378
фарқларни аниқлаш 19-аср психологиясига оид бўлиб, уни биринчилар
қаторида Ф.Гальтон қўллашга ҳаракат қилган. У “квалиметрия”, яъни
сифатли ўлчов деган тушунчани фанга киритди.
Педагогик тест биринчи бор 1864 йилда Буюк Британияда Ж.Фишер
томонидан таълим олувчиларнинг билим
даражасини текшириш учун
қўлланилган. 1902 йили Э.Торндайк педагогик тестларнинг назарий
асосларини ишлаб чиққан. 20-асрнинг бошида Америкалик олим
В.А.Макколл психологик ва педагогик тестларни ажратди.
1915-1930 йилларда Америкада тестология фани жуда тез тараққий
этди ва барча фанлардан миллий тестларни ишлаб чиқиш авж олди. 1961
йилга келиб АҚШда 2000 дан ортиқ стандарт тестлар ишлаб чиқилди.
Жаҳон тест компанияси (Educational Testing Service) ташкил топди.
Ўзбекистон таълим тизимида педагогик
тестлар давлат томонидан
қўллаб-қувватланди ва биринчи марта 1992 йилда кенг миқёсда
қўлланилди, 1993 йилдан бошлаб абитуриентларни олий ўқув юртларига
танлов асосида қабул қилиш жараёнида ҳам тест синовидан самарали
фойдаланиб келинмоқда.
Сўнгги йилларда илмий педагогикада оғзаки ва ёзма
назорат
усулларининг валидлигини ошириш хусусиятлари ишлаб чиқилган.
Билимларни тест воситасида назорат қилиш бу икки назорат усулига
нисбатан самаралироқ эканлигини амалий педагогик тажрибада
кўрмоқдамиз. Тест бир қатор афзалликларга эга, булар:
1) ўқув материали мазмунини тўлиқ қамраб олиши;
2) ўзлаштириш сифати ва даражасини объектив аниқлаш имконининг
мавжудлиги;
3) назорат қилиш ҳамда баҳолаш учун кам вақт ва куч
сарфланиши;
4) бир вақтда кўп сонли талабалар билан назоратни ташкил этиш;
5) барча талабаларга бир хил мураккабликдаги савол-топшириқлар
берилиб, улар учун бир хил шароит ва имконият яратилиши;
6) билим натижаларининг қисқа муддатда текширилиб аниқланиши
ҳамда компьютер дастурлари орқали автоматлаштирилишидан иборат.
Малакали равишда тузилган педагогик тест холисона педагогик ўлчов
воситаси бўлиб, назорат олиб бораётган шахсга боғлиқ бўлмайди. Тест
синовлари кенг қамровли бўлиб, қисқа вақт ичида маълум бир ўқув
материалининг (ёки ўқув фани) ўзлаштирилишини умумий равишда
назорат қилиш имконини беради. Аммо
тест синовларини умуман
камчиликлардан холи, деб бўлмайди. Тест синовлари талабани мустақил
равишда жавобларни тайёрлаш тажрибасидан, педагог билан жонли
мулоқотдан маҳрум этади. Бу синовларда талабанинг психологик ўқув
фаолияти «эркин шаклдаги» жавоблардан фарқланади,
талабанинг
индивидуал жиҳатлари, ақл-заковати, кенг дунёқараши, эрудицияси
намоён бўлмайди. Билими синалаётган шахс фақат муқобил жавоблар
ичидан тўғри жавобни танлайди, холос.