4.2. Давлат ҳудуди ва унинг белгилари
Давлат ҳудуди – ер майдони бўлиб, унинг доирасида давлатга хос бўлган ҳудудий устуворлик амалда бўлади. Мазкур майдон доирасида давлат олий ҳокимиятни амалга оширади ва уни тасарруф қилади, маъмурий асосда (бошқариш мақсадларидан келиб чиқиб) уни ташкил этади ҳамда унда (бутун ҳудудда ёки унинг қисмида) ҳуқуқий тартибни ўрнатади.
Давлатлар ўртасида давлат ҳудуди борасидаги ўзаро муносабатлари ҳар бир давлат учун хос бўлган халқаро ҳуқуқда белгиланган, хусусан, давлат суверенитетини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, уларнинг халқаро муносабатларда мустақиллиги, ҳудудий яхлитлик ва дахлсизлик, ҳар бир давлатнинг ҳудудий бирлиги каби императив нормалардан келиб чиқадиган ҳудудий устуворлик билан ифодаланади.
Давлат ҳудудининг ҳуқуқий тартибини ҳамда миллий ҳуқуқий тартиботни ўрнатиш ҳар бир давлатнинг ички ваколатига тегишлидир.
Ҳудудининг ҳуқуқий тартибини давлат ўз ихтиёри билан белгилайди, давлат халқаро ҳуқуқ ёки шартнома асосида халқаро-ҳуқуқий мажбурият олган ҳолатлар бундан истисно саналади.
Ички давлат ҳуқуқи давлат ҳудуди таркибига кирувчи табиий муҳитни ҳам инобатга олади ва табиатдан фойдаланиш тўғрисидаги (давлатнинг халқаро мажбуриятларини ҳам ифодаловчи) нормаларда уни сақлаб қолишнинг зарурий шарт-шароитларини белгилайди.
Давлат ҳудуди таркибига қуруқлик ва сувлар, ер ости бойликлари билан бирга қуруқлик ва сувлар устидаги ҳаво майдони киради. Уларнинг чегараси давлат чегараларини белгилайди.
Давлатнинг қуруқлик ҳудуди унинг чегараси доирасидаги барча қуруқлик майдонларидир.
Давлатнинг сув ҳудудини ички (миллий) сувлар ва ҳудудий денгиз ташкил этади. 1982 йилда қабул қилинган БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, ички сувларга:
денгиз сувлари, хусусан, ҳудудий денгиз кенглигини ўлчаш учун қабул қилинган давлат-архипелагларнинг қирғоқдан тўғри чизиқ бўйича жойлашган сувлари;
портлар сувлари;
бўғоз сувлари, агар уларнинг қирғоқлари бир давлатга тегишли бўлса ҳамда 24 денгиз милясидан ошмаса, шунингдек, «тарихий» бўғозлар киради.
Қуруқлик ва сув ости бойликлари, улар қандай чуқурликда жойлашганидан қатъи назар, давлат ҳудуди таркибига киради.
Давлатнинг ҳаво ҳудудини унинг қуруқлик ва сув чегаралари доирасида жойлашган ҳаво майдони ташкил этади.
Давлат ўз ҳудуди доирасида устуворликни амалга оширади. У ҳудудий устуворлик деб номланади ва давлат суверенитетининг таркибий қисмини ташкил этади. Давлат устуворлиги мазкур давлат ҳокимияти унинг ҳудуди чегарасидаги барча шахслар ва ташкилотларга нисбатан олий ҳокимият эканлигини англатади.
Давлат ҳудуди мазкур давлат ҳокимияти амалга ошириладиган макон бўлибгина қолмай, балки унинг таркибий қисмлари: қуруқлик ва сувлари, ҳаво макони ва ер ости бойликлари билан бирга табиий муҳитдир.
Ҳеч ким давлатни унга тегишли ҳудуд ва албатта, табиий бойликлардан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Давлат ҳудуди, хусусан ер ва ер ости бойликлари, хорижий давлатлар ҳамда уларнинг юридик ва жисмоний шахслари томонидан ҳудудий сувереннинг розилигисиз фойдаланилиши мумкин эмас.
Халқаро муносабатларда ўз давлати номидан иштирок этувчи давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий органлари халқаро муносабатларда ҳудудни тасарруф қилиш ваколатига эгадирлар. Бундай ваколатлар, агар улар мамлакатнинг конституциявий қоидаларига тўғри келсагина, қонуний ҳисобланади. Халқаро муносабатларда мазкур ваколатлардан фойдаланиш, қачонки улар халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойил ва нормаларига мувофиқ келса, қонуний (ҳуқуқий) ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |