Электрон манбалар:
www.mfa.uz.
www.press-servise.uz.
www.literature.uz.
www.lex .uz.
www. Ziyo net.uz.
www.gov.uz
www.bilim.uz.
www Мilliy gjya uz
9-МАВЗУ: ТАФАККУР ЎЗГАРИШИ ВА МАЪНАВИЙ ЯНГИЛАНИШДА МИЛЛИЙ ҒОЯНИНГ РОЛИ
Режа:
1. Ўзбекистонда маънавиятни юксалтиришнинг устувор вазифалари.
2. Тараққиётнинг “Ўзбек модели” ва унинг ўзига хос тамойиллари.
3. “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясининг мазмун- моҳияти ва аҳамияти.
4. Истиқлол йилларида маънавий тикланиш.
Ўзбекистонда барпо этилаётган жамият ҳусусида, унинг ғоявий-мафкуравий асослари тўғрисида фикрлашдан аввал мустақилликкача бўлган даврдаги ижтимоий-сиёсий тузум ҳақида айрим хулосаларни билдириш мақсадга мувофиқдир. Масалага бундай ёндашишнинг сабаби шундаки, совет мустабид тузими даврида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга қўшилиш, ижтимоий тараққиётда умумжаҳон эътироф этган умумбашарий қадриятларга амал қилиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Совет мустабид тузумининг ўзига хос ғоявий-мафкуравий асоси мавжуд бўлиб, унинг мазмун ва моҳиятини коммунистик мафкура ташкил этарди. Бундай мафкура ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-мафкуравий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жиддий чекланган эди. Унда демократия, инсон манфаатларини ҳурмат қилиш, фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя этиш, ҳурфикрликнинг ривожланиши каби умумбашарий қадриятларга асосланган ғоялар сохталаштирилган эди.
Инсон манфаатларига мутлақо зид бўлган бундай мафкура бир неча ўн йиллар мобайнида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноинсоний тажрибалар ўтказди. Ўша даврда «совет маданиятини яратиш», «шаклан миллий, мазмунан социалистик, руҳан байналминал маданият барпо этиш», «кишиларнинг янги тарихий бирлиги - совет кишисини тарбиялаш», «социализм ривожланиб боргани сари синфий курашнинг кучайиб бориши» тўғрисидаги ғайриилмий хулосалар совет турмуш тарзининг ғоявий- мафкуравий асослари эди.
Жамиятда содир бўлаётган ҳар бир ижтимоий ҳодиса, воқеага синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан муносабатда бўлиш туфайли собиқ СССРдаги барча республикалар қатори Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамиятидан ажралиб қолди. Натижада мамлакатда коммунистик мафкуранинг якка ҳокимлик тизими юзага келди. Фикрий ривожланишда ғоявий-мафкуравий боқимандалик авж олди, ҳурфикрликка «сиёсий саводсизлик», «ғоявий камбағаллик», «миллатчилик» сингари ёрлиқлар билан зарба берилди.
Табиийки, 70 йилдан ортиқ давр мобайнида олиб борилган бундай ишлар ўзининг натижасини кўрсатмай қолмайди. Жамиятда ижтимоий барқарорлик, воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқлик, лоқайдлик юзага келди. Одамларда эртанги кунга ишонч йўқолди. Айниқса, ўтган асрнинг 80-йилларидаги «қайта қуриш» давридан бошлаб ҳар қандай «изм» ларга кишиларда ишонч йўқола борди. Ғоявий-мафкуравий субитсизлик эса ғоявий-мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига сабаб бўлди. «Шўро даврининг мафкураси, коммунистик дунёқараш, - деган эди Ислом Каримов, - агарки аслини суриштирсангиз, моҳият эътиборига кўра, бизнинг турмуш тарзимизга халқимизнинг табиатига тамоман бегона эди. Шунга қарамасдан, кишиларнинг онгига мажбурий сингдирилган бу сохта таълимотнинг салбий таъсири ҳануз сезилиб туради. Афсуски, биз бу сарқитлардан ҳали буткул ҳалос бўла олганимиз йўқ».42
Ўзбекистонда янги барпо этиладиган жамият олдида шу эскича кайфият ва дунёқарашни бекор қилиш вазифаси турар эди. Янги жамият барпо этиш, шак-шубҳасиз, Ислом Каримов номи билан боғлиқдир. Бундай жамият барпо этишнинг концепцияси бирданига юзага келгани йўқ. Янги жамиятни қуриш назарияси ва амалиёти изчил равишда, тадрижий ҳолатда, миллий хусусиятларга ҳамда жаҳон амалиётидаги илғор тажрибага асосланган вазиятда пайдо бўлди. «Бугун биз янги давлат, янги жамият қураётган эканмиз, - дейди И.Каримов, - бу тизимда ижтимоий - сиёсий муносабатлар, одамларнинг онги ва тафаккури ҳам ўзига хос, шу билан бирга, мутлақо янгича маъно касб этиши шубҳасиз. Аввало, шахс билан давлат, инсон билан жамият муносабатлари батамом янгича мазмун ва шакл топиши, янги хусусиятлар, янги тамойилларга асосланиши керак»43.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон жамияти олдида турган энг катта вазифа - барпо этилиши лозим бўлган давлатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий қиёфасини аниқлаш эди. Пировард натижада бундай қиёфанинг чизгилари юзага келди. «Бизнинг бош стратегик мақсадимиз - бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик жамият барпо этишдир. Юртимизда яшайдиган барча инсонлар учун, миллати, тили ва динидан қатъи назар, муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш, ривожланган демократик мамлакатлардаги каби кафолатланган турмуш даражаси ва эркинликларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини ифодалайди. Бу - халқимизнинг асрий анъаналарига, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, ривожланган давлатларнинг тажрибаларидан кўр-кўрона нусха кўчирмасдан, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлини изчил давом эттириш демакдир»44.
Ўзбекистонда қурилаётган янги жамият ўзининг ғоявий-мафкуравий асосларига суянгандагина пировард мақсадга эришиш мумкин. Қайд этиш лозимки, ўзбек халқининг минг йилликлар давомида яратган ўзига хос ғоялари - тинчлик, озодлик, ҳурлик, мустақиллик, эзгулик, барқарорлик, маънавий баркамоллик, шахсни улуғлаш, унинг манфаатларини ҳурматлаш - буларнинг бари янги шаклланаётган жамиятимизнинг ғоявий пойдевори ҳисобланади.
Кўҳна қадриятларимиз, олиму уламоларнинг асарлари жамиятнинг ғоявий-мафкуравий асосини яратишда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Юртимиз халқларининг тарихи, маданияти ўз илдизлари билан асрлар қаърига бориб тақалиши ва узоқ минг йилларни ўз ичига олишини қадимги форс ёзувчиларининг, хитой, арман ва суриялик географ ва тарихчиларнинг ёзиб қолдирган маълумотлари, Носириддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий», Алишер Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажам», Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарларидан, зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»дан, шунингдек, Бехистун, Бундахишн, қадимги туркий битиклар, жумладан Ўрхун-Енисей ёдгорликларидан аниқ ва равшан билиб олишимиз мумкин. Миллий ғоя ва мафкурамизнинг илдизлари ўта қадимий эканлигига юнонистонлик олимлар - Арриан, Курций, Плутарх, Герадот, Страбан, шунингдек, Абу Райхон Беруний, Наршахий ва бошқа мутафаккирларнинг асарлари ҳам гувоҳлик беради.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда миллий тикланиш, бир томондан миллий ўзликни англаш, бошқа томондан, жамиятнинг ғоявий-мафкуравий асосларини яратиш, учинчи томондан эса бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш асносида юз берди. “Айни вақтда биз жамиятни ва жамият тафаккурини янгилашнинг инқилобий усулларига, бу жараённи сунъий равишда четдан туриб, зўравонлик йўли билан тезлаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларга мутлақо қаршимиз. Биз барча соҳаларда, жумладан, маънавий соҳада ҳам тадрижий-эволюцион ислоҳотлар йўли тарафдоримиз ва бунга қатъий амал қиламиз. Яъни, содда қилиб айтганда, одамларнинг дунёқараши, эътиқод ва тафаккурида демократик тамойиллар вадемократик қарашларнинг кенгайиши ва мустаҳкам ўрин топиши авваламбор ҳаётнинг табиий юриши билан, уларнинг моддий турмуш даражаси ва маданий савияси тобора ривожланиши ва юксалиши билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи тақозо этади”.45
Маълумки, социалистик ишлаб чиқариш усулидан бозор муносабатларига ўтиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун кишилардаги эскича тафаккур тарзини ўзгартириш, иқтисодиётда эркинлаштириш жараёнини авж олдириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш керак эди. Бу борада айниқса хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш лозим бўлди.
Мустақиллик йиллари бу борада улкан ишлар бажарилди. Бироқ, ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўп. «Бу - бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, кучли бозор инфратузилмасини яратиш, барқарор ва ўзаро мутаносиб, мустаҳкам иқтисодиётнинг муҳим шарти бўлган эркин иқтисодиёт тамойилларини жорий этишдан иборат
Бу йўналиш ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришда етакчи ўринни эгаллайдиган, фуқароларнинг муҳим даромад манбаи ва мулкдорлар синфини шакллантиришнинг асоси бўлган хусусий секторнинг мавқеини янада ошириш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришни тақозо этади»1.
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш энг аввало унинг ғоявий-мафкуравий асосларини мустаҳкамлашни талаб этади. Агар ҳар бир соҳадаги, жумладан, иқтисодий жабҳадаги ислоҳотлар ғоявий-мафкуравий жиҳатдан таъминланмас экан, жиддий миллий тикланиш тўғрисида фикр юритиш мушкулдир.
Хўш, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда унинг қайси ғоявий-мафкуравий асосларига суяниш лозим? Аввало, иқтисодий ҳаёт эркинлашиши лозим. Шунингдек, кўп укладли иқтисодиётни яратиш, мулкдорлар синфининг шаклланиши ўта муҳимдир. Бироқ, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги энг муҳим ғоявий асос - фуқароларда янгича иқтисодий тафаккурни шакллантириш, уларнинг дунёқарашини ўзгартириш, ҳар бир кишига ўз меҳнатини сарфлаш соҳаси ва шаклларини мустақил белгилаш имкониятини яратиб беришдир.
Мамлакат иқтисодий ҳаётини барқарорлаштириш, миллий тикланиш концепциясида ижтимоий ҳамкорлик ва эволюцион тараққиёт каби ғояларнинг ўрни каттадир.
Ижтимоий ҳамкорлик давлат ва миллат тараққиётида ҳар бир соҳа учун муҳимдир. Сиёсат, ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, маданий жабҳадаги ҳамкорлик миллий тикланиш учун кучли пойдевор ҳисобланади. Айниқса шу нарсани ёдда тутиш лозимки, давлатнинг бош ислоҳотчилик роли жамиятдаги ижтимоий ҳамкорликни таъминлайдиган иқтисодий асосларни, сиёсий вазифани, маданий муҳитни, қонуний-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш, бошқариш ва назорат қилиш фаолиятида яққол намоён бўлади.
Ўзбекистоннинг ҳозирги ижтимоий тараққиётидаги муҳим жиҳатлардан яна бири - бу янги жамият барпо этиш ва миллий тикланиш жараёнида эволюцион ривожланишнинг устувор аҳамиятга эга эканлигидир. Маълумки, босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш йўли нафақат бозор иқтисодиётига ўтишда, шунингдек, барча соҳаларда муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбек халқининг менталитетига хос бундай тадрижий тараққиёт пировард натижада Ўзбекистонда демократик, инсонпарвар ҳуқуқий давлат қуришнинг кафолати ҳисобланади.
Ҳозирги кундаги муҳим муаммолардан яна бири - миллий тикланиш ғоясининг стратегик ва тактик вазифалари масаласидир. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда миллий тикланиш концепцияси миллий мафкуранинг бош ғояси билан уйғундир. Ҳақиқатдан ҳам «Ўзбекистон халқининг миллий тараққиёт йўлидаги бош ғояси - озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдир. Бу ғоя халқимизнинг азалий эзгу интилишлари, бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунини белгилайди. Ҳар бир инсон, учун муқаддас бўлган юксак гуманистик қадриятларни ўзида мужассам этади»46.
Мамлакатимизда миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш миллат ва жамият олдида турган вазифаларни аниқлаштириб олишни талаб қилади. Умуман, бу вазифалар Миллий мафкуранинг бош ғоясидан келиб чиқади. Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик - булар миллий тикланиш ғоясини амалга оширишдаги муҳим нуқталардир.
Юқорида таъкидланганидек, давлат ва жамиятнинг бундан кейинги ривожланиши ижтимоий-сиёсий ҳаётни эркинлаштириш ва демократиялаш билан бевосита боғлиқдир. Бошқача айтганда, ижтимоий-сиёсий соҳада демократия амалга оширилмас экан - миллий тикланиш тўғрисида фикр юритиш бефойдадир.
Умуман, фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти давлат ва жамият қурилишини эркинлаштиришдир. Ўзбекистонда бу жараён «Кучли давлатдан кучли жамият сари» деган тамойил асосида олиб борилмоқда. «Ҳаммамизга аёнки, - деб қайд этади И.Каримов, - бу йўналиш ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ҳал қилишда давлат тузилмаларининг ролини жамоат ташкилотларига ўтказа боришни тақазо этади»47.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ҳозирги ижтимоий-сиёсий ҳаётини эркинлаштиришда марказий ва юқори давлат бошқарув идоралари вазифаларини давлат ҳокимиятининг қуйи тузилмаларига, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказа боришни таъминлаш ўта муҳимдир.
«Кучли давлатдан - кучли жамият сари» концепцияси ўзининг ғоявий-мафкуравий асосларига эга бўлиб, улар Ўзбекистонда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, шаклланган қадриятлар даражаси ва кўлами билан белгиланади. Кучли давлатдан кучли жамиятга ўтиш вазифаси бирданига ҳал бўлмайди. Унинг учун маълум шарт-шароитлар етилган бўлиши лозим. Булар қуйидагилардан иборат:
- жамият фуқароларида эски тафаккур тарзини йўқотиш, ғоявий-маънавий боқимандалик ҳиссини бартараф этиш;
кишиларда жамият ҳаётида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга бефарқликни, жамиятдан бегоналашув кайфиятини бартараф этиш;
инсоннинг сиёсий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кўтариш, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга даҳлдорлик ҳиссини шакллантириш;
одамларда ўз-ўзини бошқарув органларида, жамоат ташкилотлари, нодавлат муассасаларида эркин фаолият кўрсатиш кўникмасини пайдо қилиш;
мамлакат сиёсий ҳаётини эркинлаштириш орқали демократик жамият қуриш механизмининг ҳуқуқий-қонуний асосларини яратиш;
давлат тузилмаларининг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётига кўр-кўрона аралашув механизмини йўқ қилиш;
қонунлар ижросини таъминлаш, мамлакатда қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий ҳужжатларни ҳаётга жорий қилишда давлат ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш.
Албатта, булар кучли давлатдан кучли жамиятга ўтишнинг барча жиҳатларини қамраб ололмайди. Аммо, кучли жамият юқоридаги каби ҳолатларнинг амалдаги ижросисиз ҳам пайдо бўлиши мумкин эмас.
Сиёсий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳеч шубҳасиз, жамиятни босқичма-босқич демократлаштириш билан боғлиқдир. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда янги демократик жамият қурилишининг умумжаҳон эътироф этган ўзига хоя концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унда ижтимоий ҳаётнинг муҳим ҳодисаларидан бўлган демократияни янгича талқин этиш ва тушунишга алоҳида эътибор қаратилган.
Умуман, демократияни тушуниш ва англаш, унга амал қилиш шахсдан махсус тайёргарликни талаб этади. Сиёсий онги ва тафаккури шаклланмаган инсоннинг демократия талабларига жавоб бериши мумкин эмас. Бундан ташқари, демократиянинг ўзига хос хусусиятлари, унинг ҳар бир давлат ва миллат ҳаётида амал қилиш тамойиллари ҳам мавжуд.
Шу ўринда Шарқона демократия тўғрисида айрим фикрларни айтиш муҳимдир, зеро бундай демократия аслида демократия тушунчасининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Бу демократия Шарқ мамлакатлари, асосан аҳолисининг кўп қисми мусулмон маънавиятидан баҳра олган ҳудудларга хос бўлган демократик қоидалар мажмуининг ўзига хос шакл ва мазмунда намоён бўлишидир. Шарқона демократия миллий босиқлик, андиша, ёши улуғларга ҳурмат, ўзаро маслаҳат, ҳар қандай кескин масалада ҳам томонларнинг келишувларига асосланадиган фаолиятдир. Ана шу хусусиятлари билан ушбу ижтимоий тушунча Ғарб демократиясидан фарқ қилади.
Айни пайтда шарқона демократия, сиёсий тартибсизликлар, бош-бошдоқлик ва митингбозликни миллий манфаатларга зид деб қарайди ҳамда жамият ва давлатнинг ички масалалари ҳар қандай фундаменталистик ва қуролли кучларга асосланган ҳаракатларни қоралаган ҳолда, ўз фаолиятини ўзига хос маданият тамойиллари асосида йўлга қўяди.
Жамиятни демократлаштиришда ҳар бир давлат ва миллатнинг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олингандагина уни амалга ошириш даражаси реаллашади. Шунингдек, у ёки бу давлатдаги демократиянинг яшовчанлиги унинг қандай ғоявий-мафкуравий заминларга суянишига ҳам боғлиқдир. Ўзбекистон жамиятини демократлаштиришда аҳолининг маънавий-маърифий даражаси, унинг сиёсий онги ва маданияти, миллий менталитети, ўзига хос тафаккур тарзи бундай ғоявий-мафкуравий заминни ташкил этади.
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий жамиятни барпо этиш шахс эркинлиги ҳамда унинг ғоявий-мафкуравий асослари билан бевосита боғлиқдир. Шахс эркинлиги аввало ижтимоий тушунча ҳисобланади. Жамиятда эркинлаштириш жараёнини амалга оширмасдан шахс эркинлиги тўғрисида фикр юритиш мумкин эмас. Шахс эркинлиги фуқаронинг имкониятлари, ижодий қобилиятларига йўл очади. Пировард натижада шахс ижтимоий фаол индивидга айланади.
Шахс эркинлиги тўғрисида гапирганда унинг дунёқараши, сиёсий билимлар даражаси, жамиятда ўзини тутиш маданияти, турли экстремал вазиятларда тўғри хулоса чиқариш имконияти, ўзининг озод шахс эканлигини қай даражада англаши, ўзининг ва жамият манфаатларининг мутаносиблик ҳолатини аниқлаши сифатларига кўпроқ эътибор бериш лозим.
У инсонлар ўртасидаги ўзаро ижтимоий муносабатларда рўёбга чиқади. Шунинг учун жамиятдан ташқарида эркинлик бўлмайди. Жамиятда эркинликни тушуниш ва амалга ошириш мамлакатда устувор бўлган миллий маданий, тарихий, диний ва бошқа тартиботлар, қонун-қоидалар ҳамда қадриятларга, уларнинг характери, мазмунига боғлиқ бўлади. Эркинликни англаш ва уни ифода этишда Ғарб ва Шарқнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Ғарбда эркинлик тўғрисида фикр юритилганда, асосан, алоҳида олинган шахс эркинлиги ва ҳуқуқларидан келиб чиққан ҳолда ёндашилади, эркинликка шу мезондан келиб чиқиб баҳо берилади.
Шарқда ҳам шахс эркинлиги ва ҳуқуқлари ҳисобга олинади. Лекин шахс ҳатти–ҳаракати, хулқ-атвори, жамиятдаги ўрни, маъсулиятини идрок этиш ҳолатларига баҳо берилганда, муайян гуруҳ, этнос, халқ, миллат, жамиятнинг манфаатлари, ҳуқуқларига алоҳида қадриятлар, анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ёндошилади.
Шахснинг хоҳиш–иродаси, истаги, мақсад ва манфаатлари унинг фаолиятида намоён бўлади. Эркинлик ва жамият ҳаётини эркинлаштириш муаммоси муайян ғоялар тизими билан ҳам боғлиқ. Ғоя эркинлик, жамият ҳаётини эркинлаштиришга хизмат қилиши ёки, аксинча, эркинликни, эркинлаштириш жараёнларини бўғиши, яъни унга имконият бермаслиги ҳам мумкин. Чунки, жамият ҳаёти сиёсий тизим сифатида,муайян ғоялар орқали муайян тартиботлар, урф–одат, анъаналар, қадриятлар билан шаклланади. Улар эса жамиятнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатадиган инсонлар дунёқараши, онги ва тафаккури орқали ўз ифодасини топади. Ғояга мос равишда эркинлик ва эркинлаштириш жараёнлари содир бўлади. Мамлакатда ягона ғоя тан олиниб, фақат унга амал қилинса, шунга мос фаолият қарор топади. Масалан, коммунизм ғояси якка ҳукмронликка асосланган бўлиб, натижада инсон эркинлиги, умуман, жамиятни эркинлаштиришга салбий таъсир кўрсатди. Инсон фикри, унинг жамият иқтисодий, сиёсий ҳаётидаги ўрни ҳам синфийлашган мафкурага ёки пролетар манфаатларига бўйсундирилди. Инсон онги ва дунёқарашида унинг дунёни идрок этиши билан боғлиқ қарашлари, тасаввурлари эмас, аксинча, дунёқарашни «синфий»лик тамойилига мослаштириш ва ундан келиб чиққан ҳолда фикрни ифодалаш, муносабат билдириш ҳодисаси рўй берди. Бу дунёқараш мажбурий тарзда шакллантирилди.
Жамиятнинг эркинлашиши инсонлар, турли ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштирокига, ўзаро муносаблардаги ўрни, мавқеи, ҳолатига боғлиқ. Инсон эркинликни хоҳлайди, лекин носоғлом сиёсат, мафкуравий мақсадлар бунга йўл бермаслиги мумкин. Бунга собиқ иЎттифоқ даври яққол мисол бўлади. Ўзининг эркин ёки эркин эмаслигини фарқламайдиган инсонлар ҳам учрайди. Бу уларнинг онги, дунёқараши, тафаккури даражасига боғлиқ. Инсон эркинликни истайди, аммо мавжуд ижтимоий–иқтисодий ҳолати бунга имкон бермаслиги мумкин. Ўз эркинлигини идрок эта олмаган киши озод бўла олмайди. Бундай одамлар доимо бировнинг таъсирида ва унга қарам бўлади. Иқтисодий қарамлик инсон эркинлигини юзага чиқармайди. Бу ўзига хос иқтисодий тобелик руҳиятини шакллантиради. Айрим ижтимоий муаммоларнинг мавжудлиги кишининг эркин фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Масалан, бир амаллаб ўз иш ўрнини сақлаб турган, бошқа меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қўлидан келмаган ёки унга имконияти бўлмаган киши ўз ишини йўқотиб қўймаслик учун жим туришни афзал кўради. У ишсиз қолишдан қўрқади. Шўролар даврида инсонлар бир касб доирасига чамбарчас «боғлаб» қўйилган, бошқа меҳнат фаолияти, хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари чекланган эди. Бугун хусусий ташаббусга кенг имкониятлар берилди, бироқ бу имкониятлардан фойдаланиш осон кечаётгани йўқ.
Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг бозор иқтисодига асосланган, мулк хилма–хиллигига ўтган Ўзбекистонда ҳамманинг олдида янги-янги имкониятлар пайдо бўлди. Инсонлар энди фақат бир нарсага таяниб қолиш эмас, балки мулкдор бўлиш ҳуқуқининг барча имкониятларидан кенг фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун одамдан фақат етарли салоҳият, изланиш, меҳнат, фаоллик талаб этилади. Бугун ким шу талабларга жавоб берса, муайян ютуқларга эришаяпти ва ёмон яшамаяпти.
Демак миллий ғоянинг жамият ҳаётига тадбиқ этилиши жамиятни эркинлаштириш ва демократиялаштириш билан узвий боғлиқдир. У эркинлик, эркинлаштиришнинг муҳим маънавий омили бўлиб хизмат қилади. Чунки у таянадиган, амал қиладиган қоидалар, тамойиллар шунга шарт-шароит яратади ва шуни талаб ҳам қилади. Мустақиллик туфайли жамият янгиланишга, эркинлашишга эҳтиёж сезаётган экан, демак мустақилликкача амал қилган ғоялар, қоидалар, тамойиллар бугунги кун талабларига жавоб бермайди, уларга асосланган ҳолда жамият ва инсон ҳаётининг эркинлаштириш мумкин эмас. Мамлакатнинг ҳуқуқий асослари, қонунчилик соҳаси, ижтимоий–сиёсий, иқтисодий, маънавий негизлари янгиланмоқда. Янги ғоялар демократик тамойиллар асосида қурилмоқда Бу истиқболда кучли, демократик фуқаролик жамиятини қуриш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади. Эркинлаштириш ва демократиялаштириш эса, унинг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Инсонларнинг эркин бўлиши ёки бўлмаслиги жамиятда қандай ғоя амал қилаётганлигига, у қандай тамойилларга асосланишига бевосита боғлиқ. Агар мамлакатда фикрлар, қарашлар, ғоялар хилма–хиллиги эътироф этилса ва жамият ҳаёти унга асосланса, шунга мос тарзда онг ва тафаккур эркинлиги шаклланади. Тафаккур эркинлиги, яъни фикр эркинлиги эса инсонлар, шахс эркинлигига, озод шахс маънавиятини ва демократияни қарор топишига хизмат қилади.
Агар жамиятда фикрлар, қарашлар, ғоялар хилма хиллигига амал қилинса, инсоннинг жамиятдаги ўрни янгича маъно касб этади. Онг ва тафаккур эркинлиги фикрлар хилма–хиллигини юзага чиқаради. Мамлакатнинг куч-қудрати, салоҳияти ортади. Миллий ғоя мамлакатнинг маънавий куч-қудрат манбаига айланади.
«Тарих сабоқлари шундан далолат берадики, ўзининг эркин фикрини ифода этадиган шахс, гуруҳ ёки ижтимоий қатлам, аввало, ўзининг аниқ - равшан, асосли қарашларига эга бўлиши, ўз нуқтаи назарининг оқибати учун маъсулиятни ўз зиммасига олиши, баҳс–мунозара маданияти талабларига амал қилиши лозим. Яъни, фикрлар ранг–баранглиги ва қарашлар хилма–хиллиги муайян жамиятнинг миллий манфаатларига, умумбашарий қадриятларига, ҳуқуқий нормаларига, ахлоқий мезонларига зид бўлмаслиги зарур».48
Миллий ғоянинг фикрлар, ғоялар хилма–хиллиги, эркин фикр, шахс эркинлигига эришиш тамойилига амал қилиши мамлакат сиёсий, иқтисодий ҳаётини, давлат ва жамият қурилишини янада демократиялаштиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, эркинлаштиришга жамиятни демократлаштиришнинг бошланғич босқичи сифатида қаралиб, жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш вазифалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда миллий тикланиш концепцияси миллий маънавиятни тиклаш, маънавий омилларни такомиллаштириш билан бевосита боғлиқдир. Умуман, мутақиллик йилларида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида юз берган энг буюк ўзгаришлардан бири - миллий маданиятга нисбатан давлат сиёсатининг ўзгарганлиги бўлди. Жамиятда содир бўлаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар натижаси маънавий омиллар билан ўлчана бошланди. Шу ўринда мамлакат ҳукумати, Президент И.Каримовнинг мустақилликни мустаҳкамлаш, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилишини маънавият ва маърифат билан ўзаро уйғун ҳолда олиб қарашлари алоҳида аҳамият касб этди.
Мамлакатимизда маънавиятни ривожлантириш ўзининг ғоявий-мафкуравий, маънавий-ахлоқий негизларига эга бўлиши алоҳида таъкидланди. Булар мамлакат Президенти томонидан қуйидагича белгиланди:
умуминсоний қадриятларга содиқлик;
халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши;
инсонпарварлик ва ватанпарварлик.
Ўзбекистон ҳукумати асосий эътиборни миллий маънавиятни ривожлантиришга, унинг ҳуқуқий-қонуний базасини яратишга қаратди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида «Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади», дейилади.
Шу билан бирга ҳукумат, Президент маданиятни бошқаришни такомиллаштиришга алоҳида эътибор бера бошлади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тўғрисида Низом», (1992, 30 июн), Миллий рақс ва хореографияни (1997, 21 феврал), «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмасини (1998, 22 май), «Ўзбекнаво» гастрол-концерт бирлашмасини (1999, 4 май), эстрада-қўшиқчилик санъатини (2001, 26 июн) ривожлантириш тўғрисидаги қарорлари муҳим аҳамият касб этди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида маънавий соҳалардаги ислоҳотлар коммунистик методологиядан воз кечиш асосидагина юз бериши мумкин эди. Чунки, «Янги дунёга эскини танқид қилиш асосида кириб бориш» тўғрисидаги марксча-ленинча «ғоя» миллий маданиятлар тарихий тақдирига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди.
Мамлакатимиз миллий тикланиш концепциясида маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътироф этилиши, маданиятнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳадаги барча муаммоларни ҳал этишдаги роли ва ўрнининг ортиб бориши, миллий маданиятнинг миллий ғоя ва мафкура билан уйғунлиги каби масалалар истиқлол даври адабий-бадиий, маънавий-маданий ҳаётида сифат жиҳатдан янгиланиш, покланиш ва барқарорлашувнинг бошланганлигидан далолат беради.
Шу ўринда Президент И.Каримовнинг «жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч - маърифатдир»1, деб таъкидлаши бу борадаги ислоҳотларнинг тўғрилигига ва давомийлигига ишорадир. Президент томонидан имзоланган «Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги (1996 й. 9 сентябр) Фармони, «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида» (2006 й. 25 август) Қарори эса мазкур соҳани ривожлантириш давлат сиёсатининг бош мақсади эканлигидан дарак беради.
Миллий мафкура концепциясида миллий тикланишнинг тарихий генезисини аниқлаш муҳимдир. Бундай тарихий генезис мавжуд ва уни ўзбек халқининг ўтмиш тараққиёт йўлида шаклланган миллий қиёфасидан қидириш лозим.
Ислом Каримов ўзбек халқи миллий қиёфаси шаклланганлигини исботлаб, узоқ минг йилликлар даврида Ўзбекистон ҳудудига не-не босқинчилар келиб-кетмади. Эрондан Ахмонийлар, Юнонистондан Александр келди, Арабистондан Қутайба, Мўғулистондан Чингизхон келди, рус истилочилари келди. «Лекин халқ қолди-ку. Хўш, бунда қандай сир-синоат бор? Халқ қандай ички куч-қудратга таяниб ўзлигини сақлаб қолди? Қадим-қадим замонлардан ўтроқ яшагани, илм-маърифатга интилгани, буюк маданиятга эга бўлгани, ўз урф-одатларини муқаддас билгани учун эмасми?»1, дейди.
Хўш, миллий қиёфанинг ҳал қилувчи, энг асосий кўриниши ва жиҳатлари нималардан иборат? Ҳар қандай миллат тўғрисидаги илк тасаввур унинг маданий, ахлоқий ва руҳий сифатлари асосидагина юз бериши мумкин. Миллатнинг мавжудлиги белгиси, унинг миллий қиёфаси ўша халқнинг маънавияти ва маърифатида акс этади. Маданий, ахлоқий сифатлари бўлмаган халқ этник бирлик ўзининг бошқалардан ажралиб турадиган миллий қиёфасига эга бўлмайди.
Агар ўзбек халқининг миллий қиёфасини шу нуқтаи назардан таҳлил этадиган бўлсак, унда унинг шаклланиш тарихи жуда кўҳна эканлигини кўришимиз мумкин.
Умуман, миллий тикланиш концепциясининг ғоявий-мафкуравий асосини икки жиҳатдан таҳлил этиш лозим. Биринчидан, бундай асос назарий-методологик нуқтаи назардан тамомила янги эмас. У қадимдан мавжуд.
Ўзбек халқининг кўҳна тарихи, мустақиллик учун босқинчиларга қарши кураш, маънавий-маърифий кўтарилиш, халқимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, маърифатпарварлик, миллий озодлик ҳаракати, жаҳон ҳамжамиятининг фаол иштирокчисига айланиш кайфияти - буларнинг бари миллий тикланишнинг ғоявий-мафкуравий асосини ташкил этади.
Иккинчидан, миллий тикланиш концепциясининг ғоявий-мафкуравий асоси ўтмиш маданий-тарихий меросимиз негизида, ўзгарган дунё хусусиятлари эътиборга олинган ҳолда янада такомиллашиб бормоқда. Биргина баркамол авлод шаклланиши мисолида буни таҳлил этиш мумкин. Баркамол авлод - янгиланган, янги руҳий-психологик тафаккурга эга, ўзини-ўзи ўзгартиришга мойил авлоддир. Янги баркамол авлод фақатгина кексалар ўгитига амал қиладигангина эмас, у миллий асосга суянган ҳолда жаҳондаги янгиликларни англаш ва уларни ўзлаштиришга эҳтиёж сеза оладиган авлоддир.
Ўзбекистонда миллий тикланиш концепцияси ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Мустабид тузимининг инсоният учун қанчалар даражада катта зиён етказганлигини англаб етиш зарур бўлгани каби, мустақилликнинг буюк неъмат эканлигини ижтимоий зарурат сифатида ҳис этиш ҳам шунчалар зарур эди. Буларни англаш, янги давр тўғрисида, миллий тикланишнинг аҳамияти хусусида фикр юритиш, ижтимоий тараққиёт, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига кириб боришининг назарий ҳамда амалий жиҳатларини ишлаб чиқишдан ҳам мураккаб вазифа йўқ эди. Эски, мустабид тузумнинг ярамаслигини таъкидлаш ва янги, демократик, ҳуқуқий жамиятнинг ижтимоий эҳтиёж даражасида эканлигини асослаш учун сифат жиҳатдан такомиллашган концепция зарур эди. Бундай концепция Ўзбекистонда миллий тикланиш жараёнига йўл очиб бериши шарт эди. Ушбу концепция мамлакат Президенти И.Каримовнинг таълимотида ўз аксини топди. Президент асарларига мурожаат этар эканмиз, уларда миллий тикланишнинг ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий, сиёсий-иқтисодий, ижтимоий асослари аниқ ва равшан кўрсатиб берилганлигини кўришимиз мумкин.
Ислом Каримовнинг асарлари, нутқларида миллий тикланиш масаласига концептуал-назарий жиҳатдан тамомила янгича тарзда муносабатда бўлинди. Таъкидлаш лозимки, Президентнинг бу борадаги концепцияси собиқ совет мустабид тизими ва унинг мафкурасининг сиёсий-ғоявий жиҳатдан чекланганлик моҳиятини очиб беришдан бошланди.
Айниқса, И.Каримовнинг совет мустабид тизими давридаги ҳукмрон мафкура ва таълим тизими тўғрисида фикрларини англаб етиш ўша даврнинг моҳиятини билиш учун жуда керак эди. «Бизга мерос бўлиб қолган таълим-тарбия тизимининг маълум бир маъқул жиҳатлари билан бир қаторда унинг энг номақбул томони шундан иборат эдики, - дейди И.Каримов, - ўқув жараёнида ўқувчи ва талабаларни мустақил ва эркин фикрлашга йўл қўймаслик, ҳар қайси ўқув юртини битирувчиларнинг билимига қараб эмас, аввало, уларнинг собиқ совет тузумига ва сохта ғояларга садоқатини ҳисобга олиб баҳолаш ва ҳаётга йўллаш тамойили асосий ўринни эгаллар эди. Кўп жойларда сифат ўрнига сон кетидан қувиш устунлик қиларди. Кўпчилик ҳақиқий билим ёки малака орттириш мақсадида эмас, амал-тақал қилиб дипломли бўлиб олиш илинжида техникум ёки институтларга кирар эди. Бу тузумдан бизга қолган мерослар ичидаги шунга ўхшаган салбий асоратларни, афсуски, ҳозир ҳам сезиб турибмиз»1.
Дарҳақиқат, совет мафкураси манфаати учун мустақил фикрлайдиган, сиёсий онги ва маданияти кучли шахснинг кераги йўқ эди. Чунки бундай шахс ғоявий-мафкуравий жиҳатдан боқимандалика маҳкум этилган бўлиб, уни бошқариш осон бўларди. И.Каримов томонидан совет мустабид тизими мафкураси мазмун-моҳиятининг очиб берилиши шу нуқтаи назардан ғоят муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |