Раҳбар фаолияти билан боғлиқ мулоқот маданияти деганда қуйидагилар назарда тутилади:
1. Сўзлаш (жумладан, омма олдида) санъати.
2. Тинглаш қобилияти.
3. Суҳбатдош (ҳамкор, ўзга кишилар, қўл остида ишлайдиганлар)ни объектив баҳолаш ва тўғри тушуниш кўникмалари.
4. Ҳар қандай одам билан муносабат ўрната олиш ва ўзаро манфаатдорлик асосида унга самарали таъсир ўтказа олиш.
Нотиқлик санъатининг яхши эгаллаган раҳбар сўз қудратидан фойдаланиб, одамларни ўзига қарата оладиган ҳақиқий йўлбошчига айлана олади. Римнинг буюк нотиғи Цицерон шундай деган эди: “Сухандонлик шундай сифатки, унга осонликча эришиб бўлмайди ва у жуда кўп билим ва меҳнатдан туғилади”.
Америкалик сиёсатчи ва бизнесмен Д.Уэбстер шундай деган эди: “Менда бор бўлган барча нарсани олиб қўйинг. Менга сўзлаш қобилиятимни қолдирсангиз бас. Шунда мен тез орада барча йўқотган нарсаларимни қайта қўлга киритаман”.
“Олижаноб инсон ёнида учта хатога йўл қўядилар: биронта сўз унга етиб бормаганда, у билан гаплашиш енгилтакликдир; у тинглаши мумкин бўлганда, гапирмаслик дамдузликдир; унинг юз ифодасига эътибор бермасдан гапириш кўрликдир” (Конфуций)
“Юмшоқлик ва дилбарлик одамийликнинг илдизларидир. Ҳурмат ва зийраклик (у ўсиб, унадиган) заминдир. Бағрикенглик одамийликнинг намоён бўлишидир. Изчиллик ва тадрижийлик унинг санъатидир. Таомил ва одатлар одамийликнинг қиёфасидир. Нутқ ва суҳбатлар унинг безагидир”. (Ли-цзи)
“Гапириш керак бўлганда гапирмасалар, одамларни йўқотадилар. Гапириш керак бўлмаганда гапирсалар, сўзларни йўқотадилар”. (Конфуций)
“Бағрикенглик одамларнинг қалбларини ром этади. Самимийлик ва тўғрисўзлик одамларнинг ишончини уйғотади. Қунт ва фаросат билан ишлар амалга ошади. Холислик ва адолат бўлса атрофдаги барча одамлар мамнун бўлади”. (Конфуций)
Музокара (мулоқот) чоғида ёлғонни фарқлаш усули
Музокара давомида ёлғон маълумот бериш объектив мезонга зид келувчи, лекин шунга қарамай, кўп учраб турадиган ҳолдир. Музокарадаги у ёки бу томоннинг ёлғон ишлатиш сабабларини таҳлил этмаган ҳолда, ёлғонга берилмаслик ва унга қарши туриш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Авваламбор, шуни айтиш лозимки, алдовнинг самараси иккала томоннинг иштирокини тақозо этади, алдовчи жараёнга қанчалик тайёрланган бўлса, ўзга томон ҳам ҳар қандай алдовга қарши тура олиш малакасига эга бўлиши лозим. Умуман олганда, одам икки ҳолда кўпроқ алданади – биринчидан, ушбу муаммони тезроқ ҳал қилиш мақсадида шошилганда, аниқроғи унинг ижобий натижасини жуда хоҳлаганда, иккинчидан эса, масала ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган пайтда. Шунинг учун, музокара олиб борувчи доимо вазиятни аниқ тасаввур этиши ва ўз орзуси қурбони бўлиб қолмаслиги ҳамда бўлажак музокара мавзуси ҳақида кўпроқ маълумот йиғиши лозим.
Бундан ташқари, маълум психологик қонунлар мавжудки, уларнинг инсон руҳиятида амал қилиши ёлғонга берилиш эҳтимолини кучайтиради. Жумладан, қуйидагиларни киритиш мумкин:
• Обрў-эътиборга эга шахс билан мулоқотда унга шубҳасиз ишона бошлаймиз.
• Ўзга шахс бизга қанчалик ёқимли бўлса, унинг маълумотини шунчалик ишонч билан қабул қиламиз ва аксинча, биз ёқтирмаган кимсанинг маълумотини шубҳа остига оламиз ва ишонқирамай қараймиз.
• Одамнинг билим савияси ва ақлий салоҳияти қанчалик юқори бўлса, у ҳаётга шунчалик ишонч билан қарайди, у мушоҳадага мойил, вазиятларни мустақил равишда таҳлил қила олади ва ёлғон таъсирига камроқ берилади.
Суҳбатдошимиз кўзини қўли билан беркитиши ҳам шу каби ҳолат ҳақида маълумот бериши мумкин. Ёлғон гапириш соҳасида баъзи “пихини ёрган” кимсалар бундай пайтда бурнига қўлини текизиш билан чекланади ва бу билан ёлғондан ўт олган ҳаяжонини яширмоқчи бўлишади.
Кўпчилик ёлғон гапираётган одамлар шеригининг кўзига қарашга уялишади. Шунинг учун кўз ҳаракатларига ҳам эътиборли бўлиш керак. Кузатиш¬лардан аниқланишича, одам ёлғон гапираётганда, яъни мавжуд бўлмаган нарсани хаёлида тасаввур этаётган пайтда кўз ҳам ўзига хос равишда ҳаракатлар содир қиларкан. Хусусан, мавжуд нарсани хотирлаётганда иккала кўз гавҳари юқорига ва ўнг томонга йўналади, янги нарсани (ёлғонни) яратишда эса аксинча, юқорига ва чап томонга ҳаракатланади. Айтгандай, чапақай кимсаларда бу жараён тескари ўтади. Бундан ташқари ёлғон гапираётган кимсанинг кўзи ён атрофга тез-тез ҳаракатланади.
Аниқланишича, тананинг маълум ҳолати ҳам ёлғонни ифодалаши мумкин. Одам ҳақиқатни гапираётганда бош ўнг томонга сал энгашади ва тана хотиржам бўлади, ёлғон гапираётганда бош тўғри ҳолатни эгаллайди ва тана зўриқиш ҳолатига келади.
Қуйида келтирилган белгилар суҳбатдошимиз ёлғон гапираётганлигини аниқлаш учун ахборот манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин:
• Кўп гапириш, аниқ матннинг кузатилмаслиги.
• Жавоб беришдан аввал узоқ сукут сақланиши.
• Чўзиб ва паст товушда гапириш.
• Ички зўриқиш.
• Номуносиб қўл хатти-ҳаракатлари.
• Табиий бўлмаган юз ифодаси.
• Юзнинг нотабиий қизариши ёки оқариши.
• Кўз қорачиғининг ниҳоятда кенгайиши.
• Кўзни суҳбатдошдан олиб қочиш.
• Тез-тез киприк қоқиш.
• Ишончсизликни ифодаловчи қўл ҳаракатлари даҳанни, бурунни, қошни қашиш).
• Чаккани қашиш.
• Мийиғида кулиш, сунъий юз ифодалари.
Шуни унутмаслик лозимки, ҳар бир инсонда ушбу кўрсаткичларнинг намоён бўлиши ўзига хос тарзда ўтади. Одамни билмай туриб, у ёки бу белгига қараб талқин бериш мумкин эмас. Кўрсатилган белгиларга асосланишдан аввал ўзга кимса билан қисман бўлса ҳам оддий мулоқот шароитида бўлиш лозим. Эслаб қолинган айнан шу вазият, кейинчалик таққослаш намунаси бўлиб хизмат қилади. Огоҳлантириш шундан иборатки, юқоридаги ҳар бир кўрсаткич ўзга кимсанинг ҳаяжонланиши ифодаси бўлиши ҳам мумкин. Суҳбат чоғида алданиб қолмай деган кимса қуйидаги қои-дага амал қилгани маъқул: “Бир манбадан олинган маълумот – ҳали маълумот эмас. Икки манбадан олинган маълумот – фикрлаш учун туртки. Ва фақатгина уч манбадан олинган маълумот ушбу ахборотнинг ҳаққонийлигини у ёки бу даражада тасдиқлаши мумкин”.
Вақтни самарали бошқариш қоидалари:
1. Вақтингизни ҳақиқатан ҳам жуда муҳим вазифаларни ҳал этишга сарфланг
2. Кунингизни режалар билан тўлдириб юборманг, белгиланган ишларингиз орасида тасодифий ва тезкор ишлар учун оралиқлар қолдиринг
3. Муҳим (3 тагача) ва иккинчи даражали (5 тагача) ишларни режалаштиринг
4. Кунингизни қийин, муҳим ва ёқимсизроқ ишлардан бошланг ва якунлашда оддийроқ, ёқимлироқ ишларга ўтинг
5. Вақтни шошилтирманг. Иш вақтидан керагидан ортиғини сиқиб чиқаришга ҳаракат қилманг
6. Агар вақтингиз бўлса вазифани ҳал этишга бугуноқ киришақолинг. Муаммони тезроқ ва батафсилроқ ҳал этишга киришинг. Қолган вақтни дам олиш ёки бошқа ишларни ҳал этишга сарфлайсиз.
7. Агар раҳбар бўлсангиз вазифани ёки унинг бир қисмини ходимларга бўлиб бериш имкониятини изланг
8. Эски ишни тугаллаб кейин янгисига киришинг. Янги ишни бошлар экансиз, ҳар қандай шароитда уни тугатишга ишончингиз комил бўлсин.
9. Вақтингизни оладиган ёки ўз вақтини сизнинг ҳисобингизга тежайдиган кимсалардан узоқроқ бўлинг.
10. Вақтни бошқаришга оид қобилиятларингизни таҳлил қилишга ўрганинг
11. Вақтнинг ҳатто энг кичик бўлакларини ҳам тежанг.
12. Ўзингизни “ҳаракатсизликда” айблайверманг. Давлат хизматчиси фаолиятида ижодий танаффуслар ҳам бўлиб туриши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |