Формацион ёндошув
Формация деганда қандайдир эмпирик жамият (инглиз, француз ёки бошқа) геополистик ҳамжамият (Шарқ, Ғарб) эмас, балки жамият ижтимоий тузилмасининг негизини ташкил этувчи умумият тушунилади. Формацион таълимотга кўра, жамият қуйи шаклдан юқори шаклларга, ибтидоий жамоа тузумидан қулдорлик жамияти орқали феодализмга, ундан капитализмга ҳамда энг олий мақсад, инсониятнинг «олтин» асри коммунизмга қараб ҳаракат қилади. Бир формациядан иккинчисига ўтиш янги ишлаб чиқариш кучлари ва эскириб қолган ишлаб чиқариш муносабатлари ўртасидаги зиддиятлар ҳамда ихтилофлар натижасида юзага келадиган ижтимоий инқилоб орқали содир бўлади.
Цивилизацион ёндошув
Формацион ёндошувдан фарқ қилиб, цивилизацион ёндошув ягона, яхлит тизимга туширилган таълимот сифатида шаклланган эмас. «Цивилизация» тушучаси (лот. civilize – фуқароларга, давлатга хос) илк бор XVIII асрда европалик маърифатпарварларнинг асарларида қўллана бошлади. У жиддий эволюцияга юз тутиб, ҳозирги пайтгача бир қанча маъноларда қўлланилади35. Дастлабки даврларда у табиат олами тузилишидан фарқли равишда умуман инсониятни, унинг ижтимоий тузилишини англатган ва бирлик шаклда ишлатилган. Кейинчалик у ёввойилик ва жоҳилликдан кейин келувчи ижтимоий ривожланиш босқичини билдирган. Cўнгра у қадриявий хусусият касб этиб, маданият тушунчасига, айниқса, индивидуал ва ижтимоий хулқ-атвор нормативларига сингиб кетган маънавий маданият, яъни кишилар, халқларнинг менталлиги маъносига яқинлашиб қолди.
Цивилизацион ёндошувда цивилизацион айният (идентичность) мезонлари, яъни маданиятнинг у ёки бу типини қандай белгилар асосида аниқланиши масаласи ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
А.Тойнби цивилизацион айнийликнинг мезони сифатида, дин, тарих, тил, анъана ва маданиятни қабул қилади ҳамда шу асосда 5 та «жонли» цивилизацияларни ажратади – ғарб христианлиги орқали бирлашагн ғарб жамияти; жануби-шарқий Европани Россия билан бирлаштирган православ-христиан жамияти, Шимолий Африкадан тортиб Буюк Хитой девори ҳудудигача бўлган – ислом жамияти, тропик-субконтинентал Ҳиндистондаги – ҳинд жамияти, Жанубий-Шарқий Осиёнинг субтропик ва мўътадил ҳудудларида шаклланган – Узоқ Шарқ жамияти36.
Цивилизацион концепция тарафдорлари ривожланишнинг даврийлиги нуқтаи назаридан туриб, цивилизациянинг вужудга келиш, гуллаб-яшнаш ва ҳалокати босқичларини ажратадилар.
«Тарихнинг интиҳоси» таълимотининг асосчиси америкалик сиёсатшунос Фрэнсис Фукуяма ҳисобланади. Унинг фикрича, энг буюк коммунистик давлат – Совет Иттифоқининг қулаши ва ижтимоий тузум сифатида социализмнинг ўз-ўзидан барҳам топиши дунёнинг биполяр, яъни икки қутбли тизимининг тугаши ва кўпқутблилик ҳолатига ўтиши билан чекланиб қолмасдан, анъанавий, яъни ижтимоий маънода тарихнинг ҳам интиҳосига етишини англатади.
«Цивилизация тўқнашуви» модели цивилизацион бағрикенгликка раҳна солади. У жаҳон жамоатчилигига келажакда Ғарб ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги ихтилоф – геосиёсатнинг марказий ўқ чизиғи бўлиб қолишлигини исботлашга қаратилган. Ушбу модел нафақат олимлар ўртасида, балки турли мамлакатлар, хусусан, ислом дунёсидаги сиёсий доираларда ҳам турлича, баъзан салбий муносабатга сабаб бўлмоқда.
Бир қатор ғарб, айниқса америкалик олимларининг қарашларида авж олган глобализм ғоялари, хусусан, Айру Л.Страуснинг 1997 йилда нашр этилган «Бир қутблилик. Янгича дунёвий тартиботнинг марказлашган структураси ва Россия» мақоласида янгича дунёвий тартиботнинг «бирқутблилик» концепцияси ўз ифодасини топди. У халқаро муносабатларнинг замонавий тизимини мажозий маънода оддий ёнғоққа қиёслайди. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар унинг умумий қобиғини ташкил этса, ичидаги асосини – ядросини қолган дунёни бошқариб турувчи, буйруқ берувчи марказ – Ғарб ташкил этади.
Жаҳон тизимида бирқутблиликнинг салмоғи фақат унинг яққол намоён бўлган, иқтисодий ва технологик салоҳияти билангина эмас, балки қолган жамиятларнинг модернизацияси ғарблаштириш томон бораётганлиги билан ҳам белгиланади, дейди Страус. Бошқача қилиб айтганда, бирқутблиликнинг, яъни ғарбнинг устиворлиги энг аввало мафкуравий омилга, айнан эса либерализм мафкурасига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |