослари ва хулосасини уларнинг структураси жиҳатидан олиб таҳлил қилсак, қуйидаги ҳолни кузатиш мумкин. Асос бўлиб келаётган ҳукмлар субъектлари мантиқий синфнинг алоҳида элементларини ифода этади. Хулосанинг субъекти эса бир бутун мантиқий синфни акс эттиради. Асослар ва хулоса предикатлари предметлар белгисини ифода қилади. У асосларда синфнинг алоҳида олинган ҳар бир элементига тегишли белги сифатида фикр қилинади. Хулосада эса у белги бутун синфга кўчирилиб, унга тегишли умумий белги сифатида қайд этилади. Фикримизни қўйидаги мисол орқали ойдинлаштирамиз:
Зардўшт Қадимги Хоразмда туғилган
Будҳа Ҳиндистонда туғилган
Мусо Мисрда туғилган
Исо (Иисус Христос) Қуддусга яқин Вифлемда туғилган
Муҳаммад Маккада туғилган
Улар буюк динларнинг асосчиларидир
Демак, буюк динларнинг асосчилари Шарқдан чиққанлар.
Келтирилган мисолда биз эътиборимизни қаратишимиз зарур бўлган муҳим бир томон бор. У ҳам бўлса, фақат хулосанинг субъектигина (Буюк динлар асосчилари) эмас, балки предикатининг (Шарқдан чиққан) ҳам асослардаги предикатлар (Хоразм, Ҳиндистон, Миср, Қуддус, Маккаларда туғилганлиги) синфидан ташкил топганлигидадир. Яъни, хулоса - Р, асослардаги Р1, Р2,..., Рn турларидан, модификацияларидан ташкил топган. Бошқача айтганда, унда асослар субъектлари - хулоса субъектида, асослар предикатлари - хулоса предикатида синфларга бирлаштирилган ва мантиқан умумлаштирилиб, умумий ҳукм шаклидаги хулоса ҳосил қилинган.
Тўлиқ индукцияга хос бўлган яна бир хусусиятни кўрсатиш мумкин. Бу унинг асосларда ва хулосада кўрсатилган предметлардан бошқа предметлар ҳақида билим бермаслигидан иборат.
Ниҳоят, тўлиқ индукциянинг хулосасининг аниқ ва чин бўлиши билан дедуктив хулоса чиқаришга ўхшаб кетишини қайд этиш зарур.
Буни тўлиқ индукцияни силлогизм III – фигураси билан солиштириш, уларнинг ўхшаш томонларини ажратиш йўли билан кўриб чиқиш мумкин. Биринчидан, уларнинг иккаласи ҳам аниқ хулосалар беради. Бунга асосий сабаб шуки, синфга мансуб барча предметлар бирма-бир ўрганилиб чиқилади. Иккинчидан, уларнинг хулосасида предикат ифода қилувчи фикр (белги ҳақидаги фикр) мантиқий турдан мантиқий жинсга (мантиқий синфга) кўчирилади. Силлогизм III – фигурасида хулоса жузъий ҳукмлар тарзида келиб чиқади, лекин асосларда кўрсатилган предметларга қараганда кўпроқ бўлган предметлар синфи ҳақида фикр билдирилади, яъни предикат (белги ҳақидаги маълумот) турдан жинсга кўчирилади. Масалан:
Китоблар – маънавий бойлик
Китоблар - ақлий меҳнат натижалари
Демак, ақлий меҳнат натижаларининг баъзилари маънавий бойликдир.
Бунда «маънавий бойлик» бўлиш белгиси (Р) «китоблар»дан «ақлий меҳнат натижалари» га кўчирилади. Китоблар – маънавий бойлик, ақлий меҳнат натижалари. Маънавий бойлик эса, ақлий меҳнат натижаларининг бир туридир.
Тўлиқ индукция билан силлогизм III-фигурасининг бир-биридан фарқ қиладиган томонлари бор, албатта. Хусусан, силлогизм III-фигурасининг хулосаси - жузъий ҳукм, тўлиқ индукциясининг хулосаси - умумий ҳукмдан иборат. Лекин бу тўлиқ индукция хулосасининг аниқ, қатъий бўлишга шуҳба туғдирмайди. Бу ерда биз учун энг муҳими шудир.
Тўлиқ индукция таҳлилига якун ясаб, унинг хулосасининг аниқ, қатъий бўлишини, предметларнинг кичик синфи ҳақида эмпирик материалларни умумлаштириш йўли билан хулосавий билим олишнинг самарали воситаси эканлигини алоҳида қайд этса бўлади.
Объектив оламдаги предмет ва ҳодисаларнинг катта синфларини, уларнинг амалда чексиз бўлган хоссаларини тажриба ва кузатишда тўлалигича қамраб олиб бўлмайди. Ана шунинг учун ҳам тўлиқ индукциянинг билиш жараёнидаги имкониятлари ўз чегарасига эга, деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |