Амал қилиш билан инсонларга ёқиб қолиш мумкин бўлган олтита қоида. Ўзга кишиларга бўлган қизикишингиз самимий бўлсин. Шундай қилсангиз ўз ҳислатларингизга маҳлиё қилиб икки йил мобайнида топган дўстларингиздан кўра кўпроқ миқдордаги дўстни икки ой давомида орттиришингиз мумкин.
Табассум қилинг. Қадимги Хитойликларда сиз ҳам, мен ҳам калпоғимиз ичига жойлаштириб олсак арзийдиган бир нақл бўлган. Унда шундай дейилади: «Табассум қила билмаган киши дўкондор бўла олмайди».
Кишининг исми қайси тилда янграшидан қатъий назар, энг ширин ва энг қадрли оҳанг эканлигини доим ёдда сақланг. Айнан шунинг учун сиёсат ва бизнесда киши исми-шарифини ёдда сақлаш қобилияти муҳим аҳамият касб этади.
Агар яхши суҳбатдош бўлишни истасангиз, энг аввало, эътиборли тингловчи бўлинг. Суҳбатдошингиз бажонидил жавоб бериши мумкин бўлган саволларни беринг. Суҳбатдошингизга эришган ютуқлари ҳақида гапириш имконини беринг. Шуни ҳамиша ёдда тутингки, сиз билан суҳбатлашаётган киши учун ўз истаги, орзу ва муаммолари сизникидан кўра юз чандон муҳимроқдир.
Суҳбатдошингиз учун қизиқарли бўлган мавзуда гапиринг. Бу инсон қалбидан жой олишнинг энг осон усули.
Суҳбатдошингиз онгига унинг муҳим ва ўзига хос киши эканлигини сингдиринг. Бунда сиздан ўта самимий бўлиш талаб этилади. Биламизки ҳар бир инсон дунёни ўз кўзлари билан кўради ва албатта, ўз дунёсида ўзини бошқалардан муҳимроқ шахс деб ҳисоблайди. Шундай экан ўз суҳбатдошингизни унинг онги маҳсули бўлмиш ўша дунёсида муҳим аҳамиятга эга эканлигини тан олинг ва бу ҳақда унга гапиринг. Ана шундагина ўз суҳбатдошингиз юрагига тўғри йўл топган бўласиз.
Амал қилиниши оқибатида инсонларга ҳақоратларсиз, ҳамда уларда ўзингизга нисбатан нафрат ҳиссини уйғотмай таъсир ўтказиш имкониятини берувчи тўққиз қоида
Ўз сўзингизни суҳбатдошингиз обрў-эътиборини тан олган ҳолда мақтовлардан бошланг. Агар суҳбатни шундай бошласангиз, сиз гапирмоқчи бўлган мавзу унга ёқмасада, сизни эътибор билан эшитади.
Йўл қўйган хатоларини кишининг бетига айтманг, балки пайти келганда, ётиғи билан тушунтиринг.
Суҳбатдошингизни танқид қилишдан аввал ўз хатоларингиз ҳақида гап очинг. Агар ўзингиз ҳам фаришта эмаслигингизни билдирган ҳолда унга хато ва камчиликлари тўғрисида гапирсангиз буни тўғри қабул қилиши эҳтимоли бирмунча ошади.
Суҳбатдошингизга «шундай қилишинг керак» эмас, «балки бундай қилиш керакдир?» дея савол оҳангида мурожаат этинг. Бу услуб суҳбатдошингизни сиз билан ҳамкорлик қилишга чорлайди. Буйруқ ҳеч қачон ва хеч кимга ёқмаган.
Инсонларга ўз нуфузларини сақлаш имконини беринг. Суҳбатдошингизга сиз томондан бўладиган озгина эътибор - икки оғиз ширин сўз, қалбидаги кечинмаларни тушуниб етиш, унинг юрагини тирнаётган дардни бир мунча енгиллаштиради.
Барчани эришган ҳар қандай ютуқлари билан қутланг ва омад тиланг. Ўз қутловингизни етказишда сахий ва самимий бўлинг.
Инсонларга ўзгаришлари учун имкон беринг. Ва албатта, улар буни оқлашга ҳаракат қиладилар. Агар инсон характерига оид маълум хусусиятларни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, бу ҳусусиятларни унинг ноёб ҳислатлари деб ҳисоблаган ҳолда муносабатда бўлинг.
Paғбaтлaнтиpиш усулидан фойдаланинг. Инсонларда сиз кўриб турган камчиликларни тузатиш учун, уни жуда осон тўғирлаш мумкин деб тасаввур қилинг. Ана шунда камчиликка йўл қўйган кишини ҳам бунга ишонтира оласиз. Ўз рағбатларингизда самимий бўлинг: суҳбатдошингиз муаммолари ўзи ўйлагандек мураккаб эмаслигига, бу муаммоларни ҳал қилиш учун унда туғма истеъдод борлиги ва астойдил ҳoҳлaca уларни бемалол ҳал қила олиши мумкинлигига ишонтиринг. Агар шундай қилсангиз у мавжуд муаммоларини бор кучи ва иродаси билан ҳал этишга киришади.
Шундай қилингки инсонлар сизнинг таклифингизни бажаришдан мамнун бўлсин.