ШАХСДА КАСБИЙ КОМПЕТЕНТЛИКНИ ШАКЛЛАНИШИДА ПЕДАГОГИК
МАҲОРАТНИНГ РОЛИ
ЖУМАЕВ У.С., ҲАКИМОВА Н.С., Бух ДУ.
Педагоглик касби ҳақида гап борар экан у бир вақтнинг ўзида шахсни ҳам ўзгартирувчи, ҳам
бошқарувчи хусусияти билан алоҳида аҳамиятга эга. Шахснинг ривожланиш жараёнини бошқариб туриш учун
ҳар бир педагогдан касбий компетентлик талаб қилинади. Шунинг учун педагогик касбий компетентлик
тушунчаси, шахснинг яхлит тузилишида унинг назарий ва амалий тайёргарлиги бирлигини ва унинг
омилкорлигини ифодалайди.
Ҳар бир мутахассислик соҳасида фаолият юргизаётган педагог касбий компетентлигининг мазмуни
унинг малакавий сифатига баҳо бериш орқали аниқланади. Ундаги касбий компетентлик билим ва
кўникмаларнинг илмий асосланган таркибини акс эттириб, ўзидаги педагоглик меъёрий моделини намойиш
этади. Малакавий сифат - бу ўқитувчига қўйилган умумлаштирилган талаблар бўлиб, унинг амалий ва назарий
тажрибаси бош омил саналади.
Психологик-педагогик билимлар педагогик фаолиятнинг мазмунан ва операционал тузилишининг
бирлигида акс этиб, бўлажак педагогнинг психологик-педагогик тайёргарлиги, педагогик методология
асосларининг етарли даражада ўзлаштирганлиги асосидаги билимларга эга бўлишни талаб қилади, шунингдек
тарбия ва таълимнинг мақсадлари ва моҳиятини, шахснинг ижтимоийлашиш ва ривожланиш қонуниятларини,
болалик, ўсмирлик ва ўспиринлик давридаги анатомик-физиологик ривожланишининг қонунларини билиши
лозим. Шунинг учун бўлажак педагогнинг психологик-педагогик тайёргарлиги унинг дастлабки фаолияти
давридан педагоглик касбининг назарияси ва методологиясини моделлаштириш ва педагогик
инсонпарварликка йўналтирилган фикрлаш асосларини татбиқ этади. Психологик-педагогик ва махсус
билимлар зарур, аммо касбий фаолият учун улар етарли шарт эмасдир. Уларнинг барчаси, хусусан назарий-
амалий ва методик билимлар, педагогик кўникмаларнинг омили сифатида хизмат килади холос.
Педагогик маҳоратлар - ташқи ёки ички кўринишда педагогик ҳаракатларнинг кенг амалга оширилиши,
баркамол шахс ривожланиши вазифаларини ечиш учун йўналтирилган ва унга мувофиқ шаклланган
билимларга асосланади. Биринчидан, у бўлажак педагогларнинг амалий тайёргарлигини шаклланишида
назарий билимлар ролини аниқлайди, ҳамда бўлажак педагогнинг назарий ва амалий тайёргарлигининг
бирлигини таъминлайди. Иккинчидан, педагогик тафаккур ва педагогик фаолиятни бирликда шаклланишига
йўналтирилган тизим сифатида намоён бўлади. Учинчидан, педагогик маҳоратларнинг кўп томонлама
характерга эгалигини (репродуктивликдан бошлаб, ижодийликгача) ва уларни алоҳида ҳаракатларини
автоматлаштириш йўли билан мукаммаллаштириш имкониятини талаб этади.
Ҳозиргача педагогик деонтологияда педагогик маҳоратларнинг таснифлашида бир нечта ёндашувлар
шаклланган бўлиб уларни учта катта гуруҳга ажратиш мумкин: педагогик функциялар бўйича (Н.В. Кузьмина,
А.И. Шербаков, О.А. Абдулина ва бошқалар); турли педагогик вазифаларни қўйиш ва ечиш бўйича
(И.Т.Огородников, Л.Ф. Спирин ва бошқалар); педагогик жараённи бошқариш босқичлари бўйича (В.А.
Слатёнин, Л.И. Мишенко ва бошқалар).
Педагогик маҳоратлар таркибини асослашга турли ёндашувларнинг асосий моҳияти кўпроқ умумий
маҳоратдан хусусий маҳоратгача бўлган педагогнинг касбий компетентлик моделини тузишни мантиқан
уқтириб ўтади. Бунда кўпроқ умумий маҳоратлардан педагогик фикрлаш ва ҳаракат қилиш маҳоратлари
назарда тутилади, улар фактлар ва ҳодисаларни назарий таҳлил қилиш маҳоратлари билан узвий боғлиқдир.
111
Ушбу маҳоратларни бирлаштирадиган нарса, улар асосида аниқликдан мавҳумликкача ўтиш жараёни
ётади, ушбу жараён интуитив, эмпирик ва назарий босқичлардан иборат. Тажрибалар шуни кўрсатадики,
педагогик фикрлаш ва ҳаракат қилиш маҳоратларини ишлаб чиқишга йўналтирилган, педагогик фактлар ва
ҳодисаларни таҳлил қилиш бўйича мақсадга мувофиқ танланган машқлар тизими, албатта педагогик
фаолиятнинг мувафақиятини таъминлаб берувчи, “универсал” асосий маҳоратни таъминловчи омилдир.
Педагогик маҳоратларни қуйидаги тўртта гуруҳга ажратиш мумкин.
1.
Объектив ижтимоий жараён мазмунини тарбия ва таълимнинг аниқ вазифаларига ўтказиш билан
боғлиқ, педагогик муаммоларни танлай олиш маҳорати : янги билимларни фаол ўрганиб олишга тайёргарлик
даражасини аниқлаш мақсадида жамоа ва шахсни ўрганиб олиш, педагогик таъсирларга қаршилик кўрсатиш ва
шу асосида жамоа ва алоҳида шахсни шакллантиришни лойиҳалаштириш; таълим, тарбия ва ривожлантирувчи
масалалар мажмуини ажратиш, уларнинг устивор вазифаларини аниқлаш ва белгилаш.
2.
Ўзаро педагогик фаолият усулларини дастурлаш маҳорати мантиқан тугалланган педагогик
тизимини тузиш ва ҳаракатлантириш имкониятини беради; таълим-тарбия ва ривожлантирувчи вазифаларни
комплекс режалаштириши; таълим жараёни ориентровкаси; унинг шакллари, усуллари ва ташкил этиш
воситаларини оптимал танлаш.
3.
Педагогик фаолиятни амалга ошириш маҳорати таълим ва тарбия омиллари ва компонентлари
ўртасида ўзаро боғлиқликни ажратиш ва ўрнатилишини тахмин қилади ва уларни ҳаракатга келтириш; таълим
жараёнини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиш ( моддий, маънавий, психологик, ташкилий
кабилар); ўқувчини педагогик жараёнда объектдан субъектга айлантирувчи фаолиятини ривожлантириш;
ҳамкорлик фаолиятини ривожлантириш ва ташкил этиш.
4.
Педагогик фаолият вазифасини ҳал этиш жараёни ва натижаларини ўрганиш маҳоратлари; ўз-ўзини
таҳлил қилиш ва педагог ҳаракатларини ва педагогик жараён боришини таҳлил қилиш; устивор ва бўйсинувчи
педагогик вазифаларнинг янги комплексини аниқлаш.
Ўқитувчининг педагогик маҳорати ва компетентлигининг ўзаро алоқадорлиги нимада? А.С.
Макаренконинг фикрича, педагогик маҳорат туғма хусусиятлар ва фазилатлар билан белгиланмаслигини, балки
педагогик маҳорат касбий компетентлик орқали намоён бўлишини кўрсатиб берган.
Унинг фикрича, кўникмаларга, малакага асосланган педагогик маҳорат - бу педагогик жараённи билиш,
уни лойиҳалаш ва ҳаракатга келтириш кўникмаси бўлиб, одатда педагогик маҳорат, педагогик техника
кўникмалар ва малакаларга бориб тақалади, бу эса ўз навбатида маҳорат компонентларининг фақатгина ташқи
кўринишларидан биридир.
Маҳорат амалий тажриба асосида шакллантирилади. Аммо ҳар қандай тажриба ҳам, касбий маҳорат
манбаи бўла олмайди ва бундай манба фаолият технологияси бутунлиги ва моҳиятини англаб олиш нуқтаи
назаридан фақат ҳаракат бўлиб хизмат қилади. Педагогик маҳорат – бу педагог касбий компетентлиги ва шахс
меҳнатининг қоришмасидир.
Кўпчилик педагоглар ташкилий ва коммуникатив фаолиятида энг катта қийинчиликларга дуч
келадилар, аммо бундай қийничиликларни олдиндан кўриш ва бартараф этишнинг чора-тадбирлар тизими
унинг маҳоратига ҳам боғлиқдир, яъни қандай ҳаракатлар ёрдамида якуний натижага эришиш мумкинлигини
билмаслик, ушбу ҳаракатлар кетма-кетлиги қандай бўлиши кераклигини англамаслик педагогик
компетентликка путур етказувчи ҳолатдир. Бу борада болалар психологиясини билиш, ҳар бир ҳаракат ва
тушунтириш жараёнида ўқувчилар реакциясини сезгирлик билан қабул қила олиш муҳим омил саналади.
Умуман олганда болалар психологиясини билиш хар бир ўқитувчининг педагогик фаолиятининг ўзидаёқ
намоён бўлади. Бу ҳақида В.А. Сухомлинскийнинг ушбу сўзларини келтириш мумкин: “Унутмангки, сизнинг
педагогик маҳоратингиз шахс сифатида шакллантираётган боланинг ўзида, билимга ва ўқитувчисига бўлган
муносабатида намоёндир. Бу унинг ўқиш, илҳомланиш, қийинчиликларни енгишга тайёргарликдаги
ҳолатларида кўринади”.
Шундай экан, педагогнинг касбий компетентлиги, унинг педагогик маҳоратини ривожлантириш ва
ўрнатиш шарти бўлиб, педагогик маданиятнинг мазмунини ташкил этади. Машҳур педагог олимлар Я.А.
Коменский, И.Г. Песталоци, К.Д. Ушинский, П.П. Блонский, С.Т. Шацкий, А.С. Макаренко, В.А.
Сухомлинскийларнинг фикрича кенг маълумот, одамийлик, жавобгарликни сезиши ва юқори бурч ҳиссиётида
намоён бўладиган гуманистик ғояларни туғилишига асос бўлиб хизмат қиладиган педагогик қарашлар ва
педагогик маҳоратни янги ривожланиш даражасига кўтарувчи асосий мезон айнан ижтимоий маданиятдир.
Шунинг учун педагогик фаолиятдаги энг юқори натижаларга эришиш касбий муаммоларни кенг фалсафий-
методологик ва ижтимоий–маданий позициялардан туриб кўриб чиқиш қобилияти билан боғлиқ. Маданият
категориясини тадқиқ этишга ёндашувлардаги тафоввутларга қарамасдан, маданиятни бир яхлит тушинча
сифатида англаш, унинг асосий бўлаги - бу инсон маданий ривожланиш субъекти экани, инсон томонидан
яратилган барча нарсалар эса ўзида маданиятни акс эттириши моҳиятини англамоғи зарур. Бунга мувофиқ,
педагогик маданият – бу унинг касбий ролини амалга ошираётганда ноанъанавий масалаларни ҳал этишдаги
ижодий имкониятларини ривожлантириш ва мукаммаллаштириш қобилиятидир. Педагогнинг ижтимоий
маданияти – бу умуминсоний ғоялар ва қадриятларнинг, касбий-гуманистик йўналганлик ва шахс фазилатлари,
педагогик фаолиятнинг универсал билув усуллари ва гуманистик технологияларининг оптимал
бирлашмасидир. Айнан бундай маданият мавжудлиги унга баркамол шахс ривожланиш даражасини ўрганиш ва
ташхис қилиш, уларни тушуниш, маънавий маданият дунёсига олиб кириш, маънавий жиҳатдан бой
фаолиятини ташкил этиш, ижтимоий қадриятларга йўналганлигини шакллантириш имкониятини беради.
112
Шунинг учун, педагогик таълим жараёни шундан иборатки, у энг аввало кенг умуммаданий тайёргарликка
йўналтирилганлигидир. Шундай қилиб, бўлажак педагог турли фаолият усуллари, санъат турлари, ҳар хил
тиллар, умуминсоний маданият билан ҳамоҳанг бўлиши ҳамда фаолиятини шу асосда шакллантирмоғи зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |