Хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатиладиган аудиторлик хизматларининг муҳим босқичи бўлиб аудит натижаларини умумлаштириш ва расмийлаштириш ҳисобланади.
Аудит натижаларини умумлаштириш деганда шартномада белгиланган комплекс ёки махсус савол тарзидаги аудитда аниқланган далилу-исботларни расмий ҳужжатларда акс эттириш тушунилади.
Республикамизнинг аудиторлик фаолияти тўғрисида қонуннинг олдинги таҳрири (2000 йил 26 май)га кўра аудит натижаларини умумлаштирувчи ва расмийлаштирувчи расмий ҳужжатлар бўлиб аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси ҳисобланар эди. Мазкур қонуннинг янги таҳрири (2021 йил 25 февраль) 39-моддасига мувофиқ бундай расмий ҳужжат сифатида фақат аудиторлик хулосаси белгиланди. Бироқ, бу аудиторлик ҳисоботи тузилиши шарт дегани эмас. Аудиторлик ҳисоботи аудиторларнинг тузилган шартномага асосан аудиторлик текширувининг бориши, бухгалтерия ҳисобини юритишдаги камчиликлар, шунингдек ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни ўзида ифодаловчи, фақат аудит буюртмачисига тақдим этилувчи ҳужжат ҳисобланади. Агаp аудиторлик текшируви хўжалик юритувчи субъект қатнашчилари (акциядорлари) ёки назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари топшириғига биноан аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилаётган бўлса, аудиторлик ҳисоботи аудиторлик текшируви топшириғига биноан ўтказилаётган шахсга ҳам тақдим этилади. Аудиторлик ҳисоботидаги ахборот махфий ҳисобланади ва ошкор қилиниши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг аудиторлик фаолияти тўғрисида Қонуннинг янги таҳририга асосан (39-модда) «аудиторлик хулосаси - молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги тўғрисида аудиторлик ташкилотининг ёзма шаклда ифодаланган фикрини ўз ичига олган ҳужжат”.
Аудиторлик хулосаси хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботидан фойдаланувчилар учун очиқ бўлган ҳужжат ҳисобланади.