1.4. Бухгалтерия ҳисоби предмети ва объектлари
тўғрисида тушунча
Бухгалтерия ҳисоби махсус фан ҳамда бухгалтерлик касби эгаларининг амалий фаолияти сифатида ўзининг предметига эга.
Бухгалтерия ҳисобининг предмети деганда унда акс эттириладиган объектлар мажмуаси тушунилади. Бундай объектлар бўлиб корхоналар хўжалик фаолияти, хўжалик фаолияти натижалари, улар активлари ва активларни ташкил топиш манбалари ҳисобланади.
Хўжалик фаолияти деганда корхона томонидан фойда олиш мақсадида олиб борилаётган ҳамда мазмунан алоҳида номлардаги фаолият турларини ташкил қилувчи хўжалик жараёнлари ва операциялари (муомалалари) мажмуаси тушунилади.
Хўжалик жараёни деганда корхонада юз берган ва бераётган маълум хўжалик муомалалари йиғиндиси тушунилади.
Хўжалик операцияси (муомаласи) деганда корхонада юз берган ва бераётган аниқ харакатлар, ишлар тушунилади.
Республикамизнинг қонунлари, чунончи Солиқ Кодексига мувофиқ корхоналарнинг хўжалик фаолияти икки турга, яъни асосий ва асосий бўлмаган фаолият турларига бўлинади.
Асосий фаолият – бу корхонанинг бош мақсадини ифодаловчи ҳамда унинг уставида кўрсатилган фаолият тури (ёки турлари).
Асосий фаолият турига қараб хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодиётни тегишли тармоғига киритилади. Мисол учун, автомобилларни ишлаб чиқарувчи корхона саноат тармоғига, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги тармоғига, товарлар билан савдо-сотиқ қилувчи субъектлар савдо соҳасига, туристларга хизмат кўрсатувчи туристик ташкилотлар ва меҳмонхоналар туризм соҳасига, қурилиш ва қурилиш монтаж ишларини бажарувчи корхоналар қурилиш соҳасига, пассажир ва юк ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар транспорт соҳасига киритилади.
Бозор муносабатлари шароитида корхоналарнинг асосий фаолияти турлари чекланмайди. Улар бир вақтнинг ўзида турли асосий фаолиятни олиб боришлари мумкин. Бундай ҳолларда корхоналарни иқтисодиётнинг қандай тармоғига киритилиши уларнинг жами соф тушумида энг катта улушни ташкил қилувчи асосий фаолият турига қараб белгиланади. Мисол учун, корхонанинг ҳисобот йилида олган жами соф тушумида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш 40 %ни, савдо 35 %ни, транспорт хизматлари суммаси 25 %ни ташкил қилган бўлса, ушбу корхона ишлаб чиқариш тармоғига киритилади ва унга мос равишдаги саноат фаолияти коди берилади. Келгуси йилда ушбу корхонанинг соф тушумида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш 25 %ни, савдо 35 %ни, транспорт хизматлари суммаси 40 %ни ташкил қиладиган бўлса, бу холда унинг олдинги фаолият коди ўзгартирилади ва, мос равишда, транспорт соҳасига оид фаолият коди берилади.
Ҳар қандай корхонанинг асосий фаолияти ўз ичига таъминот, ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларини олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |