Банкротлик (иқтисодий ночорлик) – хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслигидир . ( “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун 3-модда).
Юридик шахснинг банкрот деб ҳисобланиши унинг тугатилишига олиб келади. Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс, шунингдек матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш олиб бораётган юридик шахс банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиши мумкин.
Банкротликнинг асосий белгилари ўзгарди, юридик шаxс ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ночорлиги тушунчалари бир-биридан фарқланди. Мазкур ўзгартиришларни ҳаётнинг ўзи, иқтисодиётда рўй бераётган ислоҳотлар тақозо этмоқда. Шунинг учун, банкротлик институти бозор иқтисодиётига ўтаётган ҳар қандай мамлакатнинг давлат ҳуқуқий тузилишининг узвий бўғини эканлиги табиийдир.
Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс, давлат корхонасидан ташқари, шунингдек матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш олиб бораётган юридик шахснинг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ у ночор (банкрот) деб ҳисобланиши мумкин. (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 57-модда).
|
Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, уни банкротлик аломати деб эътироф этилади.
Қарздор – пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор.
Кредиторлар – қарздор пул мажбуриятлари бўйича ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбуриятини бажариш бўйича қайси юридик ёки жисмоний шахс олдида жавобгар бўлса, айни шу юридик ёки жисмоний шахслар.
|
Банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шаxсга нисбатан жами талаблар энг кам иш ҳақининг беш юз каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан эса энг кам иш ҳақининг камида ўттиз каррасини ташкил этадиган бўлса, xўжалик суди томонидан қўзғатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ва банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи банкротлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиб борилишини таъминлайди. Шу билан бир қаторда, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ўзларининг ваколатлари доирасида бу борадаги фаолиятни тартибга соладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |