A. ХХ аср ўзбек адабиётида аёл муаллифлар ижодида акс этган саркаш шоирлик руҳияти ва мазлумалик тақдирининг моҳияти.
Дунёни англаш, унинг қиёфасини тафаккур кўзи ила кўра олиш ҳар бир муаллифнинг миллий менталитетидан келиб чиқади ва бу унинг ижодида акс этади. Бизнингча, адабиётшуносликдаги тадқиқот ишларида айни шу жиҳатни тўғри баҳолай олиш муҳим. Шунда дунё адабиётида жаҳон адиблари асарларининг қиёсий баҳосини тўғри белгилаш, уларнинг услубини бир-биридан нечоғли фарқлай олиш ва муаллиф оламига киришу идрокидаги ғоялари ила бир қадар яқинлашишга ёрдам беради. Шунингдек, муаллифнинг дунёқарашига тўғри ёндашиш – ҳаётий материалга яқинлашиш, яратилган асарнинг ўзига хос жанри ва услубини ҳам аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Нодирабегим, Увайсий, Дилшоди Барно ва Анбар Отинлардан кейин Зулфия, Саида Зунунова, Кибриё Қаҳҳорова, Ҳалима Худойбердиева, Гулчеҳра Нуриллаева, Мақсуда Эргашева, Мукарама Муродова, Турсуной Содиқова, Зулфия Мўминова, Бибисора Туробова, Замира Эгамбердиева, Қутлибека Раҳимбоева, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Бобомуродова, Зебо Мирзо, Фарида Афрўз, Энахон Сиддиқова, Гўзал Бегим, Ойдинисо бошқалардан иборат каттагина авлод етишди [69,367]. Маълумки, шеъриятдаги шеър ёзиш услублари ўзгарувчан, улар вақтнинг силсиласида жамиятдаги ҳодисаларга қараб ўзгариб келади ва шу тариқа ҳар даврнинг бир-биридан такрорламайдиган поэтикаси вужудга келган, десак янглишмаймиз. Айниқса, замонавий ўзбек адабиётида каттагина эврилишлар содир бўлди, жаҳон адабиётида бўлгани каби ўзбек адабиётида ҳам аёл муаллифлар сафи кенгайиб бораётир, уларнинг ёзиш стилидаги дадил уринишлар юз берганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Бугун замонавий ўзбек адабиётида аёллар шеъриятининг юксалиб бораётганидан шуни айтиш мумкинки, ижодга қараш, истеъдодни қадрлаш тушунчаларининг моҳияти бир қадар ўзгарганидан далолатдир. Чунки ижод ва истеъдод масалалари шахснинг биологик келиб чиқишига боғлиқ эмаслигини англаш, улар руҳ ва илоҳиётга боғлиқ тушунчалар эканлигини кўрдик. Айтиш жоизки, бу жараён бугунги куннинг тарихий мазмунини, унинг ғоявий эҳтиёжлари, адабиёт ва воқелик муносабатларини акс эттиради. Айтиш жоизки, адабиётшуносликда гендершунослик масалалари бўйича изланишлару тадқиқотлар “Шахс ким?”, “Инсон ким?” деган саволларни ўртага ташлангач бошланди. Бу савол деярли ҳар бир ижодкорнинг ижодида кўриниш бера бошлади.
Жумладан собиқ Шўро тузуми даврида узоқ йиллар азоб тортган Саида Зуннунова ижодида исён шу тариқа кўриниш беради: “Тарихни сўзлама менга, эй одам, Битта чалиб бергин «Чўли ироқ»ни. Битта чалиб бергин, токи яна ҳам, Яхшироқ ажратай қорани, оқни. Бу куй асрларнинг баридан тортиб, Чўлларда толиққан ҳоргин карвондай, Минг хил тақдирларни устига ортиб, Қалбимдан жимирлаб ўтади қондай”. Маълумки, умр йўлдошининг сургунидан сўнг анчагина замон ва жамият зулмидан изтироб чеккан шоир ўтмиш ҳақида кўп ўйлайди, айб излайди, юрагини ўртаган саволларига жавоб излайди.
“Ҳаёт китобимни бехос варақлаб, Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим..”, дейди яна бир мазлума шоир Зулфия, лекин саркаш шоирлик руҳи барибир уни тақдирига тан беришга қўймайди, бу унинг “Сенсиз” шеърида яққол акс этган: “Тобутинг бошида чўкканимда тиз, Фарзандлар кўтарди қўлимдан тутиб. Шундан бери тикман. Ҳар нега қалқон, Бахтга, баҳорга ҳам, қишга, қайғуга...” Умр йўлдоши Ҳамид Олимжоннинг ўлимидан сўнг миллатнинг садоқат тимсолига айланган шоир қалбида аслида бир ўз замонасида тақдир қилинган шон-шуҳрат қўлида бир мазлума эканлиги қуйидаги сатрларидаги ички туғёнларда яққол сезилади: “Лекин қолганимда қалбим-ла танҳо, Туйғулар зорига солганда қулоқ. Ўзни заиф, чанқоқ сезганда гоҳо, Аламдан бераман жавобсиз сўроқ...”
Маълумки, шоир “мен” деб ёзади ва бу “мен” қанчалик инсоний ва табиий бўлса, унинг ёзганлари “биз”нинг мулкига айланади”. Шеър ғойибдан пайдо бўлган туйғу, юракни (шоир юрагини) жунбишга соладиган, йиғлатадиган, шодлантирадиган инсон туйғусидир. Шоир истеъдоди шу туйғуни нечоғлик қабул қила олишини, шу туйғунинг асллигини сақлаб, бошқа юракларга етказиши билан ўлчанишини айтади. Кичик “истеъдод” кичик туйғуни кўтаришга яраса, улкан истеъдод улкан туйғуларни ғойибдан қабул қилишга, унинг бир япроғини, бир томчисини тўкдирмай, титроғу момоқалдироғини сақлаган ҳолда миллионлаб юракларга бера олишга қодирлигини алоҳида эътироф этади. Ўзбек шеъриятида ўзига хос овозга эга ҳар бир аёл муаллиф ижодида шоирлик қисмати, ички туғён ва руҳий изтиробларнинг тафтини ҳис қилиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |