Синекдоха. Синекдоха-грекча «бирга англамоқ» демакдир. Қисм орқали бутунни ёки аксинча бутун орқали қисмнинг ифодаланиши синекдоха дейилади. Масалан, тирноқ сўзининг «бола» маъносида бош, туёқ сўзларининг «қўй», «сигир» маъносида ишлатилиши қисм орқали бутунни ифодалашдир. Қўл сўзининг бармоқ (қўлидаги узугим), қўй сўзининг (қўйнинг териси-қўй телпак) маъноларида қўлланилиши бутун билан қисмнинг ифодаланишидир. Олма, ўрик, нок, беҳи, жийда, узум каби мева номлари орқали дарахтни ифодалаш, шунингдек, самовар (чойхона), эшик (уй) кабилар ҳам синекдоха орқали маъно кўчишидир.
Вазифадошлик. Бир предмет вазифасини иккинчи бир предмет бажариши асосида ном кўчиш вазифадошлик дейилади. Маънонинг бу усулда кўчиши метафорага ўхшаб кетади. Бироқ бу усулдаги маъно кўчиши предметлар орасидаги ташқи ва ички ўхшашликка эмас, балки вазифавий ўхшашликка асосланади. Масалан, қанот (қушнинг қаноти, самолётнинг қаноти), ўқ (ёй ўқи, замбарак ўқи) каби. Вазифадошлик фақат от туркумига хос ҳодисадир.
Киноя. Сўзни тескари маънода қўллаш киноя дейилади. Киноя билан айтилган сўзлар қўштирноққа олинади.
Сўзнинг шакл ва маъно муносабатига кўра турлари
Тилдаги сўзлар маъноси ёки шаклига кўра бир-бирига алоқадор бўлади.
Маъно муносабатига кўра сўзлар: маънодош, (синоним), зид маъноли (антоним), шакл муносабатига кўра эса: шаклдош ва талаффуздош (пароним) сўзларга бўлинади.
Маънодош сўзлар (синоним). Синоним грекча-«бир ном» демакдир. Бирдан ортиқ сўзларнинг бир маънони англатишидан синонимлар ҳосил бўлади.
Шакли ҳар хил бўлиб, бирлаштирувчи маъноси бир хил бўлган сўзлар синонимлар дейилади. Бундай сўзлар айнан бир маънони ифодаласа-да, турли маъно нозикликларига ҳам эга бўлади. Масалан, бет, афт, башара, чеҳра, жамол синонимлари учун «юз» маъносининг ифодаланиши бирлаштирувчи маъно.
Ушбу сўзлардан бет, афт, башара «юз» маъносининг салбий, чеҳра, жамол ижобий ҳолда ифодалаши шу сўзлардаги маъно нозикликларидир. Синонимларнинг кетма-кет қўйилиши синонимик қатор (синонимик уя) дейилади. Синонимик қатор камида иккита сўздан ташкил топади. Масалан, одам, киши, инсон; чиройли, зебо, барно, юрт, ватан, ўлка, диёр.
Синонимик қатордаги бир сўз бошқаларига кўра кўп ишлатилади. Масалан, юрт, ватан, ўлка, диёр сўзларидан ватан сўзи бошқаларига нисбатан кўп қўлланилади. Синонимик қатордаги бундай сўз доминанта (бош сўз) дейилади.
Синонимик қатордаги сўзлар қуйидаги хусусиятлари билан ўзаро фарқланади:
Эмоционал бўёқдорлиги билан. Сўзлардаги эмоционал бўёқдорлик икки хил: ижобий бўёқ: жилмайди, танавул қилди, бўйчан, одобли, билимли.
Бирор нутқ услубига хослиги билан. Масалан, осмон-умумнутққа хос, само-бадиий нутққа хос, фалак-сўзлашув нутқига хос.
Адабий тилда қўлланилиши ёки қўлланмаслиги билан. Масалан, одам, инсон, башар синонимларидан башар; қуёш, шамс синонимларидан шамс адабий тилда қўлланилмайди.
Нутқда фақат бир маъноли сўзлар эмас кўп маъноли сўзлар ҳам бошқа сўзлар билан бир неча маънода синоним бўла олади.
Синонимларнинг нутқий вазифалари қуйидагилар:
Синонимлар нутқда фикрни аниқ ва мақсадга мос ифодалаш вазифасини бажаради.
Фикрда ортиқча сўз такрорини олдини олади.
Адабий тилни бойитади.
Ўзбек тили синонимларга бой тилдир. Синонимларнинг кўплиги тилнинг бойлиги бўлиб, бир маънони турли даражаларда ифодалаш имконини беради. Масалан, «қарамоқ» тушунчасини ифодаловчи тикилиб қолди «узоқ қарамоқ», қиё боқди «бир қараб қўймоқ», зимдан кузатди «яширинча қарамоқ» каби маъноларни ифодалаган.
Синонимлар қуйидаги турларга бўлинади:
Луғавий синонимлар.
Грамматик синонимлар.
Луғавий-фразеологик синонимлар.
Услубий синонимлар.
1. Луғавий синонимлар. Сўз ва ибораларнинг ўзаро синоним бўлиши луғавий синонимлар дейилади. Луғавий синонимлар доирасида сўзлар: мард, жасур, ботир; якка, ёлғиз, танҳо; иборалар: ҳафсаласи пир бўлди, қўлини қўлтиғига урди ўзаро синоним бўлади.
Луғавий синонимлар 2 хил бўлади:
Тўлиқ синонимлар.
Маънавий синонимлар.
Синоним сўзлар маъноси ва ишлатилиши жиҳатидан фарқланмаса тўлиқ синоним дейилади. Масалан, тилшунос-лингвист; жуда-ғоят-ғоятда.
Синонимлар ўзаро маъно қирраси билан фарқланса, маънавий синоним дейилади. Масалан, катта, йирик сўзлари «катталикни» ифодалайди. Бироқ катта сўзи катта нарсаларнинг катталигини (катта бино), йирик сўзи эса кичик нарсаларнинг катталигини (узумнинг доналари йирик-йирик) билдиради. Шунингдек, ҳўл, шалаббо; нотўғри, хато; юрак, қалб каби.
2. Грамматик бирликларнинг (қўшимчалар, гапларнинг) синоним бўлиши грамматик синонимлар дейилади. Масалан, -яп, -ётир, моқда қўшимчали сўзлар келаяпти, келаётир, келмоқда қўшимчалар синонимлигидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |