14-модда. Хусусий бандлик агентликларининг аҳоли бандлигига кўмаклашишда иштирок этиши Хусусий бандлик агентликлари иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга иш танлаш ҳамда ишга жойлаштириш, иш берувчиларга кадрларни танлаш бўйича хизматлар кўрсатади, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини тақдим этади.
Хусусий бандлик агентликлари қуйидаги хизмат турларини кўрсатади:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахслар ва ишсиз шахслар учун иш танлаш;
иш берувчилар учун кадрлар танлаш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ва ишсиз шахсларни ишга жойлаштириш;
ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари.
Хусусий бандлик агентликларининг фаолияти «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.
15-модда. Ишга жойлаштириш бўйича агентлар Ишга жойлаштириш бўйича агентлар аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашишга доир ишларни маҳаллий меҳнат органлари билан тузилган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда бажарувчи жисмоний шахслардир.
Ишга жойлаштириш бўйича агентларга аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашганлик учун Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ҳамда миқдорларда рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар амалга оширилади.
16-модда. Аутстаффинг хизматлари Аутстаффинг иш берувчи томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга ушбу ходимлар томонидан иш берувчи ва унинг ходими ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида, шунингдек жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинчалик юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизматлар туридир.
Аутстаффинг хизматлари иш берувчи ва бошқа юридик шахс ўртасида тузилган шартнома асосида кўрсатилади.
Ходимлар аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ меҳнат вазифаларини улар иш берувчи томонидан қайси юридик шахсга юборилган бўлса, ўша юридик шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг бошқаруви ва назорати остида амалга оширади. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар аутстаффинг хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи томонидан ўз ходимларини улар меҳнат вазифаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бажариш учун юбориш билан боғлиқ аутстаффинг хизматлари кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
Аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тартиби ва аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.