Б.У.УМУРҚУЛОВ
ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК
ТИЛИ
ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИГА
КИРУВЧИЛАР УЧУН
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТЕРМИЗ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
Б. УМУРҚУЛОВ
ҲОЗИРГИ ЎЗБЕК ТИЛИ
Термиз-2012
Термиз давлат университети ўқув бошқармаси томонидан нашрга тавсия этилган
Тақризчилар: филология фанлари номзоди, доцент С. Раҳимов,
филология фанлари номзоди, доцент
Р. Нормуродов
Ушбу қўлланма мустақил равишда тайёрланиб олий ўқув юртларига кирувчилар учун мўлжалланган бўлиб, унда умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқув дастурлари она тили фани бўйича ўзлаштирилиши лозим бўлган масалалар ҳақида фикр юритилади.
Қўлланмадан олий ўқув юртларига кирувчилар, мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, шунингдек барча ўзбек тили билан қизиқувчилар фойдаланиши мумкин.
Умурқулов Б. Ҳозирги ўзбек тили.
Термиз - 2012
ТИЛ ВА ЁЗУВ МАДАНИЯТИ
Дунёдаги халқлар 3000 дан ортиқ тилларда гаплашади. Тиллар аввало тирик ва ўлик тилларга бўлинади. Ҳозирги кунда халқлар гаплашадиган тиллар тирик тиллар. Бугунги кунда халқлар гаплашмайдиган тиллар ўлик тиллар ҳисобланади. Масалан, лотин, қадимги славян, санскрит (қадимги ҳинд), қадимги хоразмий, сўғд тиллари ўлик тиллар ҳисобланади.
Дунё тилларида халқларнинг гаплашуви ва мамлакатларда тилларнинг тарқалиши ҳар хил. Чунончи, Хитой тилида миллиардга яқин киши сўзлашса, чукот тилида бир неча минг киши гаплашади. Янги Гвинеяда эса деярли ҳар бир қишлоқ аҳолисининг ўз тили бор.
Айрим мамлакатларда эса кўплаб тилларда гаплашилади. Жумладан, Канго аҳолиси 500 тилда, Индонезия аҳолиси 250 тилда, Суданда эса 117 тилда гаплашилади. Бугунги кунда жаҳондаги 6 та тил халқаро тил сифатида тан олинган. Улар инглиз, испан, рус, хитой, араб ва француз тилларидир.
Бугунги кунда жаҳонда 20 дан ортиқ тил оилалари мавжуд бўлиб, улар бир бобо тилдан вужудга келган.
Тиллар сўзлари, шу тилдаги қўшимчалар, гап қурилишиниг бир-бирига ўхшашлигига кўра маълум оилаларга ажратилади.
Тилларни оилаларга ажратиш, ҳар бир оилани гуруҳлар ва гуруҳчаларга ажратилиши тилларнинг келиб чиқиши таснифи дейилади.
Ҳозирги кунда жаҳонда кенг тарқалган тил оилалари асосан 6 та: Ҳинд-европа тиллар оиласи. Бу тил оиласининг славян, герман, роман, болтиқ, эрон, ҳинд гуруҳлари мавжуд бўлиб, рус, украин тиллари-словян гуруҳига инглиз, немис тиллари-герман гуруҳига: француз, испан тиллари роман-гуруҳига; тожик тили эса эрон гуруҳига мансубдир.
2. Олтой тиллар оиласи. Бу тил оиласининг туркий ва мўғул, тиллари гуруҳлари мавжуд бўлиб, ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига мансуб. Бу гуруҳга, ўзбек тилидан ташқари уйғур (қарлуқ тармоғи), туркман, гагауз, озарбайжон, турк, қрим татар тиллари (булар ўғиз тармоғи), қўмиқ, татар, бошқирд, нўғай, қорақалпоқ, қозоқ (булар қипчоқ тармоғи), тува, ёқут, хакас, қирғиз ва олтой тиллари киради.
Мўғул тиллари гуруҳига эса мўғул, япон, корейс каби тиллар киради. Бу тиллардан ўзбек тилига энг яқини уйғур тили ҳисобланади.
3. Фин-угор тиллар оиласи
4. Хом-сом тиллар оиласи
5. Кавказ тиллар оиласи
6. Хитой-тибет тиллар оиласи
Булардан ташқари дравид, индонезия, африка, папуа каби тил оилалари ҳам мавжуд. Ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, улар орасида о ловчи тил саналади. Туркий халқлар, Марказий Осиё, Қозоғистон, Шарқий Сибирда, Туркия ва Болқонда яшаб келган. Туркий халқлар ўзининг кўп асрлик тарихида бир неча ёзувлардан фойдаланган. Ёзув жуда қадим замонларда кишиларнинг ўз фикрини бошқаларга етказиш эҳтиёжи туфайли пайдо бўлган. Шу боисдан ёзув инсоният томонидан яратилган энг қимматли маънавий бойликдир. Энг қадимий ёзувлардан бири оромий ёзувидир. Бу ёзув асосида сўғд ва хоразмий ёзуви пайдо бўлган.
Хоразмий ёзувининг энг қадимги намунаси эрамиздан олдинги III асрга мансуб бўлиб, Қўй қирилган қалъадан топилган. Сўғд ёзуви ёдгорликлари эрамиздан олдинги I асрда Тали Барзу (Сўғд) дан топилган.
Энг қадимги ёзувлардан бири пиктографик ёзувдир. Бу ёзув расм ёзуви дейилган. Ҳозирги кунда йўл қоидаларини кўрсатишда ушбу ёзувдан фойдаланилади.
Кейинчалик бу ёзув ўрнини идеографик ёзув эгаллади. Идеография грекча-идея ва ёзув сўзларидан олинган бўлиб, тушунчани ёзаман демакдир. Бу ёзувнинг асосида бирор турдаги тушунчаларни ифодалашда рамзий шакллар танланиши ётади. Бундай белгилар логограммалардир.
Идеографик ёзувнинг мукамаллашган шакли иероглифик ёзувдир. Иероглифик ёзув муқаддас ёзув маъносини англатади.
Ёзувнинг мукаммаллашган кўриниши фонографик ёзувда акс этади. Бу ёзув товуш ёзуви бўлиб, товушлар ҳарфлар орқали ифодаланади. Ҳозирги кунда қўлланилаётган 4 ёзув: лотин ёзуви, араб, ҳинд ва крилл ёзувлари фонографик ёзувлардир.
Туркий тиллар ҳам узоқ тарихга эга бўлган тиллардан бири бўлиб, бу тилга оид энг қадимги ёзма ёдгорлик эрамизнинг V асрида яратилган «Хуастуанифт» ёзув ёдгорлигидир. Туркий халқларнинг дастлабки ёзма манбаларидан бири Ўрхун-Энасой (тукий рун) ёзуви бўлиб, I-V асрда юзага келган.
Ўрхун-Энасой ёзув ёдгорликлари Мўғилистоннинг Ўрхун- ва сибирнинг Энасой дарёлари қирғоқларидан топилган бўлиб, V-VII асрларга мансубдир. Бу ёзувлар 1893 йил даниялик олим Вилгельм Томсон ва рус олими академик В.Радловлар томонидан ўқилган. Фанда «туркий рун» (сирли) ва «тош битиклар», «дулбаржин» ҳам деб юритилган.
Туркий халқлар орасида кенг тарқалган ёзувлардан яна бири уйғур ёзувидир. Бу ёзувдан VI-VIII асрлардан бошлаб, XV асргача фойдаланилган. Уёғур ёзуви сўғд ёзуви асосида шаклланган: унда 18 ҳарф бўлиб, ўнгдан чапга қараб ёзилган. М.Қошғарий «Девону луғатит турк» асарида бу ёзувни «турк ёзуви» деб атаган.
Уйғур ёзувида ёзилган энг қадимий асар Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асаридир. Бу асарнинг Вена нусхаси шу ёзувда ёзилган. Бундан ташқари, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибатул Ҳақойиқ», Хоразмийнинг «Муҳаббатнома», Хўжандийнинг «Латофатнома», «Ўғузнома» каби асарлар. Лутфийнинг бир қатор ғазалларининг ҳам уйғур ёзувидаги нусхалари мавжуд.
VIII асрнинг (720 йиллар) бошларидан бошлаб араб ёзуви кенг тарқалган. Араб ёзувида ёзилган энг қадимги ёзма ёдгорликлар Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» асари ҳамда Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарининг Қоҳира ва Наманган нусхаларидир.
Ўзбеклар араб ёзувидан 1200 йил давомида фойдаланганлар. 1929 йилдан бошлаб лотин ёзувидаги янги алифбога ўтилган. 1940 йил 7 майдан бошлаб рус графикасидаги ўзбек алифбосига ўтилган. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. 1990 йил 19 февралда «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Бу Қонун 30 моддадан иборат бўлиб, унинг 1-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир» деб эътироф этилган.
1995 йил 21 декабрда янги таҳрирдаги «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Бу Қонун 24 моддадан иборат.
1993 йил 2-3 сентябрда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш» тўғрисида қонун қабул қилинди.
1995 йил 6-7 майда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди» ва 26 ҳарф 3 ҳарф бирикмаси ва кўчиш белгисидан иборат бўлган алфавит қабул қилинди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек тилининг имло қоидалари 1995 йил 24 августда 339-сонли қарор билан тасдиқланган бўлиб, 82 банддан иборат.
Лотин ёзуви тахминан эрамиздан олдинги 753 йилда Римда пайдо бўлган. Қадимги лотин ёзувида 23 ҳарф бўлган. Ҳозирги кунда 70 дан ортиқ мамлакатлар алфавити лотин ёзуви асосида пайдо бўлган. Жумладан, Европада 30, Осиё ва Африкада 20 дан ортиқ халқлар лотин алфавитидан фойдаланишади.
Do'stlaringiz bilan baham: |