Ўзлик нисбати. Ҳаракатнинг бажарувчиси ва ҳаракат объекти ҳам бир шахснинг ўзи бўлади. Бу нисбат қуйидагича ҳосил бўлади:
а) феъл негизига -н (-ин), -л (-ил) қўшимчаларини қўшиш билан ҳосил бўлади: таран, ўран, ювин, кийин, суркал, чўмил;
б) феъл ясови-лан қўшимчаси билан ясалган феъллар ҳам ўзлк нисбатида бўлади: шодланди, жонланди, таъсирланди каби.
Ўзлик нисбати ўтимли феълни ўтимсиз феълга айлантиради: тара, юв-ўтимли; таран, ювин-ўтимсиз.
Ўзлик нисбати яйра, ухла, бор, кул, кел каби ўтимсиз феъллардан, шунингдек тўқи, ўқи, кес, чиз, ёз каби ўтимли феъллардан ясалмайди.
Мураккаб феълларда ўзлик нисбати қўшимчаси етакчи феълга қўшилади: ювиниб олди, ўраниб олди.
Мажҳул нисбат. Бу нисбатда ҳаракат ҳолатнинг объекти (тўлдирувчи) гапда эга вазифаси шаклида бўлади, ҳаракатнинг бажарувчиси эса ноаниқ бўлади. Масалан, Китоб ўқилди гапида китоб сўзи эга шаклида келган, ҳаракатнинг бажарувчиси эса ноаниқ.
Мажҳул нисбат ҳам феъл негизига -н (-ин), -л (-ил) қўшимчаларини қўшиш билан ҳосил бўлади: уй кўринди, сим уланди, хат ёзилди каби.
Ўзлик ва мажҳул нисбатлар айнан бир хил қўшимчалар билан шаклланган бўлиб, феълнинг қайси нисбатда эканлиги гапнинг мазмунидан англашилади. Агар ҳаракатнинг бажарувчиси аниқ бўлса, ўзлик нисбати: Рустам ювинди, ҳаракатнинг бажарувчиси ноаниқ бўлса мажҳул нисбат: кийим ювилди бўлади. Мажҳул нисбат ўтимли феълни ўтимсиз феълга айлантиради: кий-ўтимли, кийин-ўтимсиз.
Мураккаб феълларда мажҳул нисбат қўшимчаси асосан кўмакчи феълга қўшилади: дастурхон ёзилди, ўқиб чиқилди.
Биргалик нисбати. Бу нисбат ҳаракатнинг бир неча шахс томонидан биргаликда бажарилишини билдиради.
Биргалик нисбати -ш (-иш), -лаш қўшимчалари билан ясалади: боришди, келишди, гаплашди, суҳбатлашди.
Биргалик нисбатидаги феъллар қуйидаги маъноларни англатади:
Ҳаракатни бир неча шахс томонидан биргаликда бажарилишини. Бундай гапларда эга кўпинча кўплик шаклида бўлади. Нормуродга қарашли бошқарма ходимлари эса уни ваҳимали бир сукут билан кутиб олишди. (О.Ё).
Кўмаклашиш маъносини билдиради: Ўктам укасининг ишига ёрдамлашди.
Ҳаракатнинг галма-гал бажарилишини. Обидов билан Латофат баравар ўгирилиб қарашди. (О.Ё).
Биргалик нисбатнинг қўшимчалари феъл негизига икки марта қўшилиши мумкин. Сўрашишди, кўришишди, баҳслашишди, гаплашишди каби.
Мураккаб феълларда биргалик нисбати қўшимчаси асосан кўмакчи феълга: ёзиб олишди, ўқиб чиқишди, баъзан етакчи феълга ҳам: гаплашиб олди, келишиб қолди қўшилади.
Орттирма нисбат. Орттирма нисбатдаги феъллар бошқа бирор шахснинг таъсири билан бажариладиган ҳаракатни билдиради.
Бу нисбат қуйидаги қўшимчалар билан ҳосил бўлади:
Do'stlaringiz bilan baham: |