Ёзма нутқ.
Ёзма нутқнинг хусусияти шуки, бу нутқ бевосита алоқа боғлаш воситаси бўлмасдан, балки, кўпинча, бошқа вазиятда, бошқа бир жойда турган ёки туриши мумкин бўлган одамлар билан алоқа боғлаш воситасидир. Масалан, биз ўз дўстимизга ёки қариндошимизга хатимизда ёзиб юборган ҳабаримизни у эҳтимолки бир кундан кейин, икки кундан кейин, бир ҳафтадан кейин, бошқа шаҳарда ёки бошқа қишлоқда ўқиб билиши мумкин. Биз бундан ярим йил, бир йил, ҳатто бир неча ўн ва юз йил муқаддам ёзиб қолдирилган китобларни ўқиб, шу китоблардаги билимларни билиб оламиз.
Ёзма нутқ ҳам монолог шаклида ва диалог шаклида бўлади. Масалан, илмий асарлар ҳамиша деярли монолог шаклида ёзилади. Бадиий-адабий асарлар диалог шаклида ҳам, монолог шаклида ҳам ёзилади. Баъзан-оддий мактублар ҳам диалог шаклида ёзилади, шу мактубни ёзаётган киши уни ўқийдиган кишини тасаввур қилиб, унга мактубда ўзи саволлар беради ва шу саволларга ўзи жавоб қайтаради.
Синтаксис жиҳатидан қараганда ёзма нутқ энг тўлиқ ва мукаммал нутқдир. Ҳар бир киши оддий мактубни ёки илмий мақолани ёзаётганида грамматика қоидаларига, оғзаки нутқдагига қараганда, кўпроқ риоя қилади. Ёзма нутқда гап-бўлакларидан бири тушиб қолса, бу ёзма нутқини ўқиган кишилар уни қийналиб тушунадилар ёки бутунлай тушунолмайдилар. Ёзма нутқнинг синтаксис жиҳатдан тўлиқ бўлиши шунинг учун ҳам зарурки, оғзаки нутқ учун характерли бўлган мимика, имо-ишоралар, интонациялар ва бошқа шу каби қўшимча элементларни ёзма нутқда ишлатиб бўлмайди.
Ёзма нутқ, асосан, ихтиёрий нутқ, бўлади. Мактуб, доклад, марузалар ва бошқа шу кабиларни ёзаётган киши сўзларни онгли равишда танлайди, гапларни яхшироқ, қилиб тузишга интилади. Кўпинча ўз фикрларимизни ўқийдиган кишиларга сўзлар воситаси билан ғоят равшан ва тушунарли қилиб ифодаламоқ учун анча-мунча куч сарфлашимиз лозим бўлади.
Ёзма нутқ фикрларимизни ифодалаб беришнинг энг яхши воситасидир. Ёзма нутқда фикрнинг мазмуни ва формасидаги айрим камчиликлар очиқ кўриниб қолади ва фикрнинг ўзи мазмун ва форма жиҳатидан энг равшан, аниқ, қилиниб ифодаланади. Шунинг учун ҳам биз ақлий иш билан шуғулланаётганимизда, бирор масалани ҳал қилганимизда ёки тайёр билимларни ўзлаштираётганимизда иш натижасини ёки олган билимимизни кўпинча, хатга ёзиб қўямиз, баъзан эса бир неча марта кўчириб ёзамиз. Шу сабабли, ҳар хил ёзма ишлар – ҳикоя қилиб ёзиб бериш, иншо ёзиш, конспект олиш – тафаккурнинг ўсиши учун катта аҳамиятга эгадир. Шу билан биргаликда, ёзма нутқни эгаллаш кишининг оғзаки нутқини такомиллаштиришга ҳам ёрдам беради, натижада оғзаки нутқ, ўзининг луғат состави жиҳатидан бойроқ бўлиб қолади, грамматика жиҳатидан тўғрироқ ифодаланадиган бўлади, анча мунтазам ва системага тушган нутққа айланади. Мана шунинг ўзи оғзаки нутқ билан ёзма нутқ ҳамиша бир-бири билан боғлиқ эканлигини кўрсатади.
Оғзаки нутқ билан ёзма нутқ ўртасида ўртача жой оладиган нутқлар борки, бу нутқлар монологнинг алоҳида турларидир. Оғзаки докладлар; лекциялар, нутқлар, ўқитувчининг дарсни тушунтириб бериши ва бошқа шу кабилар монолог нутқнинг мана шундай алоҳида турларидир. Бу нутқлар ўзининг синтаксис тузилиши жиҳатидан ёзма нутқка яқинроқдир: одатда, лекция, доклад қилмоқчи, нутқ сўзламоқчи, дарс бермоқчи бўлган киши-бунинг учун тайёргарлик кўради.
Мана шу тайёргарликнинг ўзи, кўпинча, қилинадиган докладларни, лекцияларни ва бошқа шу кабиларни олдин ёзма баён қилишдан иборат бўлади. Аммо бу нутқлар амалга оширилиш техникаси жиҳатидан, кўпинча (агар ёзилган материални ўқиб берилмаса), оғзаки нутққа яқинлашади. Бундай ҳолларда бу хилдаги нутқлар ўзининг синтаксис тузилиши жиҳатидан ҳам оғзаки нутқда яқинлашади. Одатдаги оғзаки гаплашув нутқида бўлганидек, монолог нутқнинг бу турларида ҳам мимика, имо-ишоралар, интонация ва бошқа шу кабилардан фойдаланилади. Шу сабабли, бу хил нутқ ўзининг «жонли» бўлиши жиҳатидан ҳам оғзаки гаплашув нутқига яқинлашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |