12.4. Иқлимлар тасниф Иқлимлар таснифлари - бу Ер шарида кузатиладиган иқлим турларини, уларнинг бирор белгилари ёки пайдо бўлиш шароитлари бўйича гуруҳларга ажратишдир.
Иқлимларни таснифлашдан мақсад шу вақтга қадар иқлим ҳақидаги тўпланган маълумотларни тизимга солиш ва ва ҳар хил турдаги иқлимларнинг гуруҳ белгилари ҳамда Ер шари бўйича ёки дунёнинг глобал иқлимий белгиси ва хусусиятларини ишлаб чиқишдан иборат. Шубҳасиз она-ер заминининг бир бутун ҳолатдаги иқлимини ўрганиш ва уларнинг ўхшашлик тарафларини гуруҳларга ажратиш зарур, лекин бу жуда мураккаб вазифадир. Иқлимларни гуруҳларга ажратишнинг амалий аҳамияти шундан иборатки, фақатгина иқлим гуруҳларининг бир-бирига ўхшашлигини эмас, балки тафовутларини аниқлаш ҳам муҳимдир.
Қадимдан инсонлар об-ҳаво ва иқлимни билишга қизиқишган. Гиппарх Ернинг одамлар яшайдиган қисмини 12 та иқлимга ажратган.
Географиянинг иқлимлар назариясига тўла риоя этган ҳолда биринчи марта иқлимлар таснифини Мусо ал-Хоразмий баён қилган ва Ернинг инсонлар яшайдиган обод қисмини етти иқлим турига ажратган. Ўша даврдаги олимлардан фарқли ўлароқ, у 1-иқлимдан то 7-иқлим тури жойлашган географик жойларни тавсиф этган.
Иқлимшунослик фанининг ривожланиши ва уни амалиёт учун қўллаш талабгорларининг ортиши туфайли бир неча иқлимлар таснифлари пайдо тузилган. Ҳозирги вақтда энг кўп тарқалган иқлимлар таснифларини В.П. Кёппен, Л.С. Берг, Б.П. Алисовлар ишлаб чиққан. Иқлимшунос олимлар иқлимларни таснифлашда қуйидаги шартларга эътиборларини қаратишган:
1) иқлимни таснифлаш метеорологик кузатишлар натижасида тўпланган аниқ маълумотлар асосида олиб борилиши лозим.
2) турли гуруҳдаги иқлимлар ўртасидаги чегара табиий чегараларга тўғри келиши ёки шунга яқин бўлишлиги керак.
3) иқлимларни таснифлашда иқлимнинг қандай вужудга келишини ҳисобга олган ҳолда тузилиши керак.
В.П. Кёппеннинг таснифига ўсимликлар ҳаётида муҳим роль ўйнайдиган иккита иқлим катталиклари-энг иссиқ ва совуқ ойлардаги ўртача ҳарорат ва намлик, ҳамда ўртача йиллик ҳарорат, ёғинларнинг ойлик ва йиллик миқдори асос қилиб олинган. У Ер шари иқлимий зоналарини 5 гуруҳга ажратган: нам тропик, қуруқ, мўътадил илиқ, мўътадил совуқ ва қорли ҳудудларга бўлган. Бунинг заминида иқлим-ни яна 12 та гуруҳга ва яна бирмунча тоифаларга ҳам бўлиб чиққан. Умуман олганда, В.П. Кёппеннинг иқлимий таснифи ботаника-географик районлаштириш билан узвий боғланган. Шу сабабли унинг таснифини геоботаниклар эътироф этишди ва амалий ишларида фойдаланишди.
Л.С. Берг иқлим таснифининг В.П. Кёппен таснифидан фарқи шундаки, у ўзининг таснифида география тамойилларидан фойдаланган ҳолда кенглик ва баландлик иқлим зоналарини бир-биридан ажратиб ландшафт зоналарини асос қилиб олди (тундра, тайга, кенг баргли ўрмонлар ва ҳоказолар). Унинг таснифига мувофиқ иқлим гуруҳлари аввало иккига: текисликлар ва баландликлар иқлимига бўлинади. Л.С. Берг таснифи бўйича текисликларда 12 та иқлимий зона қуйидагича ажратилган;
1. Абадий совуқлар иқлими. 2. Тундра иқлими. 3. Тайга иқлими. 4. Ўртача зоналардаги кенг баргли ўрмонлар иқлими. 5. Муссон иқлими. 6. Дашт иқлими. 7. Ўрта денгиз иқлими. 8. Субтропик ўрмон-лар зонаси иқлими. 9. Материклар ичкарисидаги чўллар иқлими. 10 Тропик чўллар иқлими. 11. Саванналар ёки тропик ўрмон даштлар иқлими. 12. Нам тропик ўрмонлари иқлими.
Академик Л.С. Бергнинг таснифида иқлимлар ўртасида фарқ эмас, балки ландшафт зоналари ётади. Иқлимларни таснифлашда узоқ йиллар давомидаги кузатишлар натижаси бўлган метеорологик аниқ маълумотлар олинади деган шартга бу тасниф жавоб бера олмайди.
Собиқ Иттифоқ даврида иқлимларни таснифлашда Б.П. Алисовнинг таснифлаши оммага кенг тарқалган эди. Унда Ер шари устидаги ҳаво массаларининг ҳаракати (атмосфера циркуляцияси) асос қилиб олинган.
Тропосферадаги асосий ҳаво массаларининг мавсумий тақсимла-нишига ва етакчи ҳаво фронтларининг ҳолатларига боғлаб тўртта асосий иқлимий зонага ҳамда учта ўтиш зоналарига ажратган. Асосий зоналарга экваториал, тропик, мўътадил кенгликлар ва арктик ҳамда жанубий ярим шарда антарктик зоналар киради (12.1-расм).