11-модда. Давлат бошқаруви органларининг аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатлари
Давлат бошқаруви органлари:
меҳнат бозорини ривожлантиришни, аҳоли бандлигини таъминлайдиган тузилмавий, молиявий, кредит, инвестицияга оид ва солиқ сиёсатини амалга оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
меҳнат бозори ва аҳоли бандлигига оид таҳлилий тадқиқотларни, прогнозлашни, бу соҳадаги давлат статистика ҳисобини ва ҳисоботини амалга оширади;
аҳоли бандлиги соҳасидаги тармоқ дастурларини, янги ишлаб чиқариш қувватларини ва иш ўринларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
тегишли давлат кафолатларини, шунингдек фуқароларнинг аҳоли бандлиги соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди;
қўшимча иш ўринлари ташкил этилишига, меҳнат шароитлари яхшиланишига кўмаклашади;
белгиланган тартибда касбий стандартларни ва малака талабларини ишлаб чиқади ҳамда кейинчалик рўйхатдан ўтказиш учун киритади.
Давлат бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12-модда. Маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг аҳоли бандлиги соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари:
тегишли ҳудудда аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширади;
аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир ҳудудий дастурларни, янги ишлаб чиқариш қувватларини ва иш ўринларини ташкил этишга доир ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлайди;
иш ўринлари ташкил этилишини ва аҳоли бандлигининг ўсишини рағбатлантириш, ишсизлик даражасини камайтириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
аҳоли бандлигига кўмаклашишга доир дастурлар прогноз параметрларининг бажарилишини таъминлайди;
янги иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш бўйича ҳудудий жамғармалар фаолиятини бошқаришни амалга оширади, шу жумладан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларида кредит линияларини очиш чораларини кўради;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкилотларни ташкил этади;
оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни, шахсий томорқа хўжаликларидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришларини, касаначиликни ривожлантиришга кўмаклашади;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради;
энг кам иш ўринлари сонини белгилайди;
меҳнат бозорини барқарорлаштиришга, шу жумладан ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олишга, устувор ривожлантириш ҳудудларини аниқлашга кўмаклашадиган тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |