Ясли ёшидаги ва мактабгача тарбия ёшидаги болаларда нутқнинг ўсиши.
Бола товушларни бирга қўшиб, нарсаларнинг номини ва ўз фикрларини ифодалашга қадам қўйишидан бошлаб, у том маъноси билан нутқни эгаллай бошлайди.
Абстракциялашга ва умумийлаштиришга имкон берадиган иккинчи сигнал системаси ўса бориши билан маъноли нутқ пайдо бўла бошлайди.
Тарбиянинг белгиловчи таъсири остида тафаккур ўса бошлайди ва шу билан чамбарчас боғланган ҳолда нутқ ҳам ўсади.
Нутқнинг фонетика (товуш) жиҳатидан ўсиши.
Бола тилга кира бошлаган дастлабки пайтларда у нутқ товушларини ҳали мукаммал айта олмайди. Болалар баъзи товушларни нотўғри талаффуз қиладилар. Масалан, р – ўрнига л, ш ўрнига с, к ўрнига т товушини талаффуз қиладилар. Масалан, оёқ деган сўзни олоқ,, Карим ўрнига Тайим, қанд ўрнига ант, ош ўрнига ос, Рахим ўрнига Лайим дейдилар ва ҳоказо. Кўпинча сўзлардаги айрим товушларни ва ҳатто бутун-бутун бўғинларни тушириб қолдирадилар, масалан,– бер дейиш ўрнига бе, олиб кел дейиш ўрнига опте деб айтадилар ва ҳоказо. Кўпинча товушларнинг ўрнини алмаштириб юборадилар, масалан, ҳолва ўрнига ҳавла, сарёғ ўрнига сайроқ дейдилар ва ҳоказо.
Энди тили чиқиб келаётган болалар нутқининг фонетик жиҳатдан тўлиқ бўлмаслигининг (нутқ товушларини тўла ажрата олмасликнинг) сабаби шуки, бундай болаларда нутқ (артикуляция) аппарати етарли суръатда ўсмаган бўлади. Шунингдек, бунга юксак нерв фаолиятининг ўсишидаги хусусиятлар ҳам сабаб бўлади. Фонетика камчиликларига яна бир сабаб шуки, бола айрим сўзларда ўзи идрок қилаётган товушларни ҳали етарли фарқ қила олмайди, умумийлаштира ва сўз таркибига кирита олмайди.
Бола, беш ёшга тўлиб, олти ёшга ўтганида, одатда, у ўз она тилининг фонетикасини эгаллаб олади.
Баъзан товушларни талаффуз этишдаги нуқсонлар мактаб ёшидаги болаларда ҳам учрайди. Бу нуқсонлар айрим ҳолларда нутқ аппаратининг нуқсонларига боғлиқ бўлади. Бундай ҳолларда нутқни тўғирламоқ учун мутахассис врачга мурожаат қилмоқ керак. Кўпинча эса нотўғри тарбия бола нутқидаги мана шундай фонетика нуқсонларининг анча вақтгача сақланиб қолишига сабаб бўлади. Катта ёшдаги кишиларнинг ўзлари ҳам жуда кўп ҳолларда болаларнинг чучук тилига тақлид қилиб, худди шу болалардек, фонетика жиҳатидан нуқсонли тил билан гаплаша бошлайдилар ва болаларнинг нутқ товушларини талаффуз қилишидаги камчиликларни ўз вақтида тузатмайдилар. Натижада болаларнинг, нутқидаги камчиликлар уларда қаттиқ ўрнашиб қолади. Болаларнинг нутқи тўғри ўсиб бориши учун болалар билан ва болалар олдида тўғри гапириш ва уларнинг нутқидаги камчиликларни ўз вақтида тузатиб туриш керак. Бундай қилинганда болаларнинг нутқи ҳамиша назорат қилиниб туради, болалар катталарнинг тўғри нутқига тақлид қилишга интиладилар, шу тариқа, ўз нутқларидаги камчиликларни ҳам тез тўғрилаб ва тузатиб оладилар.
Болалар нутқида луғат составининг ошиб бориши. Болаларнинг тили чиққанидан бошлаб, уларнинг ўз нутқларида фойдаланаётган сўзлар тез кўпая бошлайди. Айни бир ёшдаги болаларда сўз бойлиги турлича бўлади. Масалан, баъзи психологларнинг қилган ҳисобларга қараганда, икки яшар болаларнинг сўз бойлиги 250–400 сўзга етади, болалар етти ёшга етганларида улардаги сўз бойлиги 3000–3500 га боради, Швед тадқиқотчиси Тогд Эргазмнинг айтишига қараганда, тўрт ёшли болани дунёда энг «маҳмадона» одам дейиш мумкин, бу ёшдаги бола сўзларни худди ўйинчоқлар билан ўйнайди. Организмнинг қилган ҳисобига қараганда шу ёшдаги бола ҳар куни 12 мингга яқин сўз гапиради, ваҳоланки у тушуниб ишлатган сўз 920 тадан ошмайди.
Шу олим тўрт ёшдан олти ярим ёшгача бўлган 156 болани текшириб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келди: бола бир ёшга етганида уч сўз гапирса, ярим йилдан кейин 26 сўз гапирадиган бўлиб қолади. Бола тўрт ёшдан тўрт ярим ёшга етгунча унинг сўз бойлиги кўпайиб, (луғат бойлиги) 920 тадан 1240 тага етади. Олти ярим яшар болалар гаплашганда 2000 сўздан фойдаланади, аммо 6000 сўзнинг маъносини билади.
Айни бир ёшдаги болаларнинг сўз бойлиги шу болалар, асосан, қандай муҳитда (қандай оилада, яслида, болалар боқчасида) тарбияланганлигига, шунингдек, ҳар бир боланинг ўсишидаги ўзига хос хусусиятларга ҳам боғлиқ бўлади. Н, А. Тих ўз тадқиқотларида шуни аниқлаганки, теварак-атрофдаги одамлар билан камроқ сўзлашадиган болалар икки ёшга етганида нутқида ишлатадиган сўз бойлиги ўрта ҳисобда 26 сўздан иборат бўлади, уч ёшга етганида эса уларнинг нутқидаги сўз бойлиги 195 тага етади. Теварак-атрофдаги одамлар билан доимий гаплашиб туриш шароитида тарбияланган болаларниг нутқидаги сўз бойлиги эса улар икки яшар чоғида 285 тага, уч яшар чоғида эса 2050 тага етади. Болаларда сўз бойлиги кўпая борган сари улар нутқининг семантик жиҳати ҳам ривож топаверади, сўзларнинг маъносини тушунишлари ҳам ривож топаверади. Болалар ўз нутқларини ўсиб боришининг дастлабки босқичларида, кўпинча, сўзларни нотўғри маънода ишлатадилар. Кўпинча бола тасодифий белгиларига қараб, баъзи сўзларга бутунлай бошқача маъно беради.
Чунончи, супурги билан полни супураётган икки яшар қиздан «Нима қилаётибсан?» деб сўралганида, у «чангитаётибман» деб жавоб берган. «Нега чангитаётябсан?», «Тоза бўлсин, пол ифлос», яъни «Полнинг ифлосини тозаламок, учун чангитаётибман» деб жавоб берган. Бу қизча чангитиш сўзини «супуриш» маъносида ишлатган. Кейин маълум бўлишича, қизча онасига тақлид қилиб, супурги билан супура бошлаганида онаси ҳамиша «Чангитма, чангитма» деб уни койиб, қўлидан супургини олар экан. Шу сабабли, қизчада чангитиш деган сўз супуриш деган нотўғри маънода ўрнашиб қолган.
Дастлаб бола бир сўзни фақат битта нарсанинг ифодаси деб ва бир маънодагина тушунади. Чунончи, у стол деган сўзни фақат ўзи билган битта стол деб, пиёла деганда ўзи-ўзининг пиёласини тушунади. Лекин бола сўзларнинг умумийлаштирилган маъносини жуда барвақт (икки ёшга кирганидан бошлаб) эгаллай бошлайди, Бир сўз билан бир-бирига ўхшаш кўп нарсалар ифодалана берганлиги ва шу сўз қайта- қайта шу маънода такрорлана берганлиги таъсир қилиб, шу туфайли, болада сўзларнинг умумийлаштирилган маъносини тушуниш ўса бошлайди. Нутқ орқали алоқа боғлаш туфайли, бола, масалан, битта столнинг ўзигина эмас, балки ҳамма столнинг ҳам стол деб айтилишини, пиёла деб битта пиёланинг ўзинигина эмас, балки ҳамма пиёлаларнинг ҳам айтилишини билиб олади. Шу тариқа, боланинг нутқи ўса бориши, ўз атрофидаги кишиларнинг тилини ўзлаштира бориши билан унда фақат нарсалар тўғрисида идрок ва тасаввурлар пайдо бўлиб ва ўсибгина қолмасдан, балки, шу билан бирга, тушунчадар ҳам ҳосил бўла бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |