Тхэквондо (Таэквондо)
Таэквондо (корейсча: таэ – оёқ, квон – қўл, до – йўл, яъни оёқ ва қўлларнинг ҳаракат йўли) – спорт кураши тури. Бунда эркак ва аёллар белгиланган майдончада ўз вазн тоифаларида (ҳимоя воситаларида) яккама якка олишиш ва махсус машқларни бажариш маҳоратини намойиш этиш борасида якка ва жамоавий тарзда оёқ-қўлларда зарбалар бериш ёки зарба ҳаракатларини қайд этиш бўйича мусобақалашадилар.
Таэквондода мусобақалар 2 йўналишда – Халқаро таэквондо федерацияси (ITF; 1966 йил тузилган, 140 дан ортиқ мамлакат аъзо) ва Жаҳон таэквондо федерацияси (WTF; 1973 йил тузилган, 140 дан ортиқ мамлакат аъзо) йўналишларида ташкил этилади. Таэквондо асли корейс халқининг кураш тури ҳисобланади. Милоддан 600 йил илгари корейслар жанг қилиш ва ҳимояланиш воситаси сифатида унинг усулларини қўллаганлар. Таэквондонинг ривожланишида субак, хваран ва бошқа кураш йўналишлари муҳим роль ўйнади. Таэквондонинг ITF йўналишига 1955 йил КХДРда асос солинган. Бу йўналишда спортчиларнинг бошга тепиши, белдан пастга зарба бериш, умуман, тананинг рухсат этилган қисмига ҳам оёқ билан тўлиқ зарба бериш тақиқланган. Шунингдек, қўл билан ҳам кучли зарба беришга рухсат этилмайди. Мусобақалар (5 та вазн тоифасида) 2 бўлимда (ҳар бўлим 2 минутдан, танаффус – 1 минут) давом этади. Аниқ, зарбаларга очко берилади. Махсус машқларни бажаришга маълум вақт ажратилади ва ижро техникаси баҳоланди. Таэквондонинг WTF йўналишига 1961 йил Корея Республикасида асос солинган. 2000 йил таэквондо (WTF) Сидней олимпиадаси дастуридан ўрин олди. Таэквондо (WTF) спортчиларнинг қўл оёқларда тананинг белдан юқори, олд қисмига зарбалар беришига рухсат этади. Мусобақалар (8 вазн тоифасида) спортчиларнинг ҳимоя воситаларини кийган ҳолида ташкил қилиниб, 3 бўлимда (ҳар бўлим 3 минутдан, танаффуслар — 1 минутдан) давом этади. Аниқ зарбаларга очко берилади. Ғолиб нокаутга ёки очколар кўплигига қараб аниқланади.
Ўзбекистонда таэквондо (ITF) 1989 йилдан оммавийлашди. Ўша йили Ўзбекистон таэквондо (ITF) федерацияси тузилди ва ITFгa қабул қилинди. Бу федерация 2000 йилда Ўзбекистон таэквондо (ITF) миллий ассоциацияси номи билан қайта рўйхатдан ўтди. Унинг вилоятларда бўлимлари тузилган, 40 дан зиёд таэквондо (ITF) клублари фаолият кўрсатади. 200 дан ортиқ мураббий 50 мингдан кўпроқ Таэквондочи билан шуғулланмоқда (2004). Ўзбекистон Республикасида таэквондо (ITF) мусобақалари мунтазам ўтказилади ва ўзбекистонлик спортчилар халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этишади. Пўлат Усмонов, Валерий Пак, Виктор Николаев ва бошқалар таэквондо (ITF) нинг Ўзбекистондаги дастлабки тарғиботчилари бўлишган. Эндиликда улар етакчилигида Ботир Мамедов, Дмитрий Ним, Насриддин Толипов, Шаҳноза Шуҳратжонова, Алефтина Ким, Моисей Ногай каби ўнлаб спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олишди. Ўзбекистонда 1990 йили республика таэквондо (WTF) федерациясига асос солинди. Бу федерация 1992 йилда Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси номи билан қайта рўйхатдан ўтди ва 1993 йилда WTFгa аъзо бўлди. Унинг вилоятларда бўлимлари бор, 10 та шаҳар таэквондо (WTF) клуби, туманлардаги тўгаракларида 200 га якин мураббий 17 мингдан зиёд Таэквондочи билан машғулот олиб боряпти (2004). Ўзбекистонда таэквондо (WTF) мусобақалари мунтазам ўтказиляпти ва спортчиларимиз халқаро мусобақаларда ҳам қатнашяпти. Олек Пак, Адик Ли, Алексей Кан ва бошқа таэквондо (WTF) нинг юртимиздаги дастлабки тарғиботчилари бўлишган. Евгений Хан, Эдуард Хегай, Равшан Тошпўлатов, Умид Дадахонов, Санжар Мансуров, Наталья Микрюкова каби спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли мусобақаларда медалларни қўлга киритишган.
Тхэквондо спортының пайда болу тарихы
Posted on 13 мая, 2019 by zero
Do'stlaringiz bilan baham: |