СИЁСИЙ (ДАВЛАТ) РЕЖИМИ - бу давлат ҳокимиятини амалга оширишда қўлланиладиган усул, услуб ва воситалар йиғиндисидир. Сиёсий (давлат) режимининг қуйидаги турлари мавжуд: а) демократик; б) нодемократик.
Демократик сиёсий (давлат) режимига қуйидаги белгилар хос: 1) иқтисодий фаолият соҳасида шахснинг эркинлиги; 2) шахсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатланганлиги; 3) давлат ҳокимияти характерига халқ томонидан тўғридан-тўғри таъсир қилишнинг самарали механизмини мавжудлиги; 4) шахснинг қонунсизлик ва ҳокимиятнинг ҳар хил суистеъмол қилишлардан ҳимояланганлиги; 5) жамият ҳаётига оид бўлган энг муҳим масалалар бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг кўпчилик томонидан озчиликнинг манфаатлари максимал даражада эътиборга олинган ҳолда қабул қилиниши; 6) сиёсий тизимнинг бошқа элементлари билан бўлган муносабатларда кўпфикрлиликка амал қилиш; 7) давлатнинг барча органлари фаолиятининг қонунийлик тамойилига бўйсуниши; 8) ҳокимият ваколатларининг тақсимланганлиги ва бошқалар.
Нодемократик сиёсий (давлат) режимига қуйидаги белгилар хос: 1) ижтимоий ҳаётининг барча соҳалари устидан давлатнинг тўла назорати ўрнатилганлиги; 2) жамоат ташкилотларининг давлат томонидан назорат қилиниши; 3) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда тадбиқ этилмаслиги; 4) оммавий-ахборот воситалари устидан тўла назоратнинг ўрнатилиши, цензуранинг мавжудлиги; 5) ягона партия диктатурасининг ўрнатилганлиги; 6) расмий мафкурага мос келмайдиган диний, сиёсий ва бошқа қарашлар учун таъқиб остига олиниши; 7) давлат ҳокимиятини амалга оширишда қонунийлик тамойилига амал қилинмаслиги; 8) ҳокимиятнинг қатъий марказлашганлиги ҳамда давлат бошлиғи шахсининг илоҳийлаштирилиши ва бошқалар.
СИЁСИЙ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАР - шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа бир қатор ҳуқуқлар билан бирга фуқаролар асосий конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари гуруҳларидан бири. Фуқароларга мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётида иштирок этиш имконини беради. Жамиятни ва давлатни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, сайлов ҳуқуқлари, бирлашиш ҳуқуқи (уюшмалар эркинлиги), мажлис ва намойиш эркинлиги, ахборот эркинлиги ҳуқуқини ўз ичига олади. Сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиш одатда шу давлат фуқаролигига мансуб бўлишга боғлиқ бўлади.
СТАТУС - ҳуқуқ субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мажмуини ифода этувчи, ҳуқуқ нормалари билан белгиланган ҳолат.
СТАТУТ (инг. statut кейинги лот. statutumдан, лот. statoдан - қарор қиламан, ҳал қиламан) - инглиз-саксон ҳуқуқ тизимидаги қатор мамлакатларда айрим қонунчилик ҳужжатларининг номи. Статутда берилган нормалар статут ҳуқуқини шакллантиради, у инглиз-саксон ҳуқуқ тизимидаги мамлакатларда умумий ҳуқуқ билан бирга амалда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |