ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЙ ИНТЕГРАЦИЯ ВА ЎЗБЕКИСТОН
1-мавзу. Халқаро иқтисодий интеграциянинг назарий концепциялари ва объектив зарурияти (1 соат)
Режа:
1.1. Халқаро иқтисодий интеграциянинг мазмуни ва моҳияти
1.2. Халқаро иқтисодий интеграция концепциялари
1.3. Иқтисодий интеграция: назарий қарашлар таҳлили
1.1. Халқаро иқтисодий интеграциянинг мазмуни ва моҳияти
Жаҳон хўжалиги ривожининг замонавий босқичида сайёрамизнинг барча қитъаларида интеграцион жараёнларнинг турли шаклларини кўришимиз мумкин.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб етакчи индуцриал мамлакатларнинг тез тараққий этиши, шунингдек, халқаро транспорт ва коммуникация воситаларининг такомиллашуви натижасида халқаро товар ва хизматларнинг юқори суръатларда ривожланиши юз берди. Халқаро савдо билан бир қаторда ишлаб чиқариш омилларининг (капитал, ишчи кучи ва технологиялар) халқаро ҳаракати ҳам ривожланиб борди. Яъни, тайёр маҳсулот билан бир қаторда ишлаб чиқариш омиллари ҳам мамлакатлараро кўча бошлади. Товар баҳосида ўз аксини топган фойда нафақат миллий чегара доирасида, балки хорижда ҳам яратилди. Буларнинг барчаси иқтисодий интеграциянинг вужудга келишига замин яратди.
Интеграция - (лат.integer-бутун) мустақил хўжалик фаолиятининг миллий, минтақа ва халқаро миқёсда ўзаро қўшилиб яхлит хўжалик тизимини ташкил этиши.
Иқтисодий интеграция — турли корхона ва тармоқларнинг, шунингдек, мамлакатларнинг ишлаб чиқариш сохасида бир-бирига яқинлашуви, улар ўртасида узвий иқтисодий алоқалар ўнатилиши, мамлакатлараро ягона умумий хўжаликнинг шаклланиши жараёни. Иқтисодий интеграция бутун бир мамлакатлар миллий хўжаликлари даражасида, шунингдек, корхоналар, фирмалар, компаниялар, корпорациялар даражасида ҳам кузатилади. Иқтисодий интеграция ишлаб чиқариш-технологик алоқаларнинг кенгайиши ва чуқурлашувида, ресурслардан ҳамкорликда фойдаланиш, капиталларни бирлаштиришда ҳамда иқтисодий фаолиятни амалга ошириш жараёнида бир-бирига қулай шароитларни яратишда, ўзаро тўсикларни олиб ташлашда намоён бўлади.
Иқтисодий интеграция - мамлакатлар ўзаро иқтисодий ҳамкорлигининг натижаси бўлиб, у хўжалик механизмларининг яқинлашувига олиб келади ва бу яқинлашув давлатлараро битимлар шаклини олади ҳамда тегишли давлатлараро органлар томонидан тартибга солинади.
Халқаро иқтисодий интеграция бу - миллий хўжаликлар (давлатлар) ўртасида кўп томонлама ўзаро барқарор алоқаларнинг ривожланиши ва меҳнат тақсимоти негизида юзага келган мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий жиҳатдан бирлашуви бўлиб, ишлаб чиқариш тармоқларининг турли даражада ва турли кўринишдаги ўзаро алоқадорлигини ифода этади.
Халқаро иқтисодий интегpация - мамлакатларнинг чуқур, барқарор ўзаро алоқаларнинг ривожланиши ва миллий хўжаликлар ўртасидаrи меҳнат тақсимоти асосида улар хўжалик – сиёсий алоқаларининг бирлашиш жараёнларидир.
Халқаро иқтисодий интеграция жаҳон хўжалиги ривожининг тарихий жиҳатдан узоқ давр давом этган натижаси ҳисобланса-да, биринчи президентимиз И. Каримов таъкидлаб ўтганларидек, ҳозирги кунда ҳам мамлакатларнинг Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув жараёнида ҳал этилмаган кўпдан-кўп муаммолар мавжужки, бизнинг Республикамиз учун бу ташқи иқтисодий ва валюта сиёсатини янада эркинлаштиришдан иборат.
Ҳозирги кунда интеграцион жараёнлар тўғрисида мутахассислар орасида ягона қарашлар консепсияси мавжуд эмас. Бир гуруҳ иқтисодчи олимлар интеграцияни жаҳон мамлакатлари ўртасида янги товарлар оқимини шакллантириш орқали «ресурслар чекланганлиги» муаммосини бартараф этиш йўли деб талқин этишса (бу орқали жаҳон мамлакатларида нисбатан серхаражат товарлар ишлаб чиқаришга чек қўйилиб, технологик айирбошлашни кенгайтириш имкониятини беради, яъни, илмий-тадқиқот ва тажриба конструклорлик ишлари (ИТТКИ)га харажатларни камайтириш имконини беради), бошқа бир гуруҳ олимлар интеграцияни талаб этувчи дастлабки туртки сифатида ноиқтисодий омилларни илгари суради (масалан, мамлакат мудофа қобилиятини мустаҳкамлаш ва бошқалар). Учинчи бир гуруҳ иқтисодчилар эса интеграция бу - ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлик каби мақсадларга енгилроқ ва тезроқ эришиш имкониятини беради, деб ҳисоблашади. Хуллас, у ёки бу назарий ёндашувларни умумлаштирган ҳолда шуни қайд этиб ўтиш керакки, интеграция бу - ҳудудий миқёсда сифат жиҳатидан янги иқтисодий муҳитни яратиши йўли орқали миллий хўжалик комплексларининг ўзаро яқинлашиши ва бир-бирига кириб бориши жараёнидир.
Жақон иқтисодиётининг ривожланиши мамлакатларга халқаро иқтисодий алоқаларини таркибий жиқатдан такомиллаштиришга, миллий иқтисодиётни ривожлантириб, минтақавий интеграцион бирлашмаларда уюшган ҳолда фаолият олиб бориш имкониятини яратади.
Минтақавий интеграция жарёнларида мамлакатлар иштироки, давлатлараро савдонинг ривожига, эркин рақобатнинг турли шаклланишига, халқаро мехнат тақсимотининг чуқурлашувига, жахон бозорига кириб бориш имкониятининг ортишига замин яратиб беради. Иқтисодий интеграциянинг ахамиятини Ўзбекистан Республикаси биринчи президенти И.Каримов «Давлатлар эмас, уларнинг мафкура ва сиёсатдан холи иқтисодиёти ва бозорлари интеграциялашуви лозимлигини алохида қайд этишни истар эдим"1, деб аниқ кўрсатиб берган. Шундай қилиб Ўзбекистан жахон хужалилигига интеграциялашуви жараёнини хар қандай сиёсат ва мафкурадан холи тарзда амалга оширади.
Иқтисодиётда қўлланиладиган бир қатор атамалар каби "интеграция" атамаси ҳам лотин тилидан кириб келган бўлиб "қисмларни бутунлик таркибида бирлаштириш" маъносини ифодалайди. Машхур "Oxford English Dictionary" луғатида юқоридаги таъриф илк бор 1920 йилда ишлатилганлиги маълум қилинади2.
Do'stlaringiz bilan baham: |