Иқтисодий самарадорлик. Республикамиз йилига 8 млн. тоннадан зиёд портландцементи ишлаб чиқаришга эришилди. Бу билан фахрланишимиз мумкин, лекин хотиржамликка берилиш керак эмас. Боғловчига бўлган талаб ўсиб бормоқда, анъанавий портландцементни 1450 0С ҳароратда ишлаб чиқаришни инобатга олсак, тавсия этилаётган куйдирмасдан олинадиган арзон тошқол-ишқорли цементни самарадорлиги анча юқори деса бўлади.
Янги зоводларни қуриш орқали анъанавий боғловчиларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкин. Аммо бу самаралими? Бу саволга Киев муҳандислик институти ходимлари шунингдек, Тошкент архитектура курилиш институт олимлари (профессорлар Косимов Э.У, Тўлаганов А.А)нинг кўп йиллик илмий изланишлари натижаси анъанавий портландцемент ва янги тошқол-ишқорли цементлар технология ва хоссаларини таққослаш орқали исботлаб бердилар. Илмий-амалий изланишлар натижасида Хоразм вилоятининг Хонқа туманида куйдирилмай олинадиган тошқол-ишқорли цементни ишлаб чиқарадиган кичик завод қурилди ва ишга туширилди.
Ҳозирги кунда кенг ишлатилаётган боғловчи ашё 100 йилдан бери ишлатиб келинмокда. Унинг афзалликлари ҳаммага, камчиликлари эса факат мутахассисларга маълум.
Замонавий қурилиш юқори мустаҳкам цементга мухтож. Шунинг учун ҳам ресурс ва энергия тежовчи янги боғловчи яратишга эҳтиёж кун сари ошмоқда. Бу талабларга жавоб берадиган тошқол-ишқорли цементларни яратиш ва уларнинг хоссаларини янада яхшилашга доир илмий-амалий ишлар бизнинг институтда (ТАҚИ) 80-йиллардан бери самарали равишда олиб борилмоқда ва куйдирилмай олинадиган тошқол-ишқорли цементнинг янги турлари яратилмоқда.
Тошқол-ишқорли цементлар майда туюлган Бекободдаги металлургия заводининг пўлатни эритиш жараёнида ҳосил бўладиган саноат чиқиндиси пўлат тошқолини тегирмонда туйиб ишқор билан аралаштириб олинган цементни юкори самарадорлиги борасида илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Бундай тошқолга сув билан аралаштирилган кам гигроскопик ишқорий компонентни (ёки олдиндан тайёрланган металл бирикмаларидан ташкил топган ишқорий эритма) қўшиб юқори мустаҳкам қоришма тайёрласа бўлади. Бундай цементларни ишлаб чиқариш учун домна, мартен, фосфор тошқоллари, шунингдек таркибида силикат ва алюмосиликат бўлган рангли металлургия тошколлари ишлатилади. Муҳими, тавсия этилаётган кўп тоннали саноат чикиндиларнинг ҳаммаси табиий бўлмаган ва қайта тикланмайдиган, аммо арзон гидравлик боғловчилар учун энг зарурий ҳомашёдир. Тошқол-ишқорли боғловчилар олиш технологияси нафакат камхаражат балки энергия тежамкор ҳамдир.
Куйдирмай олинадиган цементни қотириш учун ишқорий боғловчи компонент сифатида кўп қўлланиладиган NaOH, KOH, Na2SO3 бўлиши мумкин. Уларнинг миқдори тошқол оғирлигини, ишқорий боғловчилар Nа2О3 миқдори бўйича қайта ҳисоблаганда – 2...5% ва К2О миқдори бўйича эса – 3...10% ни ташкил этади. Агар ишқорий эритмалар ишлатилса, уларнинг миқдори 15...18% бўлиши керак. Бундай эритмалар майдаланган тошқоллар билан аралаштирилса, қовушқоқ қоришма ҳосил бўлади ва у маълум бир вақтдан сўнг тошга ўхшаш жисмга айланади.
Маълумки, бизнинг мамлакатимизда натрий ишқори ва кальций содаси ишлаб чиқарилади. Бирок уларга қараб тошқол-ишқорли цементлар ишлаб чиқаришгина эмас, балки таркибида ишқор бўлган ҳар хил чиқиндиларни ишлатишга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларни бошлаш мақсадга мувофиқ. Шундагина куйдирмай олинадиган тошқол-ишқорли боғловчилар ишлаб чиқариш технологияси айнан саноат чиқиндилари асосида олинади деса бўлади.
Бундай боғловчиларни ишлаб чиқариш учун хомашё чекланмаган миқдорда мажуд. Бизнинг ҳисобимиз бўйича мамлакатимиздаги миллионлаб чиқазилаётган домна, пўлат эритиш, фосфор эритиш ва бирнеча минглаб тоннадан ортик рангли метал тошқолларини самрали мақсадларга ишлатиш тўла йўлга қўйилмаган.
Ишқорли компонент сифатида кўп тоннали натрий сульфат, глинозём, кислород ишлаб чиқариш чиқиндиларидан хам кенг миқёсда фойдаланиш мумкин.
Метал буюмларни тошқолдан тозалаш учун ишлатиладиган ишқорли қоришмалар ҳам ҳозирги кунда ишлатилмай ташлаб юборилмокда. Бу чиқиндиларнинг барчасидан йилига кўп миқдорда юқори мустаҳкам тошқол- ишқорли боғловчи ва улар асосида кўплаб арзон, маҳаллий аҳоли талабларини қондираоладиган ҳар хил бетон буюмларини ишлаб чиқариш мумкин.
Иқтисодий самарадорлигини хисоб-китоб қилганда, хар бир метр куб бетон ишлаб чиқариш учун сарф-харажат: тошқол-ишқорли боғловчи ишлатилса (соф ишқорли компонентни ҳам инобатга олганда) шартли равишда 100 сўм сарфланса, портландцемент билан ишланган бетон учун эса (маркасига караб) 230-250 сўм керак бўлади. Агар цемент таркибида ишқорли саноат чиқиндилари ишлатилганда эса фарқ бундан ҳам катта бўлади.
Куйдирмай олинадиган тошқол-ишқорли боғловчи билан портландцементнинг қотиши жараёнидаги кимёвий жараён бир хил эмас.
Портландцементни котиши жараёнида унинг мустаҳкамлигини бошланғич даврдаги ортиши асосан - кальций оксиди бўлса, тошқол-ишқорли боғловчиларда эса - ишқорли металлар бирикмасидир. Айнан ишқорли металлар бирикмаси фаоллиги кальцийга нисбатан юқори маркали (1000-1500) тошқол-ишқорли цементлар олишга имкон беради. Яна бир асосий афзалликларидан бири портландцемент асосида мустаҳкам ва юқори сифатли бетон олиш учун таркибида тупроқ ва чанг аралашмалари бўлмаган майда ва йирик тўлдиргичлар ишлатилиши керак. Тошқол-ишқорли цементлардан фойдаланиш бу чекловни бартараф этади ва бетондаги ишқорли бирикмалар бу тупрок ва чанг аралашмалар билан кимёвий бирикиб бетон мустахкамлигини оширувчи ишқорли гидроалюмосиликатлар ҳосил бўлади. Ишқорли металлар бирикмалари қумдаги зарарли тупроқ аралашмалари билан бетоннинг физик-механик хоссаларини яхшилайди. Куйдирмай олинадиган тошқол-ишқорли бетонлар тайёрлаш тенологияси оддий бетон каби амалга оширилади, фақат бунда сув ўрнига ишқорли компонентлар ишлатилади.
Ўтказилган тадқиқотлар тошқол-ишқорли цементлар бетоннинг нафақат мустаҳкамлигини, балки буғ ва сувга, музлаш ва иссиққа, зарарли муҳитга чидамлилигини ҳам ошириши исботланган.
Ҳозирги кунда тошқол ишқорли цемент ва бетонлар саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қурилиш соҳаларида ишлатилганда унинг самарадорлиги юқори бўлишига қарамай турли хил конструкция ва иншоотлар қуришда жуда кам ишлатилмоқда. Шунга карамай, Росия ва Украина қурилиш объектларида 1962-йилдан бошлаб 1.5 млн м3 дан ортиқ тошқол-ишқорли бетонлар ишлаб чиқарилган. Аммо, охирги йиллари МДҲ давлатларида ҳам бундай цемент кам ишлаб чиқарилмоқда.
Сабаб нимада? Бизнингча асосан етарли даражада яхши маълумотга эга эмаслигимизда. Аввало натрий сульфат ва бошқа ишқорли чиқиндилар ишлаб чикарувчиларнинг хабардор эмаслигида. Тошқол-ишқорли боғловчилар ҳақидаги мақолалар фақатгина қурилишга оид журнал ва китобларда чоп этилган. Бундай самарадорлиги юқори бўлган боғловчи модданинг афзалликлари тўғрисида бошқа йўналишдаги журналларда мақолалар деярли чоп этилмайди.
Афсуски, тошқол-ишқорли боғловчиларни ишлаб чиқариш гўёки атроф-муҳит муҳофазаси стандартлари талабига жавоб бермаслиги тўғрисида айтилган. Аслини олганда кўп харажатсиз тошқол-ишқорли цементни олишга доир хавфсизлик чоралари ишланган лойиҳаларда инобатга олинган. Муаллифларнинг фикрича, ишқорли чиқиндиларни бартараф этиш учун кислота қўшимчалари (олтингугурт) ишлатиш, чиқиндиларни йўқ қилиш станциялари қуриш ва ҳ.к. чораларни кўриш керак эканлиги энг муҳим масаладир.
Тошқол-ишқорли боғловчиларни катта миқдорда ишлаб чиқариш учун металургия, ишқорли ёки алюмосиликат чиқиндилар ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари эътиборини тортиш, атроф-муҳитни мухофаза қилувчи мутасадди ташкилотлар ўз қизиқишларини билдиришлари керак.
Хулоса қилиб айтганда, илмий-амалий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, саноат чиқиндилари асосида куйдирмай ишланган арзон тошқол-ишқорли гидравлик боғловчилар яратилган минерал боғловчилар орасида энг самарали қурилиш ашёлари деса бўлади.
Юқорида айтилганлар мутаҳассислар учун янгилик эмас. Куйдирмай ишланган тошқол-ишқорли цементлар ишлаб чиқариш ва уларни қўллаш бўйича орттирилган кўп йиллик тажрибалар бир неча ҳалқаро, республика ва институт илмий-амалий конференцияларда муҳокама этилган. Ижобий тажриба бор. Олинган хулосалар бундай арзон цементларни республикамиз миқёсида ишлаб чиқаришни йўлга кўйиш масаласини кўриб чиқишни тавсия этамиз. Бу билан саноат ва фукаро қурилиши, атроф-муҳит муҳофазаси ва кўп миқдордаги чиқиндиларни бартараб этиш йўли билан арзон юқори самарадорликга эга бўлган гидравлик боғловчи ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этиш мумкин бўлади.