Павлуснинг сифатлари
Павлуснинг мактубларида тартибланган ва «Ҳ.Ф.» китобида зикр қилинган ҳолатлари ва сўзларидан уни ажратиб турувчи учта сифати яққол кўзга ташланадики, булар уни масиҳийликка даъват қилувчиларнинг йўлбошчиси бўлишига олиб борди.
Биринчи сифати: У доимий серҳаракат, чарчамайдиган серқувват ва эринмайдиган шахс бўлган.
Иккинчи сифати: У пишиқ, ҳийласи ўткир, фикрлаш доираси кучли, ҳар ишни ғоятда ўткирлик билан ҳал қилувчи ва усталик билан амалга оширувчи шахс бўлган.
Учинчи сифати: У кўпчилик қалбига таъсир қила олувчи ва уларнинг хоҳиш-истакларини эгаллай олувчи шахс бўлган.
Павел ана шу аъло сифати ва ўткир қудрати билан масиҳий даъватчиларнинг меҳр маркази бўлишга, ўзининг раъй-фикрларини масиҳийларга фарз этиш ва уни дин қилиб олишларига, унинг сўзини ҳужжат қилиб олишлари ва Худодан келган ваҳий деб тан олишларига эриша олди.
Павлус ана шундай ажойиб сифатлари билан дўст Барнабони Исо Масиҳни кўрганига ишонтира олди ва шогирдлар ўртасида биринчи даражани эгаллашга эришди, ваҳоланки, у уларга фитна, бало ва шайтоннинг ҳийласи бўлиб келганди. Ана шундай кучли сифатлар билан у ҳаворийларни унинг ўтмишини унутишлари ва уни фақат яхши инсон деб қабул қилишларига эриша олдики, ҳатто кўпчилик ичида унинг сўзини рад қила олмай қолдилар. Ҳатто бориб-бориб ҳозирги масиҳийлик Павел табиатининг кўчирмасига айланди қолди. Динлар борасида шуғулланган ва ундаги шахсларнинг ҳолатлари ва тутган мавқеларини биладиган кишилар гоҳи: «Қандай қилиб бир динга кофир бўлган одам ҳеч қандай турткисиз бир юмалаб шу динга қаттиқ эътиқод қилиш ҳолатига ўтиб қолди?» деб ажабланадилар. Бунга унча ажабланмаса ҳам бўлар эди, қачонки бу куфрдан иймонга ўтишнинг ўзидангина иборат бўлса. Чунки бунга мисоллар кўпдир. Лекин ҳаммадан ажабланарлиси бир шахснинг бир динга нисбатан мутлақ куфрдан, ўзи кофирлик қилган, қарши чиққан, душманлик қилган худди шу динга пайғамбарлик даражасига кўтарилишидир. Мана бунинг ўхшаши ҳам, мисоли ҳам кўрилмаган, бу нарса ҳеч бир набий ва расулда содир бўлмаган ҳодисадир. Мана масиҳийлар ўзлари иймон келтириб ривож қиладиган яҳудийлар Тавроти, қадимги Аҳд китобларидан бирор-бир пайғамбарнинг ҳаётининг аввалида ваҳийни қабул қилишга тайёргарлиги бўлмай, илҳом аҳлидан бўлиши учун покиза нафсли бўлмай элчилик вазифасига тайинланганини бизга зикр қила оладиларми? Пайғамбарликдан илгари унинг аломати мавжуд бўлмас экан ҳеч, бўлмаса унга қарама-қарши туриш содир бўлмаган бўлиши керак-ку! Лекин ҳайратомуз Павлус ўз замонида бу таажжубни енгиб, ўзидан кейин масиҳийларни унга сўзсиз итоат этишга мажбур қила олди ва унинг сўзлари, раъй-фикрлари ҳамда таълимотларини ўрганаётганларида ақлни унутиб қўйишларига имкон топа олди.
Гарчи Павлуснинг заковати ва усталиги кўпчиликнинг ақл кўзига парда тортган бўлсада, масиҳийлар ичида унинг сўзларига қарши кучли мулоҳаза билдириб инкор қилувчи ва ботилга чақирувчи кишилар ҳам бўлган. Руҳоний Абдулаҳаднинг сўзини келтирамиз: «Янги аҳд» китобларидан 15 та мактуб ушбу (Павел) исмини ўз ичига олади. Агар сен ҳозирги масиҳийликнинг ҳақиқий муассиси Павлус десанг ҳайратга ўрин йўқдир. Бенямин уруғидан, фарзийлар мазҳабидан ҳамда замонасининг олимларидан биринчи шогирди бўлган... Тарслик йигит Шоул Исо номини ва унга эргашганларни ер юзида йўқ қилиб юбориш йўлида бор кучини сарф қилган. Ўзининг Назаретлик душманини (яъни Исони) пешин пайти осмондан тушган нур атрофини ёритиб юборганда кўрган бу йигит ҳидоят топди ва Павлус деб номланди. Ана у Исавийлик асосини қўйган кишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |