Хўжалик амалиётида асосий воситалар натурал ва қиймат кўринишида ҳисобга олинади. Агар асосий воситаларни натурал баҳолаш ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта қуроллантириш ва замонавийлаштириш масалаларини ҳал қилиш, асбоб-ускуналарни таъмирлаш учун уларнинг гуруҳ ва турлари бўйича графиклар тузиш, шунингдек, таъмирлаш воситаларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш имконини берса, қиймат бўйича баҳолаш эса асосий воситаларни қайта ишлаб чиқаришни режалаштириш, уларнинг мавжуд ҳажмини аниқлаш, амортизация ҳажмини белгилаш, асосий воситала ва
ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини таҳлил қилиш ва ҳоказоларда муҳим аҳамият касб этади.
Асосий воситаларни баҳолашнинг қуйидаги усуллари мавжуд: бошланғич қиймат бўйича – асосий воситаларни яратиш ёки сотиб олиш учун сарфланган харажатлар мажмуидан иборат бўлиб, асосий воситалар ёки уларнинг алоҳида қисмларини фойдаланишга топшириш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ бўлган – уларни келтириш, ўрнатиш каби харажатларни ҳисобга олган ҳолда юзага келувчи қиймат.
Масалан, битта машина ёки ускунанинг бошланғич қиймати корхонанинг мазкур машина ёки ускунани маълум бир санада сотиб олган ва бу ҳақда бухгалтерия ҳужжатларида қайд қилинган сотиб олиш нархидир.
Ҳақ эвазига сотиб олинган асосий воситалар объектининг бошланғич қиймати қуйидаги харажатлардан ташкил топади: а) активларни етказиб берувчиларга ҳамда шартнома бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажарганлик учун пудратчиларга тўланадиган суммалар; б) асосий воситалар объектига доир ҳуқуқни сотиб олиш (олиш) муносабати билан амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш йиғимлари, давлат божлари ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар; в) божхона божлари ва йиғимлари; г) асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо қилиш) муносабати билан солиқлар ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса); д) асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо қилиш) билан боғлиқ ахборий ва маслаҳат хизматлари учун тўланган суммалар; е) асосий воситалар объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар; ж) асосий воситалар объектини сотган воситачиларга тўланадиган ҳақлар; з) асосий воситаларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга туширишга оид харажатлар; и) активдан мўлжал бўйича фойдаланиш учун уни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни тўлашга доир харажатлар қарзга олинган сармоя ҳисобидан буткул ёки қисман
сотиб олинган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилмайди.
Корхонанинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб асосий воситаларнинг мазкур объектларини тиклаш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади.