Ҳудудий гравиметрик хариталаш натижаларини геологик талқин қилиш.
Ернинг ҳамма территориялари 1:500000 ва ундан майда масштабли ҳудудий хариталаш билан қопланади. Мақсади – Ер қобиғининг тузилишини ўрганиш, қалинлигини баҳолаш, тектоник районлаштириш, катта тузилмаларни аниқлаш, пойдеворнинг тузилишини ўрганишдир. Натижалар сифатли талқин қилинади. Агар, таянч сейсмик профиллар бўлса, гравиметрик натижалар миқдорли талқин қилинади. Континентлар ва океанлар, катта ҳудудларни тадқиқотлари натижасида Ер қобиғининг қалинлиги (H) ва оғирлик кучи аномалиялари орасида корреляцион боғланиш борлиги аниқланган.
Г еосинклинал соҳалар кучли манфий аномалиялар билан (-560 мгалгача) белгиланади; платформалар кучсиз (±100мгалгача) ҳар хил ишорали аномалиялар билан тавсифланади; океанларда – мусбат (+400) аномалиялар кузатилади. Ер қобиғи қалинлиги кичик бўлса, аномалиянинг кучланганлиги ошади. Ер қобиғи остида ётган жинсларнинг зичлиги (3.2г/см3) устида ётганларга (2.7 г/см3) нисбатан катта бўлганлиги учун график чизиғи Мох чегараси релъефининг шаклини қайтаради (расм 22).
Платформаларда чўкиндиларнинг қалинлиги катта бўлганда (2-3 км дан кўп) чизиқ кристаллик пойдеворнинг юзасини таърифлайди: бунда максимумларига пойдеворнинг кўтарилишини, минимумларига пойдеворнинг эгилишини кўрсатади. Пойдеворнинг ётиш чуқурлиги кичик бўлган (2 км гача) участкаларда чизиғи пойдеворнинг таркибини ва юзасининг тузилишини таърифлайди. Ҳудудий тушилма-узилмалар, поғоналар ҳам гравиразведкада яхши хариталанади, бу ерда чизиғида зинасимон аномалиялар ҳосил бўлади, харитада эса, улар устида чўзиқ аномалиялар кузатилади.
Гравиразведканинг қўлланилиши.
Гравиразведка Ер пўстининг чуқурдаги геологик тузилишини ўрганишда, тектоник районлаштиришда, геологик хариталашда, нефть ва газга истиқболли тузилмаларни, ҳар хил фойдали қазилма конларини қидиришда ва ўрганишда, гидрогеология ва муҳандислик геология масалаларини ечишда қўлланилади. Ер пўстининг тузилишини ўрганишда, ҳудудий гравитацион аномалия чуқурликдаги сейсмик азмойишлаш усули (гсз) ёрдамида Ер пўстининг қалинлиги баҳоланади ва турли участкаларга ажратилади. Гравиразведка далиллари платформалар ва геосинклинал соҳалар чегараларини аниқлашда ҳамда уларнинг оралиғини майда масштабли хариталаш далиллари бўйича йирик тектоник тузилмаларни ажратишда ёрдам беради.
Гравиметрик ишларнинг асосий қисми 1:200000 дан 1:50000 масштабдаги дала хариталашларига тўғри келади. Платформа соҳаларида бу ишлар бўйича пойдеворнинг чуқурлиги, унинг ички тузилиши ўрганилади, чўкинди қалинлигидаги бурмаланган ва узилмали тузилмалар аниқланади, артезиан ҳавзалари ажратилади ва ўрганилади. Баъзи районларда ушбу масштабдаги юқори аниқли гравиметрик хариталаш далиллари бўйича тўғридан – тўғри нефт ва газ уюмлари изланади. Нефт ва газ уюмлари таъсирида ҳосил бўлган оғирлик кучи маҳаллий аномалиянинг кескинлиги кичик бўлади (0.5 - 1.0 мгал).
Шу масштабдаги хариталаш далиллари бўйича таркиби ҳар хил бўлган интрузив массивлар ажратилади, алоҳида бурмаланган тузилмалар чегаралари белгиланади, ёши ҳар хил бўлган жинс мажмуалари чегаралари белгиланади, йирик узилмали бузилишлар аниқланади. Ушбу далилларнинг ҳаммаси турли фойдали қазилмаларга истиқболли майдонларни ажратишда ишлатилади. Маъдан конларини қидиришда 1:25000 ва ундан йирик масштабдаги гравиметрик хариталаш ишлари ўтказилади. Хромитлар ва мис – колчедан маъданларини, қўрғошин - рухли, темир маъданларини қидиришда гравирозведка яхши натижа беради (уларнинг зичлиги баланд бўлгани сабабли мусбат аномалия кузатилади). Гравиметрик хариталаш магниторазведка билан бирга олиб борилади.
Пегматит, корунд, барит томирларини қидиришда гравиразведка кенг қўлланилади. Уларнинг зичлиги юқори бўлганлиги учун мусбат аномалия кузатилади. Минерал тош туз конлари манфий аномалиялар билан кузатилади (тузнинг зичлиги паст). Гравиразведка гранитоид массивларини ўрганиш учун қўлланилади. Гранитоид массивлар юзаси кўтарилган баъзи участкалари билан Қозоғистон ва Байкал ортида вольфрам, молибден, олтин, қалай конлари боғлиқ. Ундан ташқари гравиразведка муҳандислик геологиясидаги баъзи масалаларни ечишда ҳам қўлланилади (ўпирилишларни ва карстларни ўрганишда, карстлар билан бокситлар ва чучук сувлар боғлиқ бўлган конларни ўрганишда, тектоник бузилмаларни аниқлашда ва бошқа).
Do'stlaringiz bilan baham: |