Артур Пигу (1877-1955) Маршаллнинг издоши ва шогирди бўлган. Унинг иш билан бандлик соҳасидаги асосий асари –
«Ишсизлик назарияси» 1933 йилда чиққан. Бу асарда иш билан бандлик тўғрисидаги классик назариянинг асосий қоидалари анча тўлиқ баён қилинган эди. Пигунинг фикрича, ишсизликнинг сабаби иш ҳақининг юқори даражасидир, иш ҳақининг қисқариши эса иш билан бандликни оширади, чунки ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради ва қўшимча ишчиларни ёллаш учун имконият яратилади. Ишлаб чиқариш харажатларининг камайиши, унинг фикрича, товарлар нархининг умумий равишда пасайишига ва иш ҳақи ҳисобига тирикчилик ўтказмайдиган аҳоли гуруҳларининг харид қилиш қобилиятини оширишга олиб келади, бу эса қўшимча талабни вужудга келтиради, мазкур талаб ишлаб чиқариш ва иш билан бандликнинг кенгайишини рағбатлантиради. Иш билан бандлик ҳажмини белгиловчи бошқа омил, Пигунинг фикрича, меҳнатга
бўлган ҳақиқий талаб функциясидир. Пировардида у қуйидагича хулосага келади: «Ёлланма ходимлар орасида мутлақо эркин рақобат мавжуд бўлганда ва мутлақо ҳаракатчан меҳнат мавжуд бўлганда, алоқа хусусияти (ходимлар талаб қиладиган реал иш ҳақи ставкалари билан меҳнатга бўлган талаб ўртасидаги алоқа) жуда оддий бўлади. Ҳамма иш билан банд бўлиши учун иш ҳақи ставкалари билан талаб ўртасида ана шундай нисбат ўрнатилишига кучли интилиш доимий равишда амал қилади».
Пигу «ихтиёрий ишсизлик назарияси» тарафдори бўлган, унга мувофиқ, ишчиларнинг ўзлари ихтиёрий равишда ўзларини ишсизликка маҳкум этадилар, талаб ва таклиф натижасида бозорда вужудга келадиган «нормал» иш ҳақи учун ишлашга рози бўлмайдилар.
Ж.Кейнс ва неокейнсчиларнинг иш билан бандлик назарияси
Жон Мейнард Кейнс (1883-1946) атоқли назариётчи ва бошқариладиган капитализм ва иш билан бандлик иқтисодий назариясининг асосчисидир. У ҳақли равишда ХХ асрнинг атоқли иқтисодчиси ҳисобланади. Унинг асосий асари «Иш билан бандлик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси» бўлиб, 1936 йилда босилиб чиққан. Ушбу асарда иш билан бандлик муаммолари таҳлил қилинган бўлиб, унда, таҳлилнинг пировард мақсади – иш билан бандлик даражаси нима билан белгиланиши қайд этилган.
Китоб «буюк турғунлик» йилларида яратилган бўлиб, бу вақтда ишсизлик мисли кўрилмаган даражага етиб, дунёдаги асосий
капиталистик мамлакатларни қамраб олган эди. 1933 йилга келиб АҚШда қайд этилган ишсизлик даражаси 25%га, Англияда 22%га етган эди. Бундай ҳолатни классик назария қоидалари билан тушунтириб бўлмасди. «Биз яшаб турган жамиятнинг энг катта иллатлари, деб ёзган эди Кейнс, унинг тўлиқ иш билан банд бўлишни таъминлашга қодир эмаслиги, шунингдек, унинг бойлик ва даромадларни ихтиёрий равишда ҳамда адолатсизлик билан тақсимлашидир»1.
Кейнс назариясининг асосини самарали талаб тамойили ташкил этади. Унинг ҳисоблашича, корхона эгалари талаб билдирадиган N меҳнат харажатлари ҳажми жамиятнинг истеъмолга қиладиган харажатларига (Д1) ва янги инвестицияларга қилинадиган харажатларга (Д2) боғлиқ бўлади. Д1+Д2 – самарали талабдир, иш билан бандлик эса самарали талабнинг функцияси ҳисобланади. Унинг назарида, бозорга асосланган капиталистик такрор ишлаб чиқаришнинг муҳим муаммоси бозорнинг ҳажми, унинг товарлар таклифи кўпайишига мувофиқ кенгайиб бориш имкониятидир.
Классик иқтисодчилар Сэй ва Рикардо замонларидан бошлаб таълим бериб келган нарсаларни, яъни таклиф талабни вужудга келтиради, деган фикрни инкор қилиб, уларнинг бир-бирига мос келмаслигини асосладилар, самарали талабнинг умумий миқдорини кўпайтириш зарурлигини таъкидладилар. Фақат самарали талабгина ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга ва миллат фаровонлигини оширишга олиб келади. Самарали талабнинг етишмаслиги ишлаб чиқариш қувватлари иш билан тўлиқ таъмин этилмаслигига, ишлаб
1 Антология экономической классики. Мальтус М., Кейнс Д., Ларин Ю. –М., 1993, 424-б.
чиқаришнинг ўсиш суръатлари пасайиб, танглик ҳолатларига ва ишсизликка олиб келади. Давлат талабнинг умумий ҳажмига таъсир кўрсатиши лозим. У талаб ҳажмини кенгайтириш билан ишсизликнинг камайишига ёрдам беради, дейди Кейнс.
Кейнс ўз таҳлиллари натижасида келган хулоса: унга замондош бўлган жамият, яъни бозорга асосланган капиталистик хўжалик иқтисодиётидаги мувозанатни ўз-ўзидан механизмига эга эмас. Шунга асосланиб, у давлат иқтисодиётни тартибга солиши, аввало, самарали талабнинг лозим даражадаги ҳажмини таъминлаши зарур, деган хулосага келади. Кейнс иқтисодий фанда биринчи бўлиб капиталистик бозор хўжалигини тартибга солиш масаласини қўйди, унинг зарурлигини ва асосий йўналишларини белгилаб берди, улар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Кейнс Ғарб иқтисодчилари орасида биринчи бўлиб, ноилож ишсизлик тўғрисидаги тасаввурни батафсил ишлаб чиқди, у бундай ишсизлик ялпи самарали талаб етишмаслиги оқибатида келиб чиқади, деб хулоса қилди.
Самарали талаб тўғрисидаги тасаввур Кейнс назариясидаги энг муҳим жойдир. Агар ялпи талаб тадбиркор кутган даражадан пастроққа тушса ва шу сабабли ишлаб чиқариш харажатларини қоплашнинг имкони бўлмаса, деб таъкидлаган эди Кейнс, ишлаб чиқариш қисқариши рўй беради, бу эса ишсизликка олиб келади. Аксинча, ялпи талаб кутилган даражадан юқорироқ бўлса, ишлаб чиқариш туртки олади. Мувозанат ўрнатилишига олиб келадиган ялпи талаб даражаси самарали ҳисобланади.
Ноилож ишсизлик ва тўлиқ иш билан бандлик кейнсча тушунилишининг коррелиятори бўлади. Кейнснинг фикрича, тўлиқ иш билан бандлик – ноилож ишсизлик нолга тенг бўлган ҳолатини акс эттиради. Бундай ҳолатга, иш билан банд одамлар сони самарали талабнинг қўшимча кенгайишига жавобан ҳеч ўзгармайдиган бўлганида эришилади, деб ҳисоблар эди Кейнс.
Шундай қилиб, Кейнснинг бош ғояси ялпи талабнинг (умумий харид қобилиятининг) фаоллаштирилиб рағбатлантириши орқали товар ва хизматлар ишлаб чиқарилиши ва таклифга таъсир этиш, иш билан бандлик даражасини ошириш фикридан иборатдир. Кейнс назариясининг аҳамияти иқтисодий ривожланиш таҳлилига анъанавий ёндашишларни шунчаки кўриб чиққанликда эмас, балки умумлашма категориялар сифатида реал иқтисодий кўрсаткичлар функционал боғлиқлиги ва ўзаро алоқалари тадқиқ қилинишининг умумназарий негизларини яратиш, уларнинг иқтисодий ривожланишининг бориши ва тенденцияларига таъсирини кўрсатиб беришдир.
Кейнс ғоялари кўпгина иқтисодчиларнинг, чунончи У.Бевериж, Р.Солоу, Д.Стрейчи, А.Хансен, Д.Робинсон ва бошқа бир қатор иқтисодчилар асарларида ривожлантирилди. Инглиз иқтисодчиси У.Бевериж Кейнснинг издоши бўлиб, у иқтисодиётнинг давлат томонидан янада фаолроқ ва бевоситароқ тартибга солинишига тарафдор эди. Бевериж Иккинчи жаҳон уруши вақтида ана шундай тартибга солиш тажрибасига таянди ва йирик саноатнинг муайян қисмини давлат ихтиёрига олиш, ташқи савдо устидан ҳар томонлама назорат ўрнатишни таклиф этди. Энг асосийси эса, капитал
маблағлар, шу жумладан, хусусий маблағлар устидан назорат ўрнатиш бўлиб, бундан кўзланган мақсад – давлат бюджети барча капитал маблағларни ўз ичига олиши, улар тўлиқ иш билан бандлик учун зарур бўлган иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини ташкил этишни таъминлаши лозим эди.
Иккинчи жаҳон уруши арафасида ва шундан кейин орадан 25 йил ўтгач, тартибга солинадиган капитализм тўғрисидаги Кейнс назарияси дунёда ҳукмрон бўлиб қолди. У капиталистик мамлакатлар иқтисодиётининг янада барқарорроқ ривожланишига, улар аҳолиси турмуш даражасининг ортиши ва ишсизликнинг қисқаришига, иш билан бандликнинг кўпайишига, ижтимоий тўловлар ва имтиёзларнинг кенгайиши ҳамда ижтимоий низоларнинг бирмунча осонроқ бартараф этилишига имкон берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |